Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:52

Президент Каримов ўлганидан кейин унинг оила аъзоларини нима кутмоқда?


Марҳум президент Каримов ва унинг оила аъзолари. Хотини Татьяна Каримова, Лола Каримова-Тилляев, ва Гулнора Каримова ёш ўғли билан
Марҳум президент Каримов ва унинг оила аъзолари. Хотини Татьяна Каримова, Лола Каримова-Тилляев, ва Гулнора Каримова ёш ўғли билан

Ўзбекистон мустақиллигининг илк 25 йилида Каримовлар қудратли оилага айланди, мамлакат аҳолиси унинг аъзоларидан ҳайиқиб турди. Ислом Каримов вафоти ортидан бу кунлар ўз якунига етмоқда. Каримовнинг энг яқин оила аъзолари учун Каримов президент бўлмаган мамлакатда қолиш хавфли бўлиши мумкин.

Каримовнинг қизлари Гулнора ва Лола айниқса қийин аҳволдадир.

Каримовнинг (иккинчи) аёли Татьяна Акбаровна Каримова бирор муаммога дуч келиши эҳтимолдан холи. Каримова ўзини жамоатчилик назаридан узоқроқ тутиб келади. Муҳими, Каримованинг оиласи катта таъсирга эга. Ислом Каримов Каримова қариндошлари ёрдамисиз ҳокимият тепаси кела олмаган бўлар эди.

Каримов етимхонада улғайган. Уни ота-онаси ташлаб қўйган, десак ҳам бўлади. Каримов турмуш ўртоғи қариндошлари ёрдамида Коммунистик партия поғоналари бўйлаб юқорига кўтарилган. Аммо Татьяна Каримованинг ёши ўтиб қолди. Ҳеч ким уни Каримов олиб борган сиёсатга даҳлдор деб айта олмаса керак.

Ўзбекистон халқи Каримовнинг икки қизи дабдабали ҳаёт кечириб келаётганини билади. Ўзбекистонда ўртача ойлик бор-йўғи 200-300 долларни ташкил қилади.

Швейцарияда чиқувчи “Билан” журналига кўра, опа-сингил Каримоваларнинг Швейцарияда мулки бор. Журнал 2009 йил Гулнора Каримова 665-570 миллион доллар қийматга эга мулк билан мамлакатдаги 300 энг бой одам рўйхатида аёллар орасида 9-ўринда эканлигини такидлади. “Билан” журнали ҳисобларига кўра, 2011-йилга келиб Гулнора ва Лола Каримоваларнинг умумий бойлиги 1 миллиард долларга етган. Бунинг ортидан Лола ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев журнал устидан судга арзланди.

Ўзбекистон халқи “Билан” рўйхатлари ҳақида эшитмаган бўлса керак. Табиийки, давлат матбуоти бу мавзуда лом-мим демаган. Агар Каримовалар жамоатчилик назаридан ўзини олиб қочганида эди, эҳтимол уларнинг бойлигини ўзбекистонликлар умуман муҳокама қилмаган бўлар эди.

Аммо Гулнора эътибор марказида бўлишни истади. У Ўзбекистон ташқарисида катта мулкларга эгалик қилиш билан чекланиб қолмай, мамлакат ичида йирик бизнес ва ширкатларга, жумладан, телеканалларга эгалик қилди.

Масалан, унинг “Форум” телеканали ёшлар учун мўлжалланган фильмларни эфирга узатди, Гулнора иштирокидаги тадбирларни кенг ёритди. Гулнора уюштирган хайрия концертларида президент қизининг концерт иштирокчилари билан суҳбатлашаётгани, ҳар бир ҳаракати кўрсатилди. Гулнора АҚШда мода мактабида таҳсил олди, Ўзбекистонда мода шоуларини ўтказди. Табиийки, Гулноранинг бу тадбирлардаги иштироки унинг телеканалларида кенг ёритилди.

Телеканалда Гулноранинг клиплари ҳам кўп кўрсатилди.

