Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:28

Ўзбеклар тадбиркор бўлиб Мирзиёев истаган юзта товуқни боқишга ошиқмаётир


Ўзбекистон Миллий банки бош биноси
Ўзбекистон Миллий банки бош биноси

Ўзбекистонда давлат банклари майда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахсларга имтиёзли микрокредитлар таклиф қила бошлади. Банкларга кўра, ойлик энг кам иш ҳақининг 100 баробаридан ошмаган микрокредитларни бериш "оддий аҳолини тадбиркор қилиш" мақсадини кўзлаган. Бироқ, Озодлик суҳбатлашган тадбиркор ва иқтисодчилар ажратилаётган кредит миқдори тадбиркорликка етмаслигини айтадилар.

"Юзта товуқ боқсин"

Банкларга кўра, микрокредитлар таклиф қилиш тадбири Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилмоқда.

14 январь куни Тошкентда Ўзбекистонни 2017 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режаларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида гапирган президент Мирзиёев аҳоли орасида тадбиркорликни ривожлантириш заруратига эътибор қаратганди:

- Бизни одамлар 30 сотик ери бор қишлоқда. "Кам таъминланган оила," деймиз оғзимизни тўлдириб. Ҳа ўша кам таъминланган тўртта боласи бўлса, юзта товуқ боқсин. Йигирмата лимон ёнғоқ қилсин, бўлди. Кам таъминланган оила бўлмайди, - деб айтганди Шавкат Мирзиёев.

Озодлик суҳбатлашган давлат банкларидан бирининг ходимига кўра, айни кунларда Ўзбекистоннинга барча шаҳар ва қишлоқларида банклар ходимлари уйма-уй юриб, тадбиркорлик билан шуғалланмоқчи бўлганларга микрокредитлар таклиф қилмоқда.

-9 фоиздан бир ярим йил муддатга 14,5 миллион сўм бериляпти. Жойингиз бўлса, аренда договорини олиб келасиз, паспорт копияси, маҳалладан маълумотнома сўралади. Кейин, бизнес планингиз бўлиши керак. Агар кўпроқ кредит олмоқчи бўлсангиз, залог керак. Уларга нотурар жой, машина ёки ойлиги бир миллиондан кўпроқ бўлган шахснинг кафиллиги киради, - деди банк ходими.

Банк ходимлари уйма-уй юриб, кредит таклиф қилмоқда
Банк ходимлари уйма-уй юриб, кредит таклиф қилмоқда

Ўзбекистон Миллий Банкининг мутахассиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда қирқдан зиёд тадбиркорлик турларига кредитлар ажратилишини айтди.

Улар жумласига қуён боқишу сартарошликдан тортиб нонвойчилигу чилангарликка қадар бўлган меҳнат турлари киритилган.

"Тепадан силжиш"

Озодлик тўплаган маълумотларга кўра, микрокредитлар жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг 100 баробаридан ошмаган миқдорида йиллик 9 фоиз ставка бўйича 18 ой муддатга берилади.

Юридик шахс мақомига эга бўлган микрофирма ва деҳқон хўжаликларига ҳам кредитлар айни муддат ва ставкада, аммо энг кам иш ҳақининг 300 баробаридан ошмаган миқдорда ажратилади.

Ҳозирда Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи 146 минг сўм этиб белгиланган.

146 минг сўм 18 январь куни белгиланган давлат курси бўйича 45 АҚШ долларига, қора бозор курси бўйича - 22 АҚШ долларига тенгдир.

Озодлик суҳбатлашган иқтисодчи ва тадбиркорларга кўра, ажратилаётган кредит миқдори етарли эмас.

- 15-20 миллион сўмга ҳозирги кунда иш бошлаш қийинчилик туғдиради, деб биламан. Бу тадбирни ўлик нуқтадан силжиш, деб атасак бўлади. Шу маҳалгача бунақа бир ҳаракат кўзга ташланмаган эди. Кредитлар тор доирадаги одамларга бериладиган маблағ сифатида кўрилса, ҳозирда энди-энди тепадан бир силжиш бўлаяпти, аммо банклар кўриниб турибдики, бу нарсага ҳали тайёр эмас, - дейди Тошкентдан иқтисодчи Тошбек.

Тўловлар ва ҳужжатбозлик

Ўзбекистон банкларида кредит ставкалари ҳозирга қадар 18 фоиздан паст тушмаган.

Тошкентдаги қурилиш моллари бозорида ишлайдиган тадбиркорлардан бири банклар аҳолига берадиган кредит ставкаларининг 18 фоиздан 9 фоизга тушганини ижобий баҳолади, аммо бу қадам тадбиркорликни ривожлантириш учун омил бўлолмаслигини айтади:

- Тўққиз фоиз бу жуда яхши. Ҳозир банклар 18 фоизгача кредит беради. Масалан 100 миллион олсангиз бир йилда 18 миллион фоиз тўлайсиз. Лекин гап бунда ҳам эмас. Гап банкларда. Масалан, нақд пул билан пластик карточкадаги пулнинг орасидаги фарқ ҳозир 20 фоиз. Бир йилдан кейин 30га ҳам чиқади. Иккинчидан, банклар пул ўтказмаларига 3 фоизгача хизмат ҳақи олади. Бу жуда кўп. Учинчидан, банклар абонплата, яъни ҳисоб рақами очгандан кейин энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида ҳар ой пулингиздан чегириб олади. Мана шулар тадбиркорнинг кўнглини ишдан совутади. Токи банк тизимида ислоҳот бўлмас экан, тадбиркорнинг иши олға силжимайди, деди тадбиркор.

Озодлик билан Telegram орқали боғланган тошкентлик тадбиркорлардан бири банклар ходимлари микрокредитлар таклифи қилинган варақалар тарқатаётганини билдирди.

"Уйма-уй юриб тарқатиб юришибди.. Ўзим Чилонзорда дўконим бор. Банкка телефон қилиб, дўконга холодильник олиб берасизларми, деб сўрадим. Келинг, нима ҳужжат қилиш кераклигини айтамиз, дейишди. Кўрамиз ҳали. Агар аввалгидай ҳужжатбозлик бўлса, раҳмат, деб келаверамиз. Чунки, олдин банкка неча бор борган бўлсам, нимага келдинг, кимга келдинг иши бўлмас эди. Айникса, эшик олдида милиция ходими, ҳа нега келдинг, деб қўпол муомиласи билан кайфиятингни туширворарди," деб ёзди тошкентлик тадбиркор.

Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлар банк тизимини ислоҳ қилмасдан, нақд ва ҳисоб рақамига ўтказиладиган пул ўртасидаги фарқни тугатмасдан, валютанинг қора бозор ва расмий курс ўртасидаги катта тафовутни йўқотмасдан туриб, бу соҳада ижобий ўзгаришлар бўлишига ишонмасликларини айтадилар.

XS
SM
MD
LG