Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:08

Киев суди Каримовнинг қайинжиянини 1 йилгача ҳибсда сақлаш ҳақида ҳукм чиқарди (ВИДЕО)


Акбар Абдуллаев: Агар Ўзбекистонга борсам, мени қийнаб ўлдиришади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:50 0:00

Акбар Абдуллаев: Агар Ўзбекистонга борсам, мени қийнаб ўлдиришади

Киев суди Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг қайинжияни Акбарали Абдуллаевни бир йилгача ҳибсда сақлаш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Озодлик радиоси украин хизмати мухбири суд залидан хабар қилди.

Судья Наталья Васильеванинг айтишича, бундай ажримга Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Абдуллаевга нисбатан қўзғаган жиноят иши ва уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш талаби сабаб бўлган. 1993 йилда имзоланган Минск шартномасига мувофиқ, МДҲга аъзо давлатлар, жумладан Ўзбекистон ва Украина ўзаро ҳуқуқий ёрдам бериш масъулиятини олган.​

Ўзбекистон Бош прокуратураси 33 яшар Акбарали Абдуллаевни ўзгалар мулкини ўзлаштириш, чет эл валютасини яшириш, мансабга совуққонлик билан қараш ва жиноий фаолиятдан олинган юзлаб миллион долларни легаллаштиришда айбламоқда.

Судья Абдуллаевнинг Ўзбекистонда айни жиноятлар билан айбланиб, икки ярим йил қамоқ жазосини ўтаганини иддао қилган адвокатларнинг уни уй қамоғида сақлаш ҳақидаги талабини инобатга олмади.

Наталья Васильева Абдуллаевнинг агар Ўзбекистонга экстрадиция этилса, уни ўлдиришлари мумкинлиги ҳақидаги важларини ҳам эътиборсиз қолдирди.

Суд сўнгида судья прокурорга Абдуллаев экстрадицион ишининг қандай бораётгани борасида ҳар икки ойда бир ҳисобот бериб боришни топширди.

Акбарали Абдуллаев 2013 йил кузида иқтисодий жиноятларда айбланиб, 2014 йил ноябрида дастлаб 15 йилга озодликдан маҳрум этилган ва 2016 йилда амнистия асосида озод этилган эди.

Абдуллаев президент Ислом Каримов 2 сентябрда вафот этишидан кўп ўтмай, Ўзбекистондан чиқиб кетди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан 2016 йил 15 ноябрда халқаро қидирувга берилган Акбарали Абдуллаев 14 январда Киев аэропортида ҳибсга олинди.

16 январда эса Киев суди Ўзбекистондаги "ваколатли органлар талабномаси келгунга қадар" Акбарали Абдуллаевни 40 кун давомида ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарди.

Прокурор келтирган важлар

Прокурор Марина Кимнинг судга маълум қилишича, Киев прокуратураси Ўзбекистон Бош прокуратураси юборган талаби асосида "экстрадицион текширув" олиб бормоқда ва бу текширувлар ҳозирча охирига етгани йўқ.

- Ҳозирда Киев шаҳар прокуратурасида экстрадицион текширув олиб борилмоқда. Текширув ҳали тугагани йўқ. Текширувни ўтказиш учун 60 кун ажратилган, - деди Марина Ким.

У текширув жараёнида Акбарали Абдуллаевнинг Украинада жиноий жавобгарликка тортилмагани аниқланганини айтди.

Прокурор Абдуллаевнинг соғлиги уни ҳибсда сақлаш ёки экстрадиция этишларига тўсқинлик қилмаслигини илова қилди.

Марина Кимнинг ишонишича, Акбарали Абдуллаевда Доминикан республикаси паспорти булгани учун у ҳибсдан чиқарилса, Украинада қолишига прокуратура кафолат бера олмайди.

Марина Ким Абдуллаевга нисбатан Ўзбекистонда қўзғатилган жиноий иш жиддийлиги ва Минск халқаро шартномасини инобатга олиб, суддан уни озод этмасликни сўради .

Адвокат келтирган важлар

Акбарали Абдуллаевнинг адвокати Александр Федоренко ҳимояси остидаги шахс 14 январда Киев аэропортида қонунбузарликлар билан ушланганини айтди.

Унга кўра, ҳужжатлар нотўғри қайдга олинган ва адвокат ярим соат кеч чақирилган.

У Акбарали Абдуллаев Ўзбекистон қонунларига мувофиқ паспорт ва чиқиш визасини олганини ва мамлакатдан чиқиб кетганини билдирди.

Александр Федоренко Ўзбекистон Бош прокуратураси илгари сураётган айбловлар асосида ҳимояси остидаги шахс аллақачон жазо муддатини ўтаб чиққанини айтди.

Адвокатнинг Украина қонунларига таяниб илова қилишича, Абдуллаевга қўйилаётган айбловлар уни қамоқда сақлашни назарда тутмайди.

- Куну тун уй қамоғида сақлашсин. Бундай тажриба бор. Менинг тажрибамда бундан ҳам мураккаброқ айбловлар билан бўлганлар уй қамоғида сақланган, - деди Абдуллаевнинг адвокати.

"Агар Ўзбекистонга кетсам, ўламан"

Акбарали Абдуллаев ҳам ўзига нисбатан Ўзбекистонда қўзғатилган жиноий иш эски айбловларга асосланганини айтди.

У айни айбловлар билан икки ярим йил қамоқда ўтириб чиққанини билдирди.

Абдуллаев тергов пайтида қийноқларга солингани, ўласи қилиб калтакланганини иддао қилди.

Судьядан "ишга кенгроқ қарашни" илтимос қилган Абдуллаев, агар Ўзбекистонга экстрадиция қилинса, ҳалок бўлишини айтди.

- Агар Ўзбекистонга кетсам, ўламан. Бу 100 фоиз. Агар, дарров ўлсам майлийди. Улар мени аввал қийнаб, кейин ўлдиришади. Кейин зонада ўламан. Бундай қийноқларни мен аллақачон кўрганман, - деди Акбар Абдуллаев.

У "сиёсий бошпана" олиш учун курашиш ниятида эканини билдирди.

Ҳибсда экан бундай имкониятдан маҳрум бўлишини илова қилган Абдуллаев уни уй қамоғига олишларини сўради.

- Мени ўзимни ҳимоя қилишимга имкон беринг, ҳурматли судья, - деди Абдуллаев.

СИЗОдан Хавфсизлик хизмати ҳибсхонасига

Озодликка маълум бўлишича, Акбарали Абдуллаев 20 февралда Киев СИЗОсидан Украина Хавфсизлик хизматига қарашли ҳибсхонага ўтказилган.

Киев прокуратураси ходимининг судга маълум қилишича, Украина Хавфсизлик хизмати СИЗОда Абдуллаев ҳаёти таҳдид остида бўлгани учун уни хавфсизлик идораси ҳибсхонасига ўтказишга қарор қилингани ҳақида прокуратурани хабардор этган.

Акбарали Абдуллаевнинг адвокати суднинг ҳукми расман эълон қилингандан кейин касацион шикоят аризаси ёзиш масаласи ҳақида ўйлаб кўришларини билдирди.

Суд ҳукми расман 24 февралда қонуний кучга киради.

Озодлик Киевдаги суд залидан суратга олинган тасвирлар асосида махсус видеолавҳа тайёрламоқда.

XS
SM
MD
LG