Навоий вилояти, Зарафшон шаҳар суди собиқ Ўзбекистон ССР Олий Совети депутати Самандар Қўқоновнинг жазо муддатини яна 3 йилу 5 кунга узайтирди.
Суд ҳукми ҳақида Ўзбекистон Жазони Ижро этиш Бош Бошқармаси 21 октябрь куни Самандар Қўқоновнинг аёли Шоҳида Қўқоновага мактуб орқали маълум қилди.
Жазони Ижро этиш Бош Бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Қодиров имзоси билан битилган мактубда 72 яшар Самандар Қўқоновга жазо муддатининг узайтирилишига унинг қамоқхона ички тартиб-қоидаларини “мунтазам” бузганлиги сабаб қилиб кўрсатилган.
"Турмуш ўртоғингиз С. Куканов жазо муддатини ўташ учун муассасага келган кунидан бошлаб муассаса ички кун тартиби, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлиқ тушунтирилган бўлишига қарамасдан жазо муддатини ўташ даврида муассасада ўрнатилган ички тартиб-қоидаларни мунтазам бузиб келгани учун 2016 йил 07 октябрь куни Навоий вилояти Зарафшон шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси 2 қисми "б" банди ва 60-моддаси билан 3 йил 5 кунга озодликдан маҳрум этилган," дейилади Шоҳида Қўқоновага ёзилган мактубда.
Ўзбекистон Олий кенгаши депутати¸ Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ бошлиғи Самандар Қўқоновга берилган сўнгги қамоқ жазоси 6 октябрь куни тугаган эди.
Аммо маҳкум ўғли Сардор Қўқоновнинг Озодликка маълум қилишича, Зарафшон шаҳар суди ҳукми, қонунга хилоф равишда, Самандар Қўқоновга тайинланган жазо муддати тугашидан бир кун ўтиб узайтирилган.
23 йил 4 ойдан буён қамоқда қолаётган Самандар Қўқонов мустақил Ўзбекистон тарихида панжаралар ортида энг узоқ қолаëтган сиëсий маҳкумдир.
Самандар Қўқонов 1993 йилнинг 2 июль куни давлатга қарашли катта миқдордаги мол-мулкни талон-тарожлик қилганлик айби билан ҳибсга олинган, МХХ ертўласида бир ярим йил сақланганидан сўнг¸ 20 йиллик қамоққа ҳукм этилганди.
МХХ ертўласида ўтказган бир ярим йил қамоқ муддатидан чегирилмаганди.
Дастлабки қамоқ жазоси тугаш арафасида, 2014 йили Самандар Қўқоновга яна уч йил қўшиб берилган¸ кейин суд уни икки йилга туширганди.
Асли Жиззах вилоятининг Фориш туманидан бўлган Самандар Қўқонов 1989 йили Шавкат Мирзиëев (ҳозирда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи ва бош вазир) билан бир чақириқда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлигига сайланган.
Уни яқиндан таниган маслакдошлари 80-йиллар охирида сиëсий майдонда фаол кўзга ташланган тадбиркор ва депутатнинг шахсан Ислом Каримов топшириғи билан қамоққа олингани ва шахсан Каримов топшириғи билан қамоқда шунча вақт сақланганини таъкидлайдилар.
Самандар Қўқонов қамалганида 19 ёшда бўлган кенжа ўғли - Сардор бу йил 42 ёшга кирди.
Сардор Озодлик билан суҳбатда Жазони ижро этиш Бош Бошқармасидан йўлланган мактубга муносабат билдираркан Ўзбекистонда янги президентнинг сайланаётгани отасининг яқин келажакда озод этилишига умид уйғотганини айтди.
Унга кўра, Жазони ижро этиш Бош Бошқармасидан келган мактуб сўнгида битилган охирги жумла айни умиднинг янада ошишига сабаб бўлган.
"Муассасада жазо муддатини ўтаётган барча маҳкумлар тенг ҳуқуқга эгалигини, шунингдек, жазони ижро этиш жойларида ички-тартиб қоида талабларини бажариб, муассаса томонидан ижобий тавсифланган тақдирда, унга нисбатан инсонпарварлик далолатномалари қўллаш, у жазо муддатини ўтаётган муассаса маъмурияти томонидан кўриб чиқилиши мумкинлигини маълум қиламиз," дея таъкидланади Жазони ижро этиш Бош Бошқармаси мактубида.
Қуйида Озодлик ва Сардор Қўқонов ўртасида бўлиб ўтган суҳбатни тингланг.