Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонда ўз фаолиятини қайтадан бошлашни режалаштирмоқда. Ушбу режа ҳақида Озодликка ЕТТБнинг бир неча вакили маълум қилди. Бироқ бу ҳақда банк идорий кенгаши якуний қарорни ҳозирча қабул қилгани йўқ.
ЕТТБнинг исмлари сир қолишини сўраган юқори лавозимли ходимларига кўра, банк фаолиятини Ўзбекистонда қайтадан бошлаш нияти ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Россия бўйича ижроий директори Наталья Ханженкова бошчилигидаги делегациянинг феврал бошида Тошкентга сафари ортидан кўзга ташланмоқда.
Банк етакчи мутахассисларидан иборат 10 кишилик делегация Тошкентда беш кун давомида бош вазир, ташқи ишлар вазири ва бошқа вазирлар билан мулоқотлар ўтказди.
Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати вакили ҳам расмий Тошкентнинг ЕТТБ билан алоқалари илиқлашаётганини эътироф этди.
ЕТТБ Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни молиялаштиришни 2007 йилда тўхтатиб қўйганди.
Мирзиёевдан бошқа
ЕТТБ вакилининг айтишича, делегация илк бор Ўзбекистондаги хусусий бизнес вакиллари билан ҳам “бемалол учрашиш” имконига эга бўлган.
“Эшикларни Ўзбекистон очаяпти. Аввалгига қараганда муносабат 180 градусга ўзгарган. Мирзиёевдан бошқа истаган вазир билан учрашувлар бўлди. Диалоглар очиқча бўлди. Биринчи марта хусусий бизнес вакиллари билан ҳам мулоқотлар йўлга қўйилди,” деди ЕТТБ ходими.
Унинг илова қилишича, музокаралар марказида Ўзбекистон иқтисодий ривожланишининг стратегик истиқболлари ва ЕТТБ билан эҳтимолий ҳамкорлик соҳалари турган.
"Мулоқотлар умумий бўлди. Аммо, ўзбек томонида очиқлик ва ҳамкорликка тайёрлик аломатлари кўринди," - деди ЕТТБ ходими.
Аммо, ЕТТБ минтақавий идораларидан бирининг мутахассиси Озодликка банкнинг Ўзбекистонга қайтиш масаласи "узил-кесил" ҳал бўлмаганини айтди.
"Банк идорий кенгаши Ўзбекистонга қайтиш масаласини узил-кесил ҳал қилгани йўқ. Бу қарор барча жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда олинади," деди у.
Музокараларда иштирок этган Ўзбекистон ҳукумати вакили ҳам Озодликка расмий Тошкент ЕТТБ билан алоқаларни қайта тиклашдан манфаатдор эканини айтди.
"Шавкат Мирзиёев банк билан алоқаларни яхшилашни бизга топширган. Аста-секинлик билан бўлса ҳам, шу йўналишда ишлаяпмиз. Европа банкининг Ўзбекистонга тезроқ қайтишини истаймиз. Чунки, Ўзбекистонга сармоя керак," - деди Ўзбекистон ҳукумати вакили.
Ўзбекистон улуши
ЕТТБ собиқ Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги постсоциалистик ўлкаларини бозор иқтисодиётига ўтказишда ёрдам бериш мақсади билан 1991 йилда таъсис этилган эди.
ЕТТБ ҳозирга қадар Ўрта Осиё давлатларга 12 миллиард доллардан кўпроқ сармоя киритган.
Ўзбекистон ЕТТБ ҳиссадори ҳисобланади.
ЕТТБнинг Ўзбекистондаги амалиётлари 1992 йилда бошланган эди.
15 йил давомида ЕТТБ Ўзбекистонга 1 миллиард доллардан кўпроқ сармоя киритди.
Ушбу сармояларнинг салмоқли қисми хусусий секторга йўналтирилган эди.
Аммо, ҳозирги кунда ЕТТБнинг Ўзбекистондаги фаолияти умумий ҳисоби 8 миллион долларлик бор-йўғи бешта лойиҳани қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиб қолмоқда.
Алоқаларнинг совуқлашуви
ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликда илк хавотирли тисарилиш 2003 йил майида кузатилди.
Тошкентда бўлиб ўтган ЕТТБ саммитида банк раҳбарияти Ўзбекистонни авторитарлик, иқтисодий ислоҳотларга риоя этмаслик, сўз эркинлигини бўғиш ва қамоқхоналарда систематик қийноқларни қўллашда айблади.
Ўзбекистон собиқ президенти мазкур саммитда банк "Ўзбекистонда ўказилаётган ислоҳотларда катта роль ўйнамоқда", деб таъкидлаган эса-да, мамлакатда қийноқларнинг қўлланишини эътироф этмаган эди.
2005 йил майида Андижонда юз берган қонли воқеалар ҳам муносабатларни янада совуқлаштирди.
"Мирзиёевга имконият"
Шу йилнинг январь ойида ЕТТБ вице-президенти Сирил Мюллер Тошкентга сафар қилиб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди.
Ушбу учрашув, ЕТТБ ходимининг айтишича, банк раҳбариятини Ўзбекистон билан ҳамкорликни қайтадан бошлашга ундаган.
"Банк раҳбарияти янги сайланган президентга имконият бермоқчи. Чунки, банк Шавкат Мирзиёев ҳатти-ҳаракатларида қатъият ва ҳамкорликка бўлган жиддий истакни кўраяпти," деди банк ходими.
Озодлик суҳбатлашган ЕТТБ ходимларига кўра, банк асосий эътиборни кичик ва ўрта бизнесга сармоя ётқизишга қаратмоқчи.