“Эврил Турон том маънодаги элсевар, туғма иқтидорли адиб, заковатли инсон. Ўтган асрнинг биринчи ярмида босқинчилар томонидан “ Босмачилик ҳаракати” деб аталган манфур қарашга қарши Эврил Турон “Туманли кунлар” (“Боғдон қашқири”) отли қисса ёзди. Ушбу қиссасида у миллат озодлиги учун курашган мардларни Ватан қаҳрамонлари сифатида тараннум этди. Асл босмачилар эса босқинчилар эканлигини бадиий образлар орқали баён қилди”, дейилган бир гуруҳ ўзбек адиблари имзолаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига йўлланган мурожаатномада.
Эврил Турон - ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг адабий тахаллуси.
Мурожаатномани ёзиш ташаббусчиларидан бири, адиб Ҳамроқул Асқарнинг Озодликка айтишича, ҳужжатни Шукрулло, Жамол Камол, Ҳалима Ҳудойбердиева, Исфандиёр, Тўра Мирза, Дилором Исоқова ва бошқалар – ҳаммаси бўлиб 14 киши имзолаган.
Давлат раҳбарига мурожаат қилган шоир-ёзувчилар юрт озодлиги, эрки, қарамсизлиги учун курашган ва бу қутлуғйўлда “Ватан хоини” деган туҳмат билан отилган ёзувчилар – Чўлпон, Фитрат, Қодирийларни энди афсус, армон билан эслаётганларини, уларни ёвуз кучлардан сақлаб қололмаганларига энди ачинаётганларини, ўкинаётганларини эътироф этарканлар, Мамадали Маҳмудов масаласига тўхталиб, “Биз ишонамиз, Сизнинг марҳаматингиз билан 74 ёшни қаршилаётган дунё ойдинлари эътироф этган улкан адибимиз Эврил Турон ( Мамадали Маҳмудов) ҳам оқланиб, реабилитация қилинади”, деб ишонч билдирганлар.
Мурожаатнома муаллифлари фикрича, реабилитация қилиниши керак адиблар, журналистлар рўйхати узундир. "Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжон каби адиблар аллақачонлар оқланиб, реабилитация бўлишлари керак эди", дейилади мурожаатномада.
Озодлик мурожаатномани имзолаганлардан бири, адиб Ҳамроқул Асқарни суҳбатга тортди.
Эврил Турон тахаллуси билан 1980-90 йилларда жамоатчиликка кенг танилган ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудов 14 йиллик қамоқ жазосини ўтаб, 2014 йилнинг 19 апрелида озодликка чиққан эди.
Таниқли адиб 1999 йилда Тошкентда юз берган портлашларга алоқадорликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган.
Аммо бунга қадар ҳам бу ёзувчи икки марта қамоққа ташланган.
Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон мустақиллиги учун совет даврида курашган ëрқин сиëсатчилардан бири сифатида эътироф қилинади.
Унинг “Ўлмас қоялар” асари совет даврида тақиқлаб қўйилган эди.
Мазкур роман француз тилида нашр этилган. Адибнинг асарини Филипп Фризон француз тилига таржима қилган.
1981 йилда "Шарқ юлдузи" журналида чоп этилган "Ўлмас қоялар" романи Марказий Осиёнинг Россия томонидан босиб олиниши, туркий халқларнинг Россия босқинига қарши курашига бағишланган.