WikiLeaks сайти Ўзбекистон бўйича эълон қилган энг машҳур ҳужжатларнинг бирида Гулнора “Ўзбекистонда энг кўп нафратга сазовор бўлган одам” ўлароқ тилга олинган. Ўша куни “Форум” телеканалида бунинг исботи кўрсатилди. Операторлар Гулнора тўй маросимини деярли барбод қилганини суратга олишди. Гулнора келишидан аввал маза қилиб хордиқ чиқараётган меҳмонлар Гулнора пайдо бўлиши билан асабий жилмайиб, қўрқиб-қўрқиб рақсини давом эттирди. Гулнора эса аввал ҳеч қачон учратмаган келин-куёв олдига бориб, улар билан суратга тушди.

Гулноранинг хориждаги шубҳали молиявий ишлари унинг бошини еди. Президент қизининг Ўзбекистонда шартномалар имзолаш учун мамлакатга пора берган бир неча ширкат билан алоқадор эканлиги аниқланди.

Гулнора 2014 йил юқори лавозимли ҳукумат расмийлари ва синглиси ва онасини танқид қилиши ортидан уй қамоғига олинди.

Кейинги ойларда Гулнорадан ҳеч қандай хабар келмади. 3 сентябрь куни Каримов жанозасида ҳам кўринмади. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Гулнора Ўзбекистондан чиқиб кетган. Яқин келажакда у мамлактга қайтмаса керак.

Гулноранинг синглиси Лола эса 2008 йилдан бери Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакилидир. Мамлакатда янги президент сайланганидан кейин Лола бу лавозимидан четлатилишини кутиш мумкин. Лола узоқ йиллардан бери икки хайрия жамғармасини молиялаштириб келади. Уларнинг бири етим ва ногирон болаларга ёрдам берувчи “Сен ёлғиз эмассан” жамғармасидир. Иккинчиси эса ногирон болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларга таълим бериш билан шуғулланувчи “Болалар ижтимой мослашуви миллий маркази”дир. Лола мазкур икки жамғармани молиялаштириб, Ўзбекистонда шуҳрат қозонган.

Юқорида қайд этилганиданек, “Билан” журнали Лола миллионлаб доллар мулкка эга эканлигини таъкидлаб келади. Журнал ҳисобларига кўра, 2014 йил Лола ва унинг турмуш ўртоғи 100-200 миллион доллар мулкка эга бўлган. Лоланинг ўзи эса бу рақамлар бўрттирилганини таъкидлаб келади.

The Daily Mail британ газетасида ва кейинроқ The New York Times газетасида чоп этилган мақолада ёзилишича, Лола эри билан Голливудда 58 миллион долларга уй олган. The Daily Mail The Real Estalker блогига таяниб Тиллаевлар 2010 йил Женевада 41 миллион долларга кўчмас мулк харид қилганини таъкидлади. The New York Times мақоласида эса Голливуддаги қаср Лолага алоқадор эканлиги айтиладиган бир неча мулкнинг бири эканлигини айтилди. Қолаверса, Лоланинг Парижда ҳам ўз квартираси бор.

Лола оиладаги барча пулни турмуш ўртоғи топишини таъкидлаб келади.

Лола ва эри узоқ йиллардан бери Ўзбекистон ташқарисида яшаб келади. Лола отасининг жанозасига келди. Аммо у кўникиб қолган ҳаёт тарзидан келиб чиқадиган бўлсак, Лоланинг отасисиз Ўзбекистонда қолишини тасаввур қилиш қийин. Опасининг қисмати унга яхши мисол бўла олади.

Шундай экан, Каримовсиз Ўзбекистонда унинг қизларига ҳам ўрин йўқ, деб хулоса қилиш мумкин. Ўзбекистонликларнинг бундан кўнгли хира бўлмаса керак.

Каримовнинг биринчи аёлидан Пётр исмли ўғли бор. Ота-ўғил алоқа қилмаган. Хабарларга кўра, Пётр 1991 йилдан кейин Ўзбекистонга бирор марта қайтмаган.

Каримовнинг ака-укалари ҳам бор. Каримовнинг ака-укаларини ота-онаси катта қилган, аммо уни етимхонага топширишган. Марҳум нима учун улар билан яқиндан алоқа қилмаганини тушуниш қийин эмас. Каримов ўз жияни Жамшид Каримов ҳукуматни танқид қилиши ортидан мажбуран руҳий касалхонага ташланганида унга ёрдам бермаган.

Брюс Паниер мақоласи.

XS
SM
MD
LG