Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2024, Тошкент вақти: 01:39

Президентнинг ҳаëти ва ўлими


Ўзбекистон, деб аталган Юрт¸ ўзбекистонликлар деб аталувчи ва нуфузи бугунга келиб қарийб 32 миллион кишига етган Халқ ҳаëтидаги кейинги 27 йиллик давр "Ислом Каримов даври" сифатида тарихга кирди. Расман 1989 йилнинг 23 июнида дунëга келган бу давр умидлар, сароблар ва армонлар фаслларидан иборат кўрилмоқда. Каримовнинг умр йўли тугаган шу кунда унинг даврига Озодлик билан турли йилларда суҳбатда бўлган сиёсатчилар, Ўзбекистон сиёсий мухолифати вакилларию журналистларнинг нигоҳи билан қарашга ҳаракат қилдик.

Қарши - Москва - Тошкент

Бундан 27 йил аввал Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси марказий комитети биринчи секретари лавозимига тайинланди.

Ўша давр тутумларига кўра, Марказқўм биринчи секретари республиканинг тўлақонли раҳбари ҳисобланар эди.

1989 йилнинг жазирама ëзи. Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари (Марказқўм биринчи секретари) Рафиқ Нишонов Москвага ишга тайинлангани боис, у эгаллаб турган лавозим бўш қолди.

Ўзгаришлар истагидаги миллионлаб кўзлар бу жойга ўзбек халқи дардларига дармон бўладиган шахс келишини истар эди.

Журналист Исмат Хушев ўша пайтда Москва Съездлар саройи емакхонасида ўзи гувоҳ бўлган бир суҳбатни эслади.

Мен ўша пайтда бир кун келиб Ислом аканинг Рафиқ Нишоновнинг ўрнига келишини тасаввур ҳам қилмаган ҳолда Ислом акага “Бунинг ўрнига яна бир лўттибоз келар эканда,” дедим.

- Ана ўшандай ўтиришларнинг бирида Ислом ака “Михаил Горбачëв ҳамма обком биринчи секретарларини тўплаб¸ Рафиқ Нишоновни Миллатлар советига раис қилиб олиб қолсак. Қўллаб-қувватланглар¸ деб айтди, деди. Нишонов даврида Бирлик халқ ҳаракати тузилиб¸ унинг митингларида юрар эдик. Рафиқ Нишонов қўлидан келганча қаршилик қиларди. Мен ўша пайтда бир кун келиб Ислом аканинг Рафиқ Нишоновнинг ўрнига келишини тасаввур ҳам қилмаган ҳолда Ислом акага “Бунинг ўрнига яна бир лўттибоз келар эканда,” дедим. У киши менга ялт этиб қараб қўйди¸ дея эслайди Исмат Хушев.

Бу суҳбатдан сал ўтиб 1989 йилнинг 23 июнида Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Компартияси марказий комитетининг биринчи секретари (Ўзбекистон раҳбари, деб ўқинг) лавозимига тайинланди.

Президентнинг ҳаëти ва ўлими
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:30:00 0:00
Бевосита линк

Исмат Хушев¸ Москвада "отамлашгани" Ислом Каримовнинг Ўзбекистон комфирқаси раҳбари этиб тайинланганидан боши осмонга етганини айтади.

- 1989 йилнинг 23 июнида Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг навбатдан ташқари пленуми чақирилди. Мен ўша куни “Ўзбекистон адабиëти ва санъати” газетасининг редакциясидан чиқиб кетаëтсам¸ “Правда востока” газетасининг бош муҳаррири Рубин Акопович Сафаров кўйлагининг ëқасини очиб¸ бўйнида галстук¸ костюмини орқасига ташлаб¸ ҳаяжонланиб келаëтган экан. “Ҳа¸ Рубин Акопович¸ қалайсиз?” десам¸ “Слушай¸ твой земляк стал Первым секретарëм ЦК Компартии” деди. Ҳайрон бўлдим. “Кто?” десам¸ "Каримов"¸ деди. Мен учун бу жуда ҳам кутилмаган ҳол бўлди. Мен Ислом аканинг Компартияга биринчи секретарь бўлишини хаëлимга ҳам келтирмаган эдим. Бунинг устига икки ҳафта олдин Москвада жуда қадрдон бўлиб қолган¸ икки ҳафта бир столда ўтириб овқатланган¸ гоҳ-гоҳида биргалашиб 50 грамм ичган одамнинг кутилмаганда Компартиянинг биринчи секретари бўлганини эшитиб¸ қувончим ичимга сиғмай¸ бир сакраб Рубин Акоповичнинг бўйнига чиқиб олиб қучоқлаб¸ ëпишсам¸ Рубин Акопович “Сен нима тентак бўлдингми?” деб зинапояга ўтириб қолди¸ дея эслайди Исмат Хушев.

Ўша пайтда Ислом Каримов Қашқадарë обкомининг биринчи секретари ва айни пайтда СССР халқ депутати эди ва унинг номзодини СССР Ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе ҳам Озодликка 2009 йили берган суҳбати чоғида қўллаб-қувватлаганди.

- Мен ўшанда ҳам¸ ҳозир ҳам бу энг тўғри танлов бўлган эди, деб ҳисоблайман. Мен ўша пайтда Каримов билан бир неча марта учрашганман. Ўзбекистонда ҳам бўлганман. Орамизда дўстона муносабатлар бор эди¸ деб эслаган эди Эдуард Шеварднадзе.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Шеварднадзе Каримов номзодига қаршилар ҳам бўлганини эслар экан, бундай деган эди:

- Шундай онлар бўлдики¸ унинг номзодига эътироз билдирганлар ҳам топилди. Аммо ўшандаги умум кайфият Каримов фойдасига ишлади.

Умидлар фасли

Каримовнинг елканига шамол пуфлаган ўша даврдаги кайфият шамоли номи умид эди¸ деб эслайди ўша пайтда Ўзбекистон ССР Ëзувчилар Союзи секретари бўлган Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳга кўра¸ Ислом Каримов ҳокимиятга келиши биланоқ ўзининг мустабидликка мойиллигини намоëн қила бошлаган.

Муҳаммад Солиҳ: Оптимистик руҳ бор эди ва ўша даврнинг оптимистик руҳидан озгина....

Озодлик: Умид бор эди. Ўша пайтда норасмий деб ҳисобланган гуруҳлар¸ хусусан мухолифат вакиллари билан учрашади¸ деган умид бор эди. Кейин учрашди ҳам. Ўша учрашув қанақа бўлди?

Муҳаммад Солиҳ: Учрашув маъносида¸ мухолифат билан Нишонов ҳам учрашар эди. Нишоновнинг иккинчи секретари Анишчев ҳам биз билан учрашган. Биз Каримовдан олдинги ҳукуматга жуда қаттиқ танқидий фикрда эдик ва танқидий фикрларимизни уларнинг юзига очиқ айтар эдик. Ҳатто улар бизни қабул қилганда ҳам уларнинг кабинетида ўтириб¸ уларни танқид қилар эдик. Биз қайта қуриш берган эркинликдан шу қадар маст бўлган эдикки¸ шу эркинликлар ҳам бизга оз кўринган эди ва биз Рафиқ Нишоновни золим бўлмаса ҳам¸ авторитар деб танқид қилиб¸ унинг ўрнига бўладиган ҳар қандай киши бундан яхши бўлиши керак¸ деган фикрда эдик. Биз шу яхши кишини кутаëтган эдик ва Каримов келди. Каримов келганидан кейинги 10-15 кун ичида шахсан мен шундай умид билан яшадим. Каримов биринчи секретарь бўлганидан бир ҳафта ўтиб¸ мен у пайтда Ëзувчилар уюшмаси котибларидан биттаси эдим¸ мени чақирди ва “Мана энди сиз билан бирга ишлаймиз. Мана Бирлик халқ ҳаракатини қурдингизлар. Бу халқ ҳаракати. Биламан¸ сизларга Нишонов йўл бермади” деган гапларни гапирди. Кейин маълум бўлишича¸ бу унинг тактикаси экан. У умидни уйғонтирувчи баъзи нарсаларни гапирди ва биз у ердан илҳомланиб қайтдик¸ дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

"Умид кайфияти ўзгаришлар ва ўтиш даврининг собит йўлдошидир"¸ деган эди Озодлик билан суҳбатда 80- йиллар охири, 90- йиллар бошларида мухолифат сафларида бўлган марҳум Абдуманноп Пўлатов:

- Раҳбарнинг ўзгариши ҳар доим “Қандай ўзгаришлар бўлади” деган саволларни туғдиради ва бир қисм одамда ижобий ўзгаришларга умид кучаяди. 20 йил олдин Рафиқ Нишоновнинг ўрнига Ўзбекистон раҳбарлигига Ислом Каримов келганида¸ ўзбек тилини давлат тили қилиш шиори халқ орасида кенг тарқалган ва халққа яқин бўлган шиор эди.

- Раҳбарнинг ўзгариши ҳар доим “Қандай ўзгаришлар бўлади” деган саволларни туғдиради ва бир қисм одамда ижобий ўзгаришларга умид кучаяди.

Рафиқ Нишонов ҳукумати “Ўзбекистонда иккита тил давлат тили бўлади. Яъни аввалги вазият янада мустаҳкамланиб қолади” деган фикрни матбуот орқали расман айтиб¸ қонун лойиҳасида айтиб келаëтган пайтда¸ янги раҳбарнинг норасмий ташкилотларга муносабат масаласида¸ сиëсий эркинликлар масаласида муносабати ижобийроқ бўлади¸ деб умид қилинган эди. Ростдан ҳам озгина вақт давомида шундай ижобий кичик қадамлар бўлган¸ дея эслаган эди Абдуманноп Пўлатов.

Янги раҳбар билан мулоқот қилишга¸ ундан умид туйғуси собит бўлгани тўғрисида эслайди журналист Анвар Усмонов:

- Дастлабки ойларда Каримовга бизларда жуда ишонч бор эди. Менда ҳам ишонч бор эди. Мен бир-икки марта Каримов билан учрашдим. У ўзини анча тушунадиган¸ яхши одам қилиб кўрсатган. Менинг у ҳақда фикрим яхши эди. Янги раҳбар¸ тушунадиган раҳбар¸ замонавий раҳбар¸ биз билан мулоқотда бўлган раҳбар¸ деб бизда анча ишонч бор эди у кишига¸ дейди Анвар Усмонов.

Ўша пайтда Беларус раҳбари бўлган Станислав Шушкевичнинг фикрича, Каримовни ҳокимият тепасига кайфият шамолида чирпирак бўлиб учиб келган? дейиш билан фикр кемтик бўлиб қолади:

- Каримов менда яхши таассурот қолдирган. Ўрта Осиëнинг ўша пайтдаги бошқа раҳбарларидан у мантиқли фикрлаши¸ ўринли мулоҳазалари билан фарқланар эди.

- Бу киши менда яхши таассурот қолдирган. Ўрта Осиëнинг ўша пайтдаги бошқа раҳбарларидан у мантиқли фикрлаши¸ ўринли мулоҳазалари билан фарқланар эди. Мен уни эски даврда тобланган изчил совет мутахассиси сифатида танидим¸ дейди Станислав Шушкевич.

Шамоллар, сўнг коррупция фасли

Каримовнинг иқтидорга келиши арафасида Ўзбекистонда ижтимоий-сиëсий бўҳрон қайнаган¸ миллатлараро низолар боис¸ мамлакатнинг қатор нуқталарида комендантлик соати жорий қилинган эди.

Бу даврга Каримовнинг ўзи “Тўрт томондан уруш бўлаëтган пайт”¸ дея баҳо берган эди.

- Бугунги Ўзбекистонда катта кураш кетаяпти. Бир томондан эмас¸ тўрт томондан кураш кетаяпти¸ деган эди 1991 йилги сайловдан олдин Наманганда обком биносини ишғол қилган диндорлар билан учрашган Ислом Каримов.

Каримов иқтидорга келиш арафасида минглаб ўзбекистонликлар пахтани қўшиб ëзишда айбланиб¸ ҳибс қилинган эди. Қашқадарëда ишлаганимда яқинлари қамалган минглаб одам менга арз қилиб келишган эди¸ деб эслайди кейинчалик Каримов.

- Мен 1987 йилда Қашқадарëга биринчи марта борганимда 1500 одам қамалган эди. Ҳамма акамни¸ опамни чиқариб беринг¸ деб келар эди¸ деб эслаган эди Ислом Каримов.

"Ўзбеклар иши"¸ "Пахта иши" деб номланган жараëн терговчиси Тельман Гдлян Каримов тайинланган пайтда ҳам Ўзбекистонда эди.

Каримов тарафдорларининг фикрича, мустақилликнинг дастлабки йилларида у "Пахта иши"дан жабр кўрганларга нисбатан қилинган адолатсизликка барҳам беришга уринди.

80-йилларда ўзбекларни порахўр, деб қийратган Тельман Гдлян¸орадан йиллар ўтиб, ​бундан 7 йил олдин Озодлик билан суҳбатда янги Ўзбекистондаги порахўрлик кўламидан ҳайратдалигини айтган эди.

- Бу хизматкорлар пастдан ўмариб¸ юқорига ҳам узатиб туриш ҳадисини олган эдилар. Аммо бу хизматкорлар Совет иттифоқи назоратидан қутилиб¸ мустақил бўлганларидан кейин уларнинг ўғирликлари фантастик кўлам касб қилди. Совет ҳукуматини ағдарганларни Тошкентдаги Олой бозорида оëғидан осиш керак¸ деган эди Гдлян.

Бундан 27 йил олдин Ўзбекистон раҳбарлигига келтирилган Каримов Намангандаги диндорлар билан учрашув пайтида “Менга мансаб керак эмас. Мансаб¸ пул мол-мулк ишқида ëнганлар учун керак”, деган гапни айтган эди.

- Менга ҳам тинчлик керак. Мана битта қизим турмушга чиқди¸ яна битта қизим бор. Бошқа ҳеч ким йўқ. Қўлимда касбим бор. Менга амал керак эмас. Амал кимга керак? Амал пул оладиганларга керак¸ деган эди 1991 йилги илк президент сайловидан олдин Наманганда обком биносини ишғол қилган диндорлар билан учрашган Ислом Каримов.

Каримов бу гапни мансабга энди ўтирган бир пайтда айтди.

Бу гап айтилган пайтда¸ XX аср тугашига ҳали 10 йил бор эди. Ҳали Талабалар шаҳарчасида талабаларга қарата ўқ отилмаган¸ ҳали Тошкент марказида бомбалар портламаган¸ ҳали Андижондаги тинч намойишчилар ҳам қўрғошин ëмғири остида қолишмаган эди. Бугунги кун билан ўртада қарийб чорак аср бор эди.

- Совет ҳукумати пайтида 1000 сўм ўмарган мулозимлар мустақил бўлганларидан кейин миллиардларни ўғирлашди.

- Совет ҳукумати пайтида 1000 сўм ўмарган мулозимлар мустақил бўлганларидан кейин миллиардларни ўғирлашди. Алдашди¸ қаллоблик қилишди¸ бутун мамлакатни¸ бутун хусусий мулкни прихватизация қилишди. Мана шунақа бандитлар бугунги кунда омадли шахслар ҳисобланади. Ахир, бу бандитлар манерасику! Мен бу нарса ҳақида ҳеч нарса демайман. Бу ўзбек халқининг ички иши. Кимнинг нима ўғирлаганига уларнинг ўзлари баҳо беришсин. Бугунги кунда нима бўлаëтгани¸ Ўзбекистонда ким қандай қилиб нимани ўғирлаëтгани мен учун ҳам¸ ўзбек халқи учун ҳам қизиқ¸ деган эди Тельман Гдлян Озодликка берган суҳбатида.

Саробга дўнган умидлар фасли

Ўзбекистон каби муҳим бир республика жиловини қўлига олган Каримов¸ ишни вилоятларга сафардан бошлади. Аввалига Қашқадарë¸ кейин Хоразм¸ кейин Фарғона водийси.

Курсига ўрнашган сайин Каримов табиатидаги авторитаризмга мойиллик кучая борди¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ: Барибир ҳам менинг кўнглимда шубҳа қолди ва мен буни америкалик тадқиқотчиларга интервью бераëтганимда айтдим. “Каримов бизга умидбахш гапларни айтди¸ лекин буни вақт кўрсатади. Ҳали бир нарса деб айтиш қийин” деб айтганман. Надя Дюк деган хоним қайта қуришнинг сўнгги даврлари ҳақида “Миллатнинг туғилиши” деган китоб чиқарди. У ўша китобида 1989 йил июн ойининг охирларида менинг айтган айнан шу гапларимни босиб чиқарди. Биз ҳақиқатан умидвор бўлдик¸ лекин бу умидимиз бир неча ой давом этди. Бу бир неча ойдан узоққа чўзилмади.

Озодлик: Умидлар қачон дарз кета бошлади?

- 1989 йилда бизга Бирлик халқ ҳаракатининг программасини босиб чиқариш учун “Ëш ленинчи” газетасидан жой ажратиб беришди. Ана шундан кейин Бирлик халқ ҳаракатининг аъзоларига ва Ëзувчилар уюшмасига очиқдан-очиқ тазйиқ ўтказила бошланди. Ҳукумат биз билан яхши гаплашади¸ лекин бизнинг аъзоларимизни ҳар ерда ҳибсга олиб¸ уч кун қамаб чиқариб юбориб¸ шунақа таҳдид¸ ҳатто Нишонов даврида кўрилмаган репрессия бошланди. Лекин биз ҳаракат қилишда давом этдик. Чунки Совет иттифоқининг йиқилиш даври келган ва ҳаво бутунлай ўзгарган эди. Каримов фактори олдинга чиққан фактор эмас эди. Совет иттифоқи каби буюк бир империя йиқилар экан¸ Каримовнинг кичкина диктаторлиги унинг соясида қолиб кетди ва Каримов бундан яхши фойдаланди. У 1989 йилдаëқ ўзининг характерини очиқ кўрсатди¸ дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

Журналист Анвар Усмонов Каримов калтагига дуч келган илк зиëлилардан бири бўлди. Бу калтак бошимизда синар экан¸ одил раҳбар ҳақидаги умидлар тутундай тарқади¸ деб эслайди Усмонов.

Анвар Усмонов: Секин-секин менга ҳам¸ бошқаларга ҳам тазйиқлар бошланди. Митингни таъқиқлашди. Митингларни таъқиқлашди¸ аммо пикет ўтказиш мумкин эди. Ëздан бошлаб секин-секин ҳаммамиз қамоқда бўлдик. Ëдгор Обид ва Шуҳрат Исматуллаевнинг бошига хулиганлар труба биланми¸ нима биландир уриб¸ бу бечоралар 20 кун касалхонада ëтиб чиқишди. Биз ўша пайтда ҳам тазйиқлар бошланганини билмадик. Биз у пайтда “Сиëсий шамол совуқ бўлиб қолди. Кейин исийди” деб ўйладик. Йўқ¸ бу бунақа эмас экан. Каримовнинг сиëсати шунақа экан. Ўшанда мен ҳамма нарсани тушундим. Шунинг учун биринчилардан бўлиб мен кетдим. Каримов икки юзли одам. Бугун Россия билан бирга бўлади¸ эртага хоҳласангиз¸ шайтон бирга бўлади. Шунинг учун мен ҳеч қачон бунга ишонмайман.

Озодлик: Лекин бир пайтлар ишонгансиз.

- Тўғри¸ бир пайтлар ишонганман. Мен ишондим¸ лекин мен хато қилдим. Мен буни ҳозир тушунаяпман¸ дейди Анвар Усмонов.

Каримов ҳақида бугун яратилган ривоятларда унинг совет давридаëқ мустақиллик учун курашгани¸ Ўзбекистон мустақиллигининг меъмори айнан Каримов экани таъкидланади.

Терговчи Тельман Гдлянга кўра¸ Каримов совет даврида советча фикр юритган ва ҳеч қачон Кремль идеалларига қарши бормаган.

- Каримовлар ҳам¸ Назарбоевлар ҳам мустақилликни хаëлларига келтиришмаган. Уларнинг бирдан мустақил бўлишини Москвадаги ва Киевдаги азаматлар таъминлашди¸ дейди Тельман Гдлян.

Терговчи Гдляннинг бу фикрига мисол сифатида Каримовнинг Горбачëв етовида Литвага сафар қилганини айтишимиз мумкин.

