Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:03

Тошкентда тазйиққа учраган “Ўзбек Пикассоси” Москвада кўргазма очди (ВИДЕО)


Москвада эски рассом дўстим КУКА нинг кўргазмаси очилди. Севиндим.

КУКА тахаллуси билан танилган 66 яшар тошкентлик рассом Ҳикмат Ғуломов ўз вақтида Марказий Осиëда авангард тасвирий санъат кашшофларидан бири бўлган эди.

1984 йили у билан илк марта учрашганимда КУКА тан олинмаган¸ Рассомлар уюшмасидан ҳайдалган¸ расмий доиралар эътироф қилмайдиган¸ камситилган¸ хўрланган бир рассом эди.

Совет пайтида Пикассодан илҳомланиб модернистик изланишлар қилган формалист ўзбек рассоми КУКА ҳақидаги афсоналар оғиздан оғизга кўчар эди.

Тошкентда тазйиқ қилинган рассом Москвада кўргазма очди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:06 0:00

КГБ назоратидаги КУКА

КУКА ўшанда КГБ(СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси) назоратида эди.

Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомлик институтини 1975 йили тугатган Ҳикмат Ғуломов "Совет тасвирий санъати ва совет тузумини севмаслигини" очиқ ифода қиладиган "диссидент" сифатида назоратга олинган бўлса ҳам¸ рассом формалистик изланишларни давом эттира олди.

Ҳикмат Ғуломовнинг 1976 йил чизган асари
Ҳикмат Ғуломовнинг 1976 йил чизган асари

1976 йилда КПСС марказий қўмитасининг "Ëш ижодкорларни рағбатлантириш" қарори асосида Ҳикмат Ғуломов Тошкентда энди очилган Илҳом театри фойесида кўргазма ташкил қилди.

Бу кўргазма авангард услубидаги асарлардан таркиб топган Марказий Осиëдаги илк кўргазма бўлди.

Кўргазма бор йўғи икки кун умр кўрди. Ўша давр мафкураси бу расмларни "социалистик турмуш учун хавфли" деб топиб, тақиқлаб қўйди.

У чизган расмларни кўрган мулозимлар Ҳикмат Ғуломов ақлдан озибди деб ўйлашган.

Пировардида Ҳикмат Ғуломов руҳий ҳастахонада мажбуран "даволанди".

Совет жазо психатерапияси чизган асарлари учун уни руҳий хаста деб топгани ортидан КУКА бир муддат жамоатчиликдан изоляция қилинди.

Ўзбекистон рассомлар уюшмаси сафидан ўчирилди. Рассомга махсус дўконлардан мўйқалам ва бўëқ сотиб олиш тақиқлаб қўйилди.

Рассомнинг бу автопортрети мулозимларни ғазабга келтирган эди
Рассомнинг бу автопортрети мулозимларни ғазабга келтирган эди

КУКА расмлари

Санъат билимдонлари Кука деб улуғлайдиган рассом Ҳикмат Ғуломовнинг иккита асаригина Ўзбекистон ғарбидаги музейда сақланиб қолди. Қолганлари йўқолиб кетди.

Ҳикмат Ғуломов асарларида Пикассо таъсири сезилади
Ҳикмат Ғуломов асарларида Пикассо таъсири сезилади

1984 йилда Урганч суратлар галереясини шакллантириш Совет Ўзбекистони Маданият вазирлиги тарафидан менга ишониб топширилганида дарҳол Ҳикмат Ғуломовни излашга киришдим.

Ўзбекистон рассомлар уюшмаси кадрлар бўлимига бориб, Ҳикмат Ғуломовни сўраб суриштира бошладим.

"Кука аллақачон ўлиб кетган жиннихонада" дейишди. Яна бировлар "Кука наркоман бўлиб ломкада ëтибди"¸ дейишди. Бошқалар эса "Кука улуғ тангри тоғларида шомонлар билан бирга Дзен Будда таълимотини ўрганмоқда" дейишди.

Аммо ҳеч ким аниғини айтмади. Рассом Баҳодир Жалолдан сўрасам, Марина Соколова билади, деди

Санъатшунос Марина рассом Чингиз Аҳмаровга қўшни эди. Эшикни тақиллатдим.

​Ориқлаб кетган ва илгариги Маринани эслатувчи икки катта кўзи қолган аëл эшикни очди.

Саволни эшитиб қўрқиб кетди.

"Зачем вам Кука? Оставьте меня в покое," деб юзларини қўллари билан ëпди.

Билишимча, Кука юзасидан Соколова бир неча марта КГБга допрос бергани боис катта стрессда эди.

Куканинг суратларини сотиб олмоқчиман, дедим.

Совет пайти учун хос бўлмаган бир жумла эди бу.

Хуллас, Марина билан етаклашиб Тошкентнинг олис бир бурчидаги Қорасув массивининг кўп қаватли уйлардан бирига бордик.

Ниҳоят Кукани топдик.

Чарақлаган қуёш

Кичкинагина¸мўғулбашара бир йигит эди.

Ҳаëт эзиб ташлаган бўлса ҳам, кўзлари ирония ва қитмирлик билан тўла эди.

Ўша пайтда харидоргир бўлган жинси шимларни тикиб сотиб кун кўраëтган эди.

Марина мени таништирди.

Ҳарҳолда Ҳикмат Ғуломов руҳий хастахонадан чиққанидан кейин уни йўқлаган илк музей ходими эдим мен.

