Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:23

Ҳукумат йиғинида Мирзиёев Ўзбекистонда "аҳвол ниҳоятда оғир"лигини тан олди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев.

Озодликка Telegram тармоғи орқали етиб келган аудиотасмада президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги "ниҳоятда оғир аҳвол"ни ўнглаш учун келгуси икки йил давомида мутасаддилар "фавқулодда ҳолат"да ишлаши зарурлигини айтади.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон ҳукуматининг бир-биридан мустақил икки расмийси Шавкат Мирзиёевнинг бу сўзлари 11 апрель кунги видеоселектор йиғилишида янграганини тасдиқлади.

Бугунги талаб

Президент этиб сайланишидан беш ой ўтиб Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда "вазият ниҳоятда оғир"лигини очиқча тан олди:

- Аҳвол ниҳоятда оғир. Томошабин бўлиб ўтира олмаймиз. Ўтиришга ҳаққимиз ҳам йўқ. Одамлар биздан бугун талаб қилаяпти, - деди Шавкат Мирзиёев.

"Фавқулодда вазият"

Ўзбекистонда кадрларни тайёрлаш тизими йўқлигини айтган президент келгуси икки йил давомида мутасаддилар "фавқулодда вазиятда" ишлаши зарурлигини эълон қилди:

- Бизда кадр тайёрлаш тизими йўқ десак, адолатдан бўлади. Йўқ. Албатта, икки-уч йилдан кейин кадрлар келади. Ёш, яхши кадрлар. Лекин, ҳозир мен қарор қилдим, икки йил фавқулодда вазиятда ишлаймиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

"Давлат ғилдираги"

Президент айни йиғинда Ўзбекистондаги тўртта давлат ташкилоти - прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ҳокимият - "бутун давлатимиз тизимининг ғилдирагини айлантиради", деб айтди ва бу идоралар раҳбарларини ҳар ҳафта ўзига ҳисобот беришга вазифалантирди:

- Ҳар ҳафтада менга шахсан ёзма равишда ҳисобот берасиз: нимага эришилди, кимни ишдан олиш керак, кимга чора кўриш керак, кимга қандай имконият яратиш керак, кимни ишга жойлаш керак, кимга қанча пул керак. Қаерда ғилдирак айлантирилади¸ ҳар бир вилоят бўйича аниқ-аниқ айтасизлар, - деди Шавкат Мирзиёев.

"Ҳамма далага"

Ўзбекистон президенти давлат бошқаруви органлари ходимлари ишини назорат қилиш учун вилоят ҳокимларига ўзларига бириктирилган ҳудудларда "ўз штабларини" ташкил этишга буйруқ берди:

- Вилоятлар раҳбарлари ўзларига бириктирилган шаҳар ва туманларнинг ҳар бирида туман ва шаҳарлари раҳбарлари ҳудуди учун қулай бўлган жойда ўз штабларини ташкил қилади. Ҳамма далага чиқиб кетади. Штабни ташкил қилиб, Бош вазир қарори ўн кундан кейин чиққанидан кейин ўша штабнинг менга телефони, штабни жойи берилади , - деди Шавкат Мирзиёев.

"Уйга боришни йўқ қиламиз"

Мирзиëев барча маҳаллий раҳбарлар фаолияти устидан назоратни шахсан ўзи олиб боришини таъкидлади:

- Мен ўзим назорат қиламан. Шу районни прокурори қаерда, милицияси қаерда, солиқчиси қаерда, ҳокими қаерда. Уйга боришни йўқ қиламиз. Икки йил фавқулодда, масъул иш тизимига ўтамиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президент барча вилоят раҳбарлари тўрт идора раҳбарига, тўрт идора раҳбари эса шахсан унинг ўзига ҳисобот бериб туришини йиғилиш давомида бир неча марта эслатди.

"Эски ҳаммом, эски тос... бўлмайди"

Президент халқ билан мулоқот йилида раҳбарлар халқ муаммоларини ё ҳал қилишлари шартлиги ёки вазифаларидан кетишларидан огоҳлантирди:

- 2017 йил - "Халқ билан мулоқот йили" деганда ҳеч ким тушунмовди. Ўйлаган эдиларингки, ҳа эски тос, эски ҳаммом бўлади, деб. Ундай бўлмайди. Ё гаплашасизлар, масалани ҳал қиласизлар ёки кетасизлар, - деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг халқдан тушган ариза ва шикоятлар сезиларли миқёсда озайганига оид ҳисоботига шубҳа билдирган Шавкат Мирзиёев шаҳар милиция ва прокуратура ходимларини ҳокимиятга келган шикоятларни яширишга уринаётганликда айблади:

- Сенинг прокуроринг ва милициянг ҳақида менда маълумот бор. Мен ҳозир айтмоқчи эмасман. Қабулхонага бориб, прокуратурадан келган шикоятларни киргизма, деяпти прокуроринг, милициянг. Менда маълумот бор. Сен билмаган нарсангни нима қиласан мақтаниб. Билмасанми, сенинг энг катта xатоинг нима? Ичига кирмайсан, - деди Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳокимига қаратилган гапида.

XS
SM
MD
LG