Эски конларда олтин қазиб олаëтган ғайриқонуний икки гуруҳ орасидаги жанжал видеода акс этди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, ушбу можарода жароҳатланганлар ёки ҳибсга олинганлар бўлмаган.
Бу эски конлар бир вақтлар Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфида бўлган Хатирчи тумани Олтинсой мавзеи Оқтепа маҳалласида жойлашган.
Олтинсойда олтин васвасаси
Воқеа гувоҳи бўлган хатирчилик 42 яшар Салоҳиддин Аҳмедов ташландиқ конларда юз берган воқеани айтиб берди ва видеосини жўнатди.
Видеода тоғ ëн бағридаги тошлоқ бир жойда жанжал қилаëтган қирққа яқин одам акс этган.
Воқеа гувоҳининг айтишича, икки кундан бери давом этаëтган олтин изловчилар"разборка"сидан олтинсойликларнинг тинчи бузилган:
- Жанжал бўлаëтган жойда маҳалламизда истиқомат қилаëтган ўспиринлар ҳам бор. Уларга зиëн-заҳмат етмасин деб милицияга арз қилсак инобатга олмаяпти¸ дейди суҳбатдош.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ушбу жанжалдан хабардорлиги ва вазият назорат остида эканлигини айтишди.
Соëбон остидаги “олтин бизнеси”
Озодлик билан суҳбатлашган Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Биринчи гидрометаллургия заводи муҳандисининг иддаосига кўра, "бу гуруҳларга маҳаллий расмийлар, милиция ва прокуратура раҳбарлари ҳомийлик қилмоқда".
"Собиқ Иттифоқ даврида бу ерларда геология қазиш ишлари олиб борилган. Кейин бу конлар ташлаб қўйилди. Ўн йилча олдин бу ерда маҳаллий аҳоли, қолаверса бошқа ҳар ҳил жиноий тўдалар ўзлари ишчи ёллаб олтин қаздиришди. Кимлардир бунга ҳомийлик қилишди. Маҳаллий аҳоли болалари ўз жонларини ўйламасдан олтин деб ўзларини 100-200 метр келадиган шахталарга кириб, қурбон бўлишгача борди ва кўпчиликни тош босиб, ўликлари тош тагида хам қолиб кетди. Буни устига тўдалар ўртасида жанжал ва муштлашувларда ҳам одамлар ўлди. Ўртада бир оз тинчиб қолувди хозир яна ноқонуний тарзда олтин изловчилар орасида можаролар бошланиб туман нотинч бўлиб турибди", дейди суҳбатдош.
Порталга шикоят
Хатирчилик Салоҳиддин Аҳмедов иддаосича¸ маҳалла аҳолиси “олтин васвасаси” боис жанжал қилаëтган тўдалар устидан порталга ëзган бўлса ҳам Хатирчи туман ИИБ ва прокуратура ходимлари воқеаларни бости-бости қилиш учун тиришмоқда:
"ИИБга ариза берсак¸ улар воқеани ëпишга ҳаракат қиляпти. Шу боис порталга ëздик", дейди суҳбатдош.
Унга кўра, давлат мулозимлари акахонлик қилаëтган иккита гуруҳга оид ёлланма ишчилар бемалол кон ҳудудига кириб, олтин қазимоқда:
"Буни бировга таянмасдан амалга ошириш қийин. Агар кимдир қўлга олинган бўлса¸ демак буни рақобатчи гуруҳнинг акахони амалга оширган"¸ дейди суҳбатдош.
Прокуратура олтин восвосларига қарши ҳужумга ўтган
Айни пайтда Навоий вилоят прокуратураси терговчиси Олтинсой мавзеида ноқонуний олтин қазиш ишларига қарши тизимли чоралар кўрилаëтгтанини айтди:
"Илгари бу ҳудуд "режимли зона" ҳисобланар эди. Ҳозир бу мақом йўқ. Лекин бу дегани маҳаллий ва ёлланма ишчилардан иборат ғайриқонуний гуруҳлар бемалол кон ҳудудига кириб, олтин қазийди дегани эмас. Бундан бир ярим йил олдин Олтинсойда ноқонуний олтин қазиб олиш билан шуғулланган шахсларни жиноий жавобгарликка тортганмиз¸ ҳозир ҳам шу йўналишда ишлар тизимли тарзда давом этмоқда", дейди прокуратура ходими.
Суҳбатдош Навоий вилоятининг Қорақўтон ва Олтинсой ҳудудларида маҳаллий аҳоли ва республиканинг турли ҳудудларидан олиб келинган юзлаб одам ғайриқонуний олтин қазиш билан бандлигини инкор этмаган ҳолда бу ҳолатга қарши кураш мавжудлигини писанда қилди.
Бир қамалса бири келади
2015 йилда Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Қорақўтон конидан таркибида бир миллион долларлик олтин бўлган рудани ўғирлаганликда айбланганидан сўнг Россияга қочиб кетган Ўзбекистон ватандоши Жавлонбек Исматов расмий Тошкент сўровига биноан қўлга олиниб¸ мамлакатга экстрадиция қилиниб судга тортилган эди.
Навоий прокуратураси ходимига кўра, "Жавлонбек Исматов 2012 йилдан 2014 йилгача Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли “Қорақўтон” конидан олтин ўғирлайдиганлар жиноий гуруҳига раҳбарлик қилган" ва вилоятда қўлбола ускуналар ëрдамида рудадан олтин ажратиш цехларини ташкил қилган".
Суҳбатдошга кўра¸ бу гуруҳлар олтин қазишнинг ўта хавфли ибтидоий усулларидан фойдаланади. Ер остидаги конни шамоллатиш учун ҳар жой, ҳар жойда туннеллар қазилган ва олтин изловчилар ана шу туннеллардан белига арқон боғлаб 60 метр пастга тушади; чўкич ва белкурак ёрдамида рудани қазиб, юқорига олиб чиқишади¸ дейди Қорақўтон конидаги вазиятдан хабардор бўлган манба.
Олтин қурбонлари
Ноқонуний қазувларда техника хавфсизлигига риоя қилинмагани учун Қорақўтонда ўлим ҳоллари тез-тез юз беради.
Хусусан¸ 2014 йили Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи Қувончбек Жумаев беш нафар шериги билан конга ўғриликка кириб¸ руда кавлаб олаётганларида, устларига тоғ жинслари қулаб тушган эди.
Жумаев ва унинг уч нафар шериги жароҳатланган, икки нафар шериги эса тош остида қолиб нобуд бўлган эди.