Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Сирғали тумани, Спутник даҳасида жойлашган барак уйлар ўрнига кўп қаватли турар-жой бинолари қуришга ваъда берди.
Шавкат Мирзиёевнинг бу ваъдаси 25 августда тумандаги Спутник-2 даҳаси аҳолиси билан учрашуви чоғида янгради.
“Арзонлаштирилган ипотека”
Сирғали ҳокимияти мулозимининг Озодликка маълум қилишича, Спутник-2 даҳасига борган Шавкат Мирзиёев дастлаб айни даҳанинг 25- уй, 1- хонадони эгаси билан суҳбатлашган.
“25- дом, 1- хонадонга ўзлари кирдилар. Бу уйлар зизиладан кейин қурилган 2 этажли, “деревяшка” уйлар. У ерда яшайдиган оиланинг шарт-шароитлари билан қизиқдилар. Агар тўғри келса, янги квартира олишингиз учун арзонлаштирилган ипотека билан ёрдам қиламан, дедилар. Бундан яхшироқ уй қуриб беришга ваъда қилдилар,” деди Сирғали ҳокимияти мулозими.
Мазкур учрашувдан чиққач, Шавкат Мирзиёев Спутник-2 даҳасида яшайдиганлардан бирининг айтишича, айни даҳада истиқомат қилувчилар билан “қисқа” суҳбатлашган.
“Оёқда туриб маҳалладаги одамлар билан қисқа гаплашди. Ҳаш-паш дегунча гаплашмоқчи бўлганлар кўпайиб кетиб, Мирзиёевни ўраб олишди. Мирзиёев бараклар ўрнига янги домлар қуриб берилишини айтди,” деди Озодлик суҳбатлашганлардан бири.
Сўнгра Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари, мутахассислар ва фаоллар билан йиғилиш ўтказган Шавкат Мирзиёев 2017-2022 йилларда пойтахт учун муҳим бўлган йирик лойиҳаларни амалга ошириш заруратига тўхталган.
Ушбу режага мувофиқ, келгуси йилдан бошлаб беш йил ичида Сирғали туманида 500 та кўп квартирали турар-жой қурилиши лозим.
Айни режа амалга ошса, туманда 30 минг аҳолини янги квартиралар билан таъминлаш мумкин.
Спутник даҳасидаги тахтадан қурилган, икки қаватли барак уйлар аҳолига 1966 йилда Тошкентда юз берган зилзила ортидан вақтинчалик турар-жой сифатида икки ой ичида қуриб берилганди.
Беш йил ичида барак уйлар бузиб ташланиб, улар ўрнига янги турар-жойлар қурилиши керак эди.
Аммо, орадан ярим асрдан кўпроқ вақт ўтган эса-да, ушбу баракларда юзлаб оила ҳамон истиқомат қилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ва Тошкент ҳокимлиги раҳбарлари ва фаоллар учрашувида, шунингдек, Тошкентнинг барча туманларида янги кўнгилочар парклар барпо этиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда Олмазор-Сирғали ер усти метросини лойиҳалаш ишларини тезлаштириш масалалари муҳокама қилинган.
Ўзбекистон ҳукумати Олмазор метро станциясидан Сирғали мавзесигача узунлиги 6,5 километрни ташкил этувчи метро линияси қуришни режалаштириб келади.
Ушбу линияни қуриш 2030 йилгача мўлжалланган давлат лойиҳасига киритилган.
Мазкур лойиҳада “Тошкент” халқаро аэропортини шаҳар ташқарисига чиқариш, яъни Тошкентдан 45 км жанубга, Жиззах томонга чиқариш кўзда тутилган.
Шунингдек, пойтахт майдонини 41,8 минг гектаргача ошириш кўзда тутилган.
Шу тарзда шаҳар ҳудуди Қибрай, Ўртачирчиқ ва Зангиота туманлари ерлари ҳисобига 8,63 минг гектарга кўпаяди.