Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:04

Матбуот шарҳи: Меҳнат вазирлигига “офарин”: cавол – боғдан, жавоб – тоғдан


Фарғонада виртуал қабулхона мурожаатига беписанд мансабдорларга иш қўзғатилди. Ички ишлар вазири фуқароларга қўполлик қилаётган ходимларни кескин огоҳлантирди. Тошкентда носоз йўл cабаб ёш бола нобуд бўлди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Ички ишлар вазири: Фуқароларга қўполлик қиладиган ходимларга сафимизда ўрин йўқ

Ўзбекистон Ички ишлар вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов хизмат вақтида спиртли ичимлик истеъмол қилаётган ва фуқароларга қўпол муносабатда бўлаётган ички ишлар ходимларини танқид қилди (“Постда”, 29 апрель).

Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида ўтган катта йиғилишда касбига нолойиқ ички ишлар ходимлари хусусида видеоролик ҳам намойиш этилган.

“Бу хизмат кийими сизларга ҳудудингизда ўзингизни кўз-кўз қилиш, фуқароларга қўпол муомала қилиш учун берилмаяпти. Сизлар ҳудудда осойишталикни таъминлашга, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга, жиноятларнинг олдини олишга биринчи галда жавобгарсиз”, деган вазир А.Азизов.

Йиғилишда вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган ходимларга қонуний чора кўриш юзасидан кўрсатма берилган.

Тошкент вилоятида носоз йўл cабаб ёш бола нобуд бўлди

​Тошкент вилояти Қибрай тумани Чингелди маҳалласи йўллари носозлиги боис кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари рўй бермоқда (“Даракчи”, 4 май).

Шу ҳудудда яшовчи Аброр Қодировга кўра, автоавариялардан бирида ёш бола нобуд бўлди. Аммо 2015 йилда асфальт ётқизамиз деган ваъда билан кавлаб кетилган йўл ҳамон абгор аҳволда қолмоқда. Шунингдек, фуқаролар мурожаатидан маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Дамариқ маҳалласи йўллари 30 йилдан буён асфальтланмаган.

Андижон вилояти Пахтаобод тумани Қашқир массивидаги янги намунали уйлар қурилган кўчалар хароб аҳволда. Қорақалпоғистон Республикаси Беруний шаҳри Хончарбоғ кўчаси йўллари ёғин-сочин пайти ботқоқликка ўхшаб қолади. Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани марказий йўли ўта таъмирталаб аҳволда.

Фарғонада виртуал қабулхона мурожаатига совуққонлик билан қараган ҳоким ва мансабдорларга иш қўзғатилди

Фарғона вилоятида Президент виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатларни ҳал этишда мансабдорларнинг масъулиятсизлиги ва сансалорликка йўл қўяётгани аниқланди (“Ҳуқуқ”, 4 май).

Масалан, мурожаатларни кўриб чиқишда ҳуқуқбузарлиги учун Бағдод тумани ҳокими С.Зокиров, Фарғона вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси раҳбари И.Жалилов, “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси бошлиғи А.Эргашевга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасига кўра иш қўзғатилиб, судга юборилган. Бундан ташқари, яна 8 та ҳолат бўйича мансабдорларга жиноий иш очилган.

Меҳнат вазири ўринбосари сохталиклар хусусидаги саволга жавоб беришдан қочди

Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг расмий сайтида (mehnat.uz) берилган бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларда сохталик ва ноаниқликлар учрамоқда (“Оила даврасида”, 4 май).

Газета мухбири Ўртачирчиқ туманидаги 8-мактабда ўқитувчи штати бўш экани ҳақидаги эълонда кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилганда гўшакни кекса онахон кўтариб, бу мактабнинг рақами эмаслигини билдирган.

Ёки 63-мактабдаги вакант ўрин – кутубхоначи лавозимига ваъда қилинган 3,5 миллион сўм ойлик ҳам сохта экани маълум бўлган.

Газета бу борада Меҳнат вазирлигига мурожаат этган. Аммо вазир ўринбосари Баҳодир Низомов савол “боғдан” бўлса, унга “тоғдан” жавоб берган.

Қайд этилишича, ўтган йили мамлакат бўйича 1,5 миллион одамни ишга жойлаштиришга эҳтиёж бўлса-да, бандликка кўмаклашиш марказлари атиги 248 минг кишини иш билан таъминлаган.

GM Uzbekistan ширкати машиналар нархи ошиши ҳақидаги хабарларни рад этди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “GM Uzbekistan” ширкати автомобиллари нархи ошиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ.

Бу ҳақда ширкат “Даракчи” нашри орқали маълум қилди. Компания нарх-наво борасидаги ўзгаришлар www.gmuzbekistan.uz расмий сайти орқали эълон қилинишини уқтирган.

Қайд этилишича, автомобилларни етказиб бериш муддати кечиккан ҳолларда ширкатнинг +99871 147-14-14 ишонч телефонига қўнғироқ қилиш мумкин.

Мижозлар Ўзбекистонда монопол мавқега эга “GM Uzbekistan” машиналарини етказиб бериш ойлаб кечикиши ҳақида шикоят қилиб келади.

Матбуот: Таълим муассасалари атрофида фаст-фуд сотаётган олғирлар фаолияти тақиқланиши керак

Ўзбекистондаги таълим муассасалари ҳудуди ва атрофида болалар саломатлигига зарар саналган тезпишар егуликлар – фаст-фуд сотиш билан шуғулланаётган олғирлар учрамоқда (“Ҳуррият”, 3 май).

“Мавжуд қонунчиликка кўра, умумтаълим муассасаларидан 500 метр радиусда жойлашган савдо шахобчаларида тамаки ва спиртли ичимликлар билан савдо қилиш тақиқланган. Фикримизча, мактаб ҳудудига яқин жойларда санитария ва гигиена талабларидан келиб чиққан ҳолда тезпишар, кучли газланган ва таркибида турли зарарли ранглар бўлган маҳсулотлар сотишга ҳам чек қўйиш ёки бутунлай тақиқлаш зарур”, деб ёзади газета.

Айтилишича, фаст-фудлар таркибида фойдали витамин ва минераллар кам бўлиб, тезпишар егуликлар болалар саломатлигига салбий таъсир этади.

XS
SM
MD
LG