Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:14

Россия суди Украина фуқаросини Ўзбекистонга бериб юбормоқчи (ФОТО)


Абдуманнон Жумабоев Украинада тижорат билан шуғулланарди
Абдуманнон Жумабоев Украинада тижорат билан шуғулланарди

Россиянинг Брянск вилоят суди келиб чиқиши ўзбекистонлик Украина ватандошини Ўзбекистонга бериб юбориш тўғрисида қарор чиқарди. Озодликка маълум бўлишича, 38 ёшли шаҳрихонлик Абдуманнон Жумабоев жорий йил апрелида Санкт-Петербургда қамоқхонада ётиб чиққан, лекин уни Россия Бош прокуратураси талаби билан шаҳарнинг Фрунзе туман суди озод қилган. Ҳимоячисининг айтишича, Жумабоев Ўзбекистон хавфсизлик хизмати томонидан “диний-экстремистик ташкилотга аъзоликда” гумон қилиниб, қидирувга берилган.

2017 йилнинг 9 июн куни Брянск вилоят суди келиб чиқиши андижонлик 1979 йилда туғилган Жумабоев Абдуманнон Жўраевични Ўзбекистонга бериб юбориш тўғрисида қарор чиқарди.

Озодлик Брянск вилоят суди мулозимидан бу хабар тасдиғини олди.

- Вилоят суди унинг шикоятини қондирмади ва Россиядан чиқариб юбориш тўғрисида ҳукм чиқарди, деди ўзини таништирмаган суд расмийси.

Асли шаҳрихонлик, аммо ҳозирда Украина ватандошлигини олган Абдуманнон Жумабоев 2017 йилнинг апрел бошларида Львов шаҳридан Санкт-Петербургга шахсий иш масаласида - петербурглик тадбиркорлардан бири унга бермаган иш ҳақини олиш мақсадида келган. Шу йилнинг 15 апрелида Абдуманнон Жумабоев Россия махфий хизматлари томонидан ижарада турган квартирада ҳибсга олинган.

Россия Бош прокуратураси олиб борган текширув натижасида ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари босими остида Петербург шаҳри Фрунзе туман судининг 2017 йил 17 майидаги қарори билан андижонлик муҳожирга қўйилган даъволар бекор қилинган ва у Украинага чиқиб кетиши мумкинлиги айтилган.

18 май куни Москва-Львов поездида Россиядан чиқиб кетаётган Абдуманнон Жумабоев рус чегарачилари томонидан поезддан тушиб қолдирилган ва яна бир бор маъмурий жавобгарликка тортилган.

Брянск шаҳар суди қарорида ўзбек қочқини “Россия ҳудудида миграция қонунларини бузгани”ни қайд этилган ва уни ... Ўзбекистонга бадарға қилиш тўғрисида ҳукм чиқарилган.

А.Жумабоевнинг Украина паспорти
А.Жумабоевнинг Украина паспорти

Жумабоевнинг жамоатчилик ҳимоячиси, Инсон ҳуқуқлари "Ёрдам" ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев у Украина граждани экани ва уни Ўзбекистонга бериб юбориш барча халқаро инсон ҳақлари меъёрларининг бузилишига олиб келишини Озодликка гапирди.

- Ҳеч қайси ҳужжатда унинг Украина паспортига эга эканлиги кўрсатилмасдан, қалбакилаштириб, Ўзбекистонга қайтаришмоқчи. У Ўзбекистонда “диний экстремизм” бўйича қидирувда эди. Апрел ойида Санкт-Петербургда қамоқхонада ётиб чиқди. Биз шуғулландик иши билан – Россия Бош прокуратураси уни озод этди! 18 май куни мен шахсан ўзим унга Москва-Львов поездига билет олиб бердим. Россия чегарачилари яна поезддан тушириб, Жумабоев Абдуманнонни маъмурий жавобгарликка тортди. Бугунги судда прокуратуранинг Жумабоевни озод қилгани ҳақида гапирилмади, унинг Ўзбекистонда ёки халқаро қидирувда юргани ҳеч қайси ҳужжатда акс этмади. “У Ўзбекистон граждани, Ўзбекистонга кетиши керак!”, деган қарор чиқарилди, дейди ҳуқуқ фаоли.

“Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевга кўра, рус ФСБси Абдуманнон билан бирга турган квартира эгаларини қонунга хилоф равишда фотосуратга туширган ва Сурияда бўлган-бўлмагани тўғрисида саволлар берган.

А.Жумабоевнинг озод қилиниши тўғрисида Петербургнинг Фрунзе туман суди чиқарган қарор
А.Жумабоевнинг озод қилиниши тўғрисида Петербургнинг Фрунзе туман суди чиқарган қарор

Баҳром Ҳамроев Абдуманнон Жумабоев иши Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг алоҳида назоратида экани, шу сабабли рус чекистлари уни бериб юборишга шошилаётганини иддао қилди.

- Бу йигитнинг Украинада оиласи бор, Андижонда ҳеч кими қолмаган. Битта акаси бор – у ҳам Ҳизб-ут Таҳрирга аъзоликда айбланиб 17 йилдан бери қамоқдан чиққан эмас! Ҳужжатларда эса уни экстрадиция эмас, “миграция қонунларини бузган”, “Брянск шаҳрига саёҳатга келган” дейилади ва бир оғиз ҳам уни чегарачилар поезддан тушириб олишганини билдиришмаган. Россия ишбилармонлари унга 500 минг рубл пул бермаган – шу пулларини олишга келган аслида бу йигит, деди Баҳром Ҳамроев.

"Ёрдам" ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:18 0:00
Бевосита линк

“Ёрдам” ташкилоти раиси Брянск вилоят судининг Жумабоевни Ўзбекистонга бериб юбориш ҳукми устидан Европа инсон ҳуқуқлари судига мурожаат қилиши ва экстрадицияни тўхтатишини билдирди.

Ҳимоячилар андижонлик қочқин Абдуманнон Жумабоев Россиядан ҳудудидан ноқонуний тарзда ўғирлаб кетилиши мумкинлигини ҳам инкор этмади.

XS
SM
MD
LG