Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:02

Хивалик ҳайдовчи ички ишлар биноси олдида ўзига ўт қўйди


Хоразм вилоятининг Хива туманида яшайдиган Хурсанд Бобожонов туман икки ишлар бўлими биноси олдида ўзига намойишкорона ўт қўйди. Бу фактни Озодликка тасдиқлаган ички ишлар мулозимига кўра, ҳайдовчи шу тариқа йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари унинг автомобилини ноқонуний олиб қўйилишига қарши ўз норозилигини билдирган. Хурсанд Бобожонов оғир куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

Хива туманида истиқомат қиладиган 38 яшар ҳунарманд Хурсанд Бобожонов 20 февраль куни эрталаб туман ички ишлар биноси олдида устига бензин сепиб, ўзига ўт қўйган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Хурсанд Бобожонов яқинларидан бирининг айтишича, у ички ишлар бўлимига адолат талаб қилиб борган:

“Бу воқеадан икки кун олдин йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари унинг автомобилини жарима майдончасига қамаб қўйишган. Уларнинг ораларида нима гап ўтгани билмайман. Лекин, Хурсанд ГАИ ходимлари мени машинамни ноқонуний қамаб қўйишган, деб айтган эди. 20 февраль куни у бензин кўтариб ички ишларга борган. Ичкаридан шу ишга алоқадор бир милиция ходимини чақирган. Кейин музокарадан натижа чиқмагач, аввал ўзини устига кейин милиция ходимини устига бензин сепиб, гугурт чаққан. Милиция ходими унинг қўлидаги идишни уриб юбориб, ўзи қочишга улгурган. Хурсандга эса ўт туташиб, ёниб кетган”, деди жабрланувчи яқинларидан бири.

Хоразм вилояти ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, Хурсанд Бобожоновнинг милицияга норозилик тариқасида ўзига ўт қўйганини тасдиқлади. Лекин мулозим, унинг милиция ходимига ҳам ўт қўймоқчи бўлганини инкор қилди:

“Туман ички ишлар бўлимидан мен олган маълумотга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари рулда ичиб қўлга тушгани учун, унинг машинасини штрафплошадкага қамаб қўйишган. Машинасини олиб қўйишганига алам қилиб, ўзича шундай қўрқитмоқчи бўлганми, билмадим, ички ишлар биноси олдида ўзига ўт қўйган. Лекин, инспекторга ҳам бензин сепиб ўт қўймоқчи бўлгани ёлғон”, деди ички ишлар мулозими.

Мулозимга кўра, милиция ходимлари бир минут орасида ёнаётган Бобожоновни ўчиришга муваффақ бўлган ва у касалхонага ётқизилган.

Хоразм вилоят касалхонасининг ўзини таништирмаган шифокори Хурсанд Бобожоновнинг аҳволи ўртачадан оғир эканлигини айтди:

“Баданининг 65-70 фоизи куйган. Аҳволи оғир. Керакли барча муолажаларни қиляпмиз”, деди шифокор.

Хурсанд Бобожоновнинг ўзига ўт қўйгани юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш” моддаси билан жиноят иши очилиб, бу иш билан Хива туман прокуратураси шуғулланмоқда.

Озодликнинг прокуратурадан бу масалага изоҳ олишга бўлган уринишлари самарасиз бўлди.

Ўзбекистонда ватандошларнинг ҳақсизлик ва адолатсизликка исён сифатида ўзига ўт қўйиш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган йилнинг 22 июль оқшомида иккинчи гуруҳ ногирони Шербой Райимов Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Миллий хавфсизлик биноси ўнгида ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлган эди.

2014 йилнинг 16 декабрь куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг Работ қишлоғида истиқомат қилувчи 27 ёшли аёл молхонада устига бензин қуйиб ўзига ўт қўйган. Аёл воқеа жойида ҳалок бўлган.

XS
SM
MD
LG