Мустақиллик эълон қилган Литва халқи учун Каримов марказга итоаткорлик ўрнаги сифатида кўргазмали восита янглиғ олиб борилган эди.

Каримов совет режимининг энг содиқ мулозимларидан бири эди¸ деб эслайди Муҳаммад Солиҳ.

- Каримов мустақилликни истаган эмас¸ у мустақиллик деган сўзни айтган одамдан ўтдан қўрққандай қўрқар эди. Мен буни мухолифат лидери ўлароқ эмас¸ оддий ўзбек сифатида айтишим мумкин. Чунки менга ўхшаган миллионлаб инсонлар унинг Совет иттифоқидан ажралиш ҳақидаги фикрга қанчалик аллергияси борлигини телевизор

- Каримов мустақилликни истаган эмас¸ у мустақиллик деган сўзни айтган одамдан ўтдан қўрққандай қўрқар эди.

орқали эшитган. У ўша пайтда буни яширмаган ҳам. Бир кун келиб архив очилади. Унинг гапирган гаплари бор. У минбарда туриб “Мана¸ Муҳаммад Солиҳ Совет иттифоқидан ажралиш ғоясига осилаяпти. Агар биз ажраладиган бўлсак¸ уч кун ичида бизни афғон мужоҳидлари босиб олади” деб айтган эди. Бу ҳам кулгили нарса¸ ҳам фожеали нарса. У бугун тарихни ўзгартириб¸ ўзини миллий мужодаланинг қаҳрамони қилиб кўрсатишга қандай жасорат топганини¸ халқ баҳоласин. Албатта¸ у якка ҳоким. У истаса¸ бугун тарихни тескари ëзиб чиқади ва ëзиб чиқаяпти. Аммо тарих у айтганидай¸ у ëздирганидай эмас. Иншооллоҳ¸ ҳақиқий тарихнинг ëзилишига оз қолди. Ҳақиқий тарих бир кун ëзилади. Каримов 1990- йиллар бошларида ҳам¸ охирларида ҳам мустақилликнинг душмани эди. 1991 йил март ойида ўтказилган сўнгги референдумгача Каримов мустақилликнинг актив душмани эди. У ўз душманлигини қўлидан келгунча қилди. Чунки Совет иттифоқини энг охирги дамларгача ҳимоя қилган одам Каримов эди. Бугун “Каримов мустақиллик тарафдори эди” деган гапни айтиш учун ë жуда безбет бўлиш керак¸ ëки Каримовнинг ëнида туриб айтишга мажбур бўлган жуда қўрқоқ одам бўлиш керак¸ дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

Совет даврида¸ 1990 йилда Марказий телевидение суратга олган фильмда Каримов “Биз иккита қопнинг ичидамиз. Совет иттифоқидан ташқарида бир кун ҳам яшай олмаймиз” деб хитоб қилади.

Ўша даврда Каримовни бир тарафдан Москва¸ иккинчи тарафдан нисбатан эркин парламент назорат қилар эди.

Бу назорат тизимидан биттаси – Москва тарих тақозоси билан йўқ бўлганида¸ Каримов ҳақиқатан севинди¸ “Нега сизлар қарсак чалмаяпсизлар?” деб ўзбек парламенти депутатларидан гина қилди.

Депутатлардан бири Шуҳрат Нусратовнинг парламент минбаридан туриб¸ “Каримов табиатидаги мустабидлик бизни 37-йиллар каби қатағон сари етаклайди. Эртага бизни қамашади¸ эртага сизни қамашади”¸ деб қилган ҳайқириғи 25 йиллик давр мобайнида тасдиғини топганига тарих гувоҳ.

- Агар биз бугун бунга овоз бермасак¸ эртага бизни қамашади¸ эртага сизни қамашади!

- Агар биз бугун бунга овоз бермасак¸ эртага бизни қамашади¸ эртага сизни қамашади! Бу дегани бизнинг ҳар биттамиз ҳар қандай вақтда фақат президент хоҳлагани учунгина шундай вазиятга тушамиз. Президентнинг нимани хоҳлашини эса¸ биз ҳаммамиз биламиз. Бугун Каримов Шовриқ Рўзимуродовни қамади. Биз¸ бугун бу залда ўтирганлар¸ танловимизни қилишимиз керак: демократия ëки диктатура. Бунинг ўртаси бўлмайди¸ деган эди 1991 йил 30 сентябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон парламентининг 7-сессияда депутат Шуҳрат Нусратов.

