Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:13

Ўзбекистон қамоқхоналари раҳбари ҳам виртуал қабулхона очди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи (ЖИЭББ) таклиф, шикоят ва аризалар учун виртуал қабулхона очганини маълум қилди. Жазони ижро этиш муассасаларида қийноққа солинган, муассаса нозирлари ёки раҳбарлари томонидан таҳқирланган маҳкумларнинг яқинлари энди бу ҳақда тўғридан-тўғри бошқарма раҳбарига мурожаат қилиши мумкин.

Виртуал қабулхонанинг guin.mvd.uz сайтида ёзилишича, ЖИЭББ раҳбарига юборилган ҳар қандай таклиф, ариза ва шикоят расмий деб тан олинади.

Рус тилида амал қилаётган виртуал қабулхонага шикоят қилувчи жисмоний ва юридик шахслар исм-фамилияси, яшаш жойи ва мурожаат матнини тўлиқ ёзиши шарт.

Бошқарма бошлиғи номига ёзилган мурожаатда туҳмат, ҳақорат қилиш ва ёлғон чақимчилик тақиқланади, деган банди ҳам бор.

“Эзгулик” жамияти ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, ЖИЭББ бошлиғига мурожаат қилмоқчи бўлган шахслар, бу банддан чўчимасдан виртуал қабулхонага муаммолар ҳақида ёзаверишлари керак:

- Масалан, ишончи комил бўлган одам бу нарсаларга аҳамият бермайди. Бу каби бандлар шахсий адоватларнинг олдини олиш, асоссиз хабарни текшириш учун вақтни кетказмаслик учун ёзилади. Бу формал нарса ва ёзилиши тўғри. Яъни асоссиз, тасдиқсиз, ёлғон гапни ёзма дегани, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Шунингдек, янги далил-исбот ва ҳолатлар келтирмаган, айнан шу мурожаатга аввал бир неча марта жавоб берилган бир шахснинг мурожаатлари ҳам қайта кўриб чиқилмаслиги ёзилган.

Фарғоналик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаров фикрича, виртуал қабулхонанинг очилганлиги маҳкумларнинг яқинларига енгиллик туғдиради:

- Олдин ЖИЭББга ариза ёки шикоят қилиш учун Тошкентга бориш, навбатда туриб мулозимлар қабулига киришга тўғри келар эди. Айниқса вилоятдан келадиганларга анча қийин бўларди. Энди буни очилгани жудаям яхши бўпти. Ота-оналар, болали аёллар сарсончилиги йўқ бўлди, энди улар яқинлари ҳақидаги информацияни уйидан туриб ҳам олаверади. Мен бундан хурсанд бўлдим, - деди Аҳмаджон Мадумаров.

Ўғли 16 йилдан буён қамоқда ўтирган тошкентлик Жамила Ҳожимуродова, ЖИИБ виртуал қабулхонасининг очилгани унга янги бир умид бағишлашини айтди:

-Мен Бош вазирнинг порталига ҳам ёздим, кўриб чиқамиз дейишди, тамом, бошқа жавоб ололмадим. Зора ЖИББ бошлиғи энди мени арзимни тингласа. Чунки, ўғлим Умиджон Ҳожимуродов 2001 йилдан бери қамоқда. Диний айбловда айбланиб, 7 йил олган эди. Кейин раскрутка қилиб яна 7 йил қўшиб беришди. 2015 йилда яна раскрутка қилиб, уч йил қўшишди. Ҳозир бир ярим йили қолди. Шунга яна қўшиб бермаса деб юрак ҳовучлаб ўтирибман. Энди виртуал қабулхонага мурожаат қилиб, ўғлимни бошқа раскрутка қилмасликларини сўрайман, - дейди Жамила Ҳожимуродова.

Яқинда қамоқдан озод бўлган, исми сир қолишини сўраган собиқ маҳкумлардан бирининг айтишича, агар ЖИЭББ виртуал қабулхонага тушадиган таклифларни жойида ўрганиб чиқиб, муаммоларни ҳал қилса, шикоятлар анча камайган бўларди:

“Таклифлар кўп бўлиши шубҳасиз. Масалан, энг аввало маҳкумларнинг яиқнлари билан учрашувини ҳар йилда бир эмас, балки камида бир ойда бир мартага кўпайтириш керак. Кейин, маҳкумлар учун посилкаларни ва передачаларни истаган пайтда қабул қилиш керак. Диний айбловлар билан қамалганларни арзимаган нарсага карцерга ташлаб, раскурутка қилишни бас қилиш керак. Ҳар куни эрталаб гимн айттиришни тўхтатиш керак. Энг муҳими, қамоқхона раҳбарлари ва назоратчилар маҳкумларга одамдек муносабат қилишни ўрганишлари керак”, дейди собиқ маҳкумлардан бири.

ЖИЭББга шу пайтгача ҳам қамохоналардаги шароитнинг ёмонлиги, маҳкумларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар ҳақда жуда кўп шикоятлар ёзилган.

Узоқ вилоятлардан Тошкентга келолмаган одамлар арзлари битилган мактубларни фақат почта орқали жўнатар ва унинг жавоби ойлар давомида кутилар эди.

Виртуал қабулхонага тушган таклиф, шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш муддати ўн кун қилиб белгиланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонда мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талаблар ва нормаларини бузган раҳбарларни жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган жавобгарлик хусусида қатъий огоҳлантирди.

Мурожаатлар ижросини назорат қилиш Президент девони таркибида янги ташкил қилинган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш устидан назорат ўрнатиш ва уни мувофиқлаштириш Хизмати" раҳбари Турсинхан Худайбергеновга юклатилган.

ЖИББ виртуал қабулхонаси сайтида шу пайтгача 20дан ортиқ мурожаат тушган, улардан фақат биттасига жавоб берилган, 16 таси кўриб чиқилган ва биттаси ёпилган. Сайтда шикоятлар мазмуни ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган.

Сиёсий ва диний айбловлар билан қамалиб чиққанлар ва уларнинг яқинлари, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари маҳкумларга нисбатан тергов давомида ҳам, жазони ижро этиш муассасасида ҳам қийноқлар қўлланилишидан шикоят қиладилар.

XS
SM
MD
LG