Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:25

"Қидирувдаги боланинг президентга мурожаати!"


Сардор Тўйчиевнинг қидирув варақаси
Сардор Тўйчиевнинг қидирув варақаси

Қаршилик Сардор Тўйчиевнинг собиқ рафиқаси виртуал қабулхонага устидан арз қилганидан кейин қидирувга берилганини айтмоқда. Озодлик билан суҳбатда 32 яшар Сардор ўз фарзандига алимент тўлаб келгани ва Қарши милицияси уни асоссиз қидирувга берганини гапирди. “Ахир виртуал қабулхона одамларни қўрқитиш учун яратилмаганку!” дейди Россияда муҳожиратда юрган Сардор Тўйчиев.

32 ёшли қашқадарёлик Сардор Тўйчиев Москва вилоятидаги қурилишлардан бирида меҳнат қилади. Яқинда у Қарши туманида милиция томонидан қидирувга берилганини аниқлаган.

Озодлик билан суҳбатда Сардор милицияга қўнғироқ қилиб, собиқ рафиқаси устидан арз қилиб виртуал қабулхонага ёзгани, Қарши туман милиция ходимлари эса кўп ўйлаб ўтирмасдан уни қидирувга бериб юборганини сўзлади.

- Мен Тўйчиев Сардор Бахтиёровичман, Қашқадарё вилояти, Қарши тумани, Нуқробод маҳалласи, 32 уйда тураман. 2007 йилда уйланиб, бир йил ўтиб ажрашганман. Ҳаётим бўлмади, кейин мен яна уйландим. Собиқ аёлим алиментга топширди – 14 миллион сўм тўладим. Ҳозир ойма-ой тўлаб бораяпман, қўлимда суд қарори бор ва тўлов чекларигача бор. Булар эса мени қидирувга берворибди! Нима сабабдан? Маҳалла оқсоқоли келиб айтибди: дадам чиқиб қарасалар, чиндан расмларимни илиб ташлашибди. Мен учун бу шармандаликку! Мен террористмиман, наркобаронми? Ҳозир девонаям порталга ёзаяпти. Портал нима – қўрқитиш, босим ўтказиш учун очилмаган-ку?! Милиция ходимига “Нимага мени қидирувга бердингиз?”, десам, “Э, хотинигиз порталга ёзибди!”, дейди. Мен энди бутун умр порталдан қўрқиб юришим керакми? деди Сардор.

Суҳбатдош олдинги турмуш ўртоғидан бир қизи, ҳозирги турмушидан икки қизи борлигини айтади.

Сардор Тўйчиевнинг Қарши туман милицияси томонидан қидирувга берилган
Сардор Тўйчиевнинг Қарши туман милицияси томонидан қидирувга берилган

Сардор маҳаллада ўғлининг қидируви тўғрисида осилган варақани кўриб, яқинлари шок ҳолатига тушганини айтиб, дейди:

- Менинг онам ҳозир давление билан уйда ётибди. Шу тўғрими? Онамнинг кўз-ёши учун отиб ташласа ҳам тўғрисига бораман! Икки болам учун ҳар қандай қаршиликка чиқаман! Гапларим ўшаларга етказиш учун сизлар орқали чиқаяпман. Мени ноқонуний қидирувга берганларни эшитишини хоҳлайман. Мен боламнинг отасиман – “Тўламиман!”, демаяпман, қўлимда чекларим бор. Мени олдимга “ота” деб келади. Маҳалладан сўрасин менинг кимлигимни! Мен буни тинч қўйманман – тўғри президент қабулхонасигача бораман! Текширсин – мен қўрқмайман. Икки боламнинг ҳаёти нима бўлади?! Эртага отаси қидирувда бўлса... Шуларга етказинг – “Қидирувдаги боланинг президентга мурожаати!”, деб ёзиб қўйинг, деди милиция ходимларининг асоссиз қидирув бошлаганини иддао қилган қаршилик Сардор Тўйчиев.

Ҳозирда Москвада қолаётган Сардор Ўзбекистонга ҳам бора олмаётгани ва барча имкониятларни ишга солиб, шу ердан туриб ўзининг ҳақлигини исботлашга уринишини билдирди.

Сардор Тўйчиев билан тўлиқ суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:55 0:00
Бевосита линк

Озодлик Сардор Тўйчиев масаласида уни қидирувга берган Қарши туман милиция бўлимига мурожаат қилди.

Телефон гўшагини кўтарган навбатчи ходим Сардор Тўйчиев ҳақиқатан қидирувда эканини тасдиқлаб:

- Ўзи телефон қилсин унда, дея гапни қисқа қилди.

Озодлик қашқадарёлик Сардор Тўйчиев ишини кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG