Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:44

Йил якунлари - 2016: Тошкент ва Бишкек ўртасида музлар эриди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеёв (чапда) Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевни 24 декабрда Самарқандда кутиб олди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеёв (чапда) Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевни 24 декабрда Самарқандда кутиб олди.

2016 йил Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги совуқлашган муносабатларнинг кескин илиқлашуви даври бўлди.

Жорий йилнинг 1 октябрида кейинги ўн йилда биринчи марта Қирғизистон раҳбарлари, маданият, санъат ва спорт арбобларидан иборат 130 кишилик делегация Ўзбекистонга сафар қилди. Тошкент ташаббуси билан ўтказилган тадбирга Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Адҳам Икромов мезбонлик қилди. Учрашувда томонлар икки давлат муносабатларини яхшилаш тўғрисидаги меморандумни имзолади.

Мазкур меморандум имзоланганидан бир неча кун ўтиб, йиллар давомида ёпиқ бўлиб келган чегаралар очилди. Чегарадан ўтишда икки давлат ватандошларига бир қатор енгилликлар берилди.

26 октябрь куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига Ўзбекистондан бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов бошчилигида 140 кишилик делегация ташриф буюрди.

Бу икки учрашувда ўзбек ва қирғизларнинг гапи бир бўлди: Чегараларни очиш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, яқин қўшничиплик алоқаларини ўрнатиш даври етиб келди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Қирғизистон чегарасига яқин ҳудудда яшовчи ўзбекистонликлар ҳам тез орада икки давлат ватандошларининг борди-келдисига қўйилган барча тўсиқлар олиб ташланишидан умид қилмоқда.

-Сайлов жуда яхши ўтди. Мен ҳам сайловга қатнашдим. Халқимиз деярли бир овоздан Шавкат Мирзиёевни президент қилиб сайлаб олди. Чунки Мирзиёев қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилаб, чегарадан ўтиш тартибини енгиллаштираман, деб ваъда берди.Биз бу ваъдалар бажарилишига ишониб турибмиз, -деди Ўшга қариндошларини кўргани келган ўзбекистонлик Қаҳрамон Эшонов.

Қирғизистонлик Олмахон Қурбонова ҳам Ўзбекистоннинг янги президенти қўшнилар билан муносабатларда ижобий силжишларга эришади, деб умид қилишини билдирди:

-Тўғри, Мирзиёев Каримовнинг кадри. Бироқ унинг ҳам ўз инсоний иродаси бор. Мана шундай иродага эга бўлган инсон қаторида у чегараларни очиб, халқларимизни қийинчиликлардан қутқарса яхши бўлар эди. Мирзиёев Каримов даврида борди-келдига қўйилган чекловларни, тўсиқларни олиб ташлаб, алоқаларни яхшилашга эътибор қаратиши керак.

Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларидаги илиқлашувнинг яна бир поғонаси қирғиз президенти Алмазбек Атамбаевнинг 24 декабрда Самарқандга иш сафари билан боргани бўлди.

Мазкур учрашувдан сўнг тегишли идораларга январь ойининг ўрталаригача Ўзбекистон –Қирғизистон чегарасидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Чегара масалалари бўйича қирғизистонлик эксперт Саламат Аламанов президентлар сиёсий иродаларини билдирсалар, 20 йилдан бери ҳал этилмай келинаётган бу муаммо ўз ечимини топишига ишонади:

-Бу ҳар бир давлат ўзи эгаллаб келган ерларга эгалик қилиши керак, деганидир. Содда қилиб айтганда, 1955 йилдаги чегарага оид ҳужжатлар асос қилиниб олиниши лозим. Шунда Ўзбекистонга ҳам, Қирғизистонга ҳам фойдали бўлади. Бугунги кунгача эса томонлар 1955 йилдан аввалги хариталарни ва ҳужжатларни асос қилиб, ўзаро чегарани аниқлай олмай келаётган эди, -деди Саламат Аламанов.

Қирғизистондаги таниқли сиёсатчи Султанбай Айжигитов эса 2017 йилда Ўзбекистон-Қирғизистон иқтисодий алоқаларини сўнгги ўн йилдан кейин жонлантириш ва қайта тиклаш йили бўлади, деб ҳисоблайди:

-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкор сифатида Қирғизистон учун жуда аҳамиятлидир. Биз ҳам Ўзбекистон учун жон қўшнимиз. Ўзбекистон бой давлат, бироқ сувга камбағал. Сувни асосан Қирғизистон беради. Шунинг учун ҳам иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликнинг ривожлантирилишидан ҳар икки давлат катта фойда олади, -деди Султанбай Айжигитов.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 1 декабрда ўтган матбуот анжуманида ўз мамлакати Қамбарота-1 ГЭСини Ўзбекистон билан ҳамкорликда барпо этишдан манфаатдор эканини ва бу лойиҳага Ўзбекистонни расман таклиф қилаётганини айтган эди. Ўзбекистон кўп йиллардан бери Қамборота ГЭСи қурилишига қарши чиқиб келаётган эди.

Шу билан бир қаторда Атамбаев 24 декабрда Самарқандда Мирзиёев билан учрашув жараёнида Хитой-Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича сўзлашган, Қирғиз президенти маъмуриятининг билдиришича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеёв мазкур темир йўл қурилиши бўйича Бишкек позициясини қўллаб-қувватлаган.

XS
SM
MD
LG