Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:35

Россия СССРда туғилганларга ва уларнинг фарзандларига паспорт бермоқчи


Россия Давлат Думасининг тегишли қўмитаси рус тилида сўзлашувчилар учун Россия гражданлигини олишни осонлаштирувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. “Гражданлик тўғрисида”ги​ қонунга киритилиши кутилаётган бу ўзгартишлар қонун кучига кирса, рус тилини она тили деб билувчи ва собиқ СССР ёки Россия империяси ҳудудида туғилганларнинг Россия паспортини олиши осонлашади.

Мазкур қонун лойиҳаси эндигина биринчи ўқиш учун Давлат Думасига тақдим этилди. Қонун сифатида кучга кириши учун лойиҳа Думада 3 марта ўқишдан ўтиши, сўнгра уни Федерация Кенгаши маъқуллаши ва Президент имзолаши лозим.

Хўш, лойиҳада нима дейилган?

Дума “замин ҳуқуқи” тамойили асосида гражданлик бермоқчи

СССР ёки Россия империяси ҳудудида туғилган русийзабон шахслар учун гражданлик бериш тартибини осонлаштирувчи қонун лойиҳасига берилган изоҳда бундай дейилган:

Ўзи ёки яқин қариндошлари Россия Федерацияси, Россия Империяси ёки СССР ҳудудида муқаддам доимий равишда истиқомат қилган ҳориж граждани ёки гражданлиги йўқ шахслардан ташқари, Россия ҳудудида туғилган ёки яшаб келаётган қариндошлари бор ҳар қайси шахсга “рус тилида сўзлашувчи” сифатида эътироф қилувчи комиссия суҳбатига рухсат бериш таклиф этилди”, дейилади қонунга илова қилинган изоҳда.

“Рус тилида сўзлашувчи” мақомини олган одам жорий фуқаролигидан воз кечмасдан (масалан, ўзбекистонлик Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмасдан) Россияда вақтинча яшаш ҳуқуқи – “вид на жительство” олиши мумкинлиги ҳам қонун лойиҳасида ўз аксини топган.

Депутат Константин Затулин - қонун лойиҳаси ташаббускори
Депутат Константин Затулин - қонун лойиҳаси ташаббускори

Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев бу масалада қилган чиқишида гражданлик бериш тартиби билан махсус комиссиялар шуғулланишини билдирди.

- У ёки бу шахсни “рус тилида сўзлашувчи” сифатида қабул қилиш қарори, суҳбат натижасига кўра, махсус комиссия томонидан қабул қилинади. Бу тоифадаги шахслар учун гражданликни бериш тўғрисида қарорни қабул қилиш муддати 3 ой қилиб белгиланади, деди бош вазир Дмитрий Медведев.

Ҳозирча, “рус тилида сўзлашувчи” мақоми Россия ҳудудида туғилганларгагина берилади.

Лойиҳа муаллифи, парламентнинг МДҲ масалалари бўйича қўмита раиси муовини Константин Затулин бу таклиф Владимир Путин томонидан 2012 йилда киритилгани, бироқ Думанинг олдинги чақириғи қонунни самарасиз ҳужжатга айлантириб қўйгани борасида Дума йиғилишида сўзлади:

- Биздан бу гражданликни хоҳловчи ўз ҳамюртларимиз муаммоларига эътибор қаратиш талаб қилинмоқда. Айнан ҳамюртларимиз, мигрантлар эмаслигига эътиборингизни қаратаман! Шу сабабли, биз рус тилида сўзлашувчилар мақоми борасида янги қонун лойиҳасини қабул қилиш масаласини кўтардик. Эслатиб ўтаманки, 2012 йилда Россия Президенти ўзи ёки ота-бобоси Россия империяси ёки Совет Иттифоқида туғилган рус тилида сўзлашувчиларга осонлаштирилган тартибда ватандошлик бериш ҳақида гапирган. Икки йил ўтиб, олдинги Давлат Думаси депутатлари бу қонунни қабул қилишди, аммо гражданлик олувчиларни Россия Федерацияси ҳудуди билан чегаралаб қўйди. Натижада, бугунга келиб бу қонун асосида Украинадан келган 24 кишигина гражданлик олди, холос, деди депутат Константин Затулин.

Қонун ташаббускорлари орасида Қримнинг собиқ бош прокурори Наталья Поклонская ва Дон казак қўшинлари атамани Виктор Володацкийлар бор.

Улар “Гражданлик тўғрисида”ги Қонун тўлиқ кучга кирса, Россия ватандошлиги нафақат қариндошлик ёки рус миллатига мансублиги, балки “замин ҳуқуқи” (“право почвы”) асосида берилишини маълум қилмоқда. Бундан чиқди, осонлаштирилган тартибда гражданлик олиш ҳуқуқига Совет Иттифоқи ҳудудида яшаган ҳар бир шахс ва унинг қариндошлари эга бўлиши мумкинлиги белгиланди.

“Замин ҳуқуқи” – ирқий, миллий ёки тил мансублигидан қатъий назар у ёки бу давлат ҳудудида туғилганларнинг гражданлик олиш ҳуқуқини таъминловчи юридик атама.

Қонунга киритилиши таклиф қилинаётган ўзгартишлар қабул қилинса ватандошлик олмоқчи бўлганлардан фақат рус тилини яхши билиш талаб қилинади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида ота-онасидан бири Россия ватандошлигига эга болага гражданлик бериш ҳам осонлаштирилади.

Охирги вақтда Россияда жаҳоннинг бир қанча спорт ва кино усталарига шахсан Россия президенти Владимир Путин томонидан гражданлик бериш урфга кирди.

Таниқли профессионал бокс устаси Рой Жонс ҳам шахсан Путиндан Россия ватандошлигини олган эди.

Қримда ўзбекистонликларга осонлаштирилган тартибда гражданлик берилмоқда

Қонун лойиҳасини тузганлар илова қилинган тушунтириш хатида Ўзбекистон мисолида Россия ватандошлигини олишнинг ўта мураккаблаштириб юборилганига эътибор қаратилганини кўриш мумкин.

- Ўзбекистон Қримни Россияга тегишли эканлигини тан олмаётир, шу сабабли бу мамлакат элчихонаси Қримда “рус тилида сўзлашувчи” мақомини олганлардан Ўзбекистон ватандошлигидан чиқиш тўғрисида аризаларни қабул қилмаяпти, улар вақтинчалик яшашга рухсат ёки Россия ватандошлигини олиш ҳуқуқидан маҳрум этилмоқда", дейилади ҳужжат матнида.

Дума депутатларининг Қримда Россия гражданлигини олишда ўзбекистонликларга элчихона томонидан қийинчиликлар яратилаётгани тўғрисидаги мулоҳазаларини тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Бироқ, Қримда гражданлик олиш арафасида турган 47 яшар Бахтиёр Холматов Озодликка янги йилдан буён Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошларига гражданлик бериш тартиби кескин осонлаштирилганини тасдиқлаб, деди.

- Қрим татарлари ҳаммаси ўзбекистонлик-ку: мен билан турган бир татар танишим сўради – Ўзбекистон ва Тожикистонга осонлаштирилган тартиб берилаётган экан. ФМСдаги қизлар айтди бу гапни. “Ўзбекистон ва Тожикистонга гражданствога отказ қилмайди!”, деди. Мен шу бугун паспорт олиб келдим. Қизиғи, янги йилгача отказ қиларди! Янги йилдан кейин чиқибди шундай қонун. Лекин, ўзбекистонликларнинг паспорти янги бўлиши керак экан, деди Бахтиёр.

2016 йилнинг декабрида Россия президенти Владимир Путин амалдорларга собиқ ватандошларга Россия паспортини беришни осонлаштиришни буюрган эди.

Мутахассислар аҳолиси қариб ва йилдан-йилга камайиб бораётган 147 миллионли Россия жиддий демографик муаммолар олдида турганини таъкидлаб келмоқда.

Росстат 2016 йилнинг биринчи ярмида Россия гражданлари сони мигрантлар ҳисобига 142 минг кишига кўпайганини қайд этган. Улардан 9,5 мингдан зиёди – собиқ Ўзбекистон ватандошларидир.

XS
SM
MD
LG