Депутат Шуҳрат Нусратовга шундан сўнг бошқа сўз берилмади. 25 йил олдин Ўзбекистон жамияти олдида танлов бор эди¸ аммо танлов имкони бошқа бўлмади.

1991 йилда Намангандаги диндорлар билан гаплашар экан Каримов ўзининг мутлақ ҳокимияти йўлида тўсиқ бўлган парламент назоратидан ҳоли бўлиш орзусини яширмади.

- Агар эртага мени президент этиб сайласангиз¸ менга парламентни тарқатиб юборадиган бир жумла керакки¸ ана ундан кейин гапим битта бўлади, деган эди 1991 йилги сайловдан олдин Наманганда обком биносини ишғол қилган диндорлар билан учрашган Ислом Каримов.

Мустабид фасли

Беларус республикасини демократик давлат қилиш учун тиришган¸ аммо имкониятларини қўлидан бой берган Станислав Шушкевич Озодлик билан суҳбатда бир вақтлар ўзи яхши билган Каримовнинг бориб-бориб мустабидга айланганидан таассуф билдирган эди.

- Каримов мустабид¸ аммо маълумотли мустабид. Беларусдаги диктатордан сал яхшироқ кўринади назаримда.

- Каримов мустабид¸ аммо маълумотли мустабид. Беларусдаги диктатордан сал яхшироқ кўринади назаримда¸ деган эди у Каримовни Лукашенкога қиёсларкан,

Бировнинг хотини бировга қиз кўринади¸ дейишади. Аслида мустабиднинг яхшиси бўлмайди.

Биз Каримов иқтидорга келган 1989 йил кайфиятию ўшанда пайдо бўлган умидлар кўп ўтмай сароб бўлиб чиққани ҳақда ҳикоя қилдик. Каримовнинг лавозимдаги умри йилномасини ëзиш мақсадимиз йўқ эди.

Ҳисоб-китоб фасли

20 йил бир мамлакатни бошқариш учун кўпми ë озми? Каримовга оқ фотиҳа берган Эдуард Шеварднадзега бундан 7 йил олдин берган эдик бу саволни.

- Бу ҳам кўп¸ ҳам ҳам оз. Агар раҳбар ўз халқи ишончини оқласа¸ 20 йил ҳам¸ 50 йил ҳам лавозимда ўтириши мумкин¸ деган эди марҳум Эдуард Шеварднадзе.

- 2005 йил Андижонда минглаб тинч аҳоли намойишга чиққанида¸ Каримовнинг уларни отишга буйруқ бергани оқибатида юзлаб ўзбекистонлик нобуд бўлди. Сизга қарши Тифлис майдонига ўн минглаб одам чиқди. Сиз уларга қараб ўқ узишни буюрмадингиз. Хўш¸ ким доно? Халққа ўқ отмагани учун лавозимидан айрилган Сизми ë ўқ отилгани боис курсисига маҳкамроқ ўрнашган Каримовми¸ дея савол берган эдик Шеварднадзега.

- Мен ë қон тўкишим лозим эди¸ ë истеъфога кетишим. Мен иккинчи йўлни танладим. Истеъфога кетдим. Каримов биринчи йўлни танлади.

- Мен ë қон тўкишим лозим эди¸ ë истеъфога кетишим. Мен қон тўкилмасин¸ дея иккинчи йўлни танладим. Истеъфога кетдим. Ҳануз истеъфодаман. Каримов биринчи йўлни танлади. Аммо бунга аввало ўзбек халқи¸ қолаверса¸ тарих ўз баҳосини берсин¸ деган эди марҳум Эдуард Шеварднадзе.

Бошқа суҳбатдошларимиз¸ Тельман Гдлян ҳам¸ Станислав Шушкевич ҳам Каримовнинг лавозимдаги ҳаётига баҳо беришни ўзбек халқига ҳавола қилишган эди.

XS
SM
MD
LG