Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:07

Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки Ўзбекистон билан ҳамкорликни жонлантирмоқчи


Ўзбекистондаги йирик лойиҳаларни молиялаштиришни 2007 йилда тўхатган Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки Тошкент расмийлари билан узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда банкнинг Тошкентга 6 февраль куни ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун келган Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталья Ханженкова маҳаллий матбуотга берган интервьюсида маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Жаҳон” ахборот агентлигининг билдиришича, Европа қайта қуриш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталья Ханженкова ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан 6 февралда учрашди.

“Айни пайтда ўзбек томони билан ҳамкорликда ўзаро муносабатларнинг асосий приоритетларини аниқлаяпмиз. Республика ҳукумати билан ўтказилган маслаҳатлашувлар асосида Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда молиявий сармоя ётқизиши мумкин бўлган ўзбкек иқтисодиёти соҳаларини аниқ белгилаб оламиз”, - деди Ханженкова ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашувдан сўнг журналистларга берган суҳбатида.

Унга кўра, бугунги кунда ҳамкорлик қилиниши назарда тутилаётган приоритет соҳалар қичик ва ўрта бизнесни қўллаб - қувватлаш, мамлакатдаги тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўлиб қолмоқда.

Банк Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилишни назарда тутаётганини таъкидлаган Наталья Ханженкова “иқтисодиётнинг анъанавий бўлган соҳалари билангина чекланиб қолмай, янги иннавацион йўналишлар изланаётгани” билдирди.

Ханженкованинг айтишича, Тошкентга Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабартининг ташриф қилиши кутилмоқда. Бу ташриф Ўзбекистон ва банк ўртасидаги ҳамкорликнинг кенгайиишига сабаб бўлади.

Европа Иттифоқи, Европа Инвестиция банки ва 65 давлат иштирокида ташкил этилган Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки 1991 йилдан фаолият кўрсата бошлаган. Ўзбекистон банкка 1992 йилда аъзо бўлган эди. Ўшандан то 2007 йилгача банк Ўзбекистондаги умумий қиймати 900 миллион еврога тенг бўлган 55та лойиҳани амалга оширган.

Бугунги кунда банк Ўзбекистонда фақат мавжуд бўлган инветиция портфелини қўллаб-қувватлашга қаратилган умумий қиймати 8 миллион евролик 5 лойиҳани амалга ошириш билан чекланиб қолаётган эди.

Жорий йил январида Жаҳон банки вице президенти Сирил Мюллер ҳам Тошкентга келган ва президент Мирзиёев билан учрашган.

Жаҳон банки ўтган йили Ўзбекистонга 2020 йилгача 4 миллиард долларгача маблағ ажартишини маълум қилган. Бу маблағнинг 3 миллиард доллари ўтган йилнинг июлида ажратилган ва 27 лойиҳани амалга оширишга сарфланади.

Ўзбекистон Жаҳон банкига 1995 йилда аъзо бўлган эди. Ўшандан то 2016 йилгача Жаҳон банки Ўзбекистонга 2 миллиард 800 миллион долларлик ёрдам кўрсатган.

XS
SM
MD
LG