Кука расмларини ëйиб ташлади.

Ҳудди қора булут қоплаган осмонни қуëш ëриб чиққандай бўлди.

Унинг расмларидан чиққан ëруғликни кучли прожектор билан қиëслаш мумкин.

Айниқса автопортретлар.

Кука ўзини сариқ масхарабоз¸ клоун тарзида тамсил қилган эди.

Хуллас Кука (Ҳикмат Ғуломов) нинг 10та асарини ГЕКга (Давлат Бадиий экпертиза комииссияси) олиб бордим.

Расмларни Кукани ўзи арқон билан боғлаб, елкасига ортиб кўтариб борди. "Инқилоб" хиëбони (Ҳозирги Амир Темур хиëбони)га ëндош ДХВ (Бадиий кўргазмалар дирекцияси) биносиниг рутубатли айвони Кука асарлари ëруғидан ëришиб бирдан равшан бўлиб кетгани эсимда.

Ҳатто бу равшанлик ГЕК аъзоларининг муз юракларини ҳам эрита олди.

Социализм темасидаги рутубат картиналардан чарчаган комиссиянинг жиддий аъзолари ниҳоят олдиларида ҳақиқий рассомнинг ҳақиқий асари турганини ҳис қилишган эди.

ГЕК раҳбари¸ Маданият вазирлиги тасвирий санъат бошқармаси бошлиғи Маргарита Соколова табассум ва қониқиш билан мени қўллаб-қувватлагани эсимда.

"Бу нима бу?"¸ сўради комиссия раисаси Маргарита Соколова.

Бу саволдан Кука ноқулай аҳволга тушиб: "Это Шухрат заставил меня" деб менга хижолат билан қаради.

Мен қатъият билан Урганч галереясида замонавий коллекция зарурлигини айтдим.

"Нега?" дейишди ГЕК вакиллари.

"Урганчга чет элллик туристлар кўп келади. Улар учун махсус модерн коллекция лозим," десам, сабабни жўяли, деб топишди.

Охир оқибат Ҳикмат Ғуломовнинг икки асарини Урганч галереяси учун харид қилинишига изн беришди.

Ҳикмат Ғуломовнинг "Кактусли натюрморт" ва "Автопортрет" асарлари ҳозир Урганч сувратлар галереяси фондида сақланмоқда.

Аниқроқ айтсак, давлат хазинасида.

Кейин Ҳикмат Ғуломовни учратмадим.

Унинг уйидаги 500 дан ортиқ рангтасвир асарининг кейинги тақдири номаълум.

Ҳикмат ҳақида сўрасам, "Кука чарх ишлатмасдан худди қалдирғоч ин ясаган каби кўза ясаяпти Тибетда," дейишди.

Яна бировлар эса Кукани Бразилиядаги аборигенлар еб қўйганига ишонишади.

"Синдиришга уринишди, лекин синмадим"

Ҳикмат Ғуломов билан учрашувдан 33 йил ўтиб унга қўнғироқ қилдим.

- Э Шуҳратжон бормисиз. Тирикман ҳали Марк Твен айтганидек, мени ўлганим ҳақидаги хабарлар бўрттирилган. 1976 йилда мени синдиришга уринишди¸ лекин синмадим¸ - дейди рассом.

Рассом бир ярим соатлик суҳбатда 1976 йили тақиқланганидан бери кўрган кечирганлари¸ азобу уқубатларини ҳикоя қилди.

Нафис санъат ғоясига ишонган¸ гўзалликни маслак деб билган дарвеш ҳикояси эди бу.

Формализм билан бошланган ва реалистик услубда давом этаëтган ижод йўлининг ўртасида рассом кулол бўлиб чархсиз кўза ясаб юрганини эслади.

Чархсиз кўзани фақат қалдирғочлар ва Кука ясай олади.

Одатда кўза айланиб турган чарх устидаги лойдан ясалади.

Аммо қалдирғоч ўзининг лойдан бўлган кўза каби уясини чархсиз қуради.

Тумшуғида лой келтириб секин-секин ясайди.

Одам бу ишни қилиши учун ўта хотиржам бўлмоғи ва қалдирғоч каби чуғурлаб, яратганга тинимсиз сано ва ҳамд айтмоғи керак.

Кука буни уддалади. Аммо кейинчалик КУКА ўзи ясаган кўзалар ичида ғойиб бўлди дейишди.Рассомга қулоқ соламиз:

- Услубим ўзгарди. Мен реализмга қайтдим. Йўқ бўлмадим балки борлиқни акс эттиришнинг янги воситасини кашф қилдим. Бу кашфиëтим ҳам эътиборсиз қолди. Яна вақт конюнкътурасига мос тушмади. Лекин йўқдан бор¸ бордан йўқ бўлмайди. Москвадаги кўргазмам одамлар орасида қизиқиш уйғотди¸ - дейди ҳудди 33 йил олдинги болаларча соддалик билан Ҳикмат Ғуломов.

Рассомнинг янги асари
Рассомнинг янги асари

Аслида Москва арт-бомонди Ҳикмат Ғуломов кўргазмасига мутлақ бефарқ бўлди.

Таниқли мунаққид ва арт нашрлар бу кўргазма ҳақида бирор жумла ëзишни ўзига эп ҳам кўрмади.

- Расмларим сотилмаяпти¸ моддий қўлловга муҳтожман¸ - дейди сўнгги 40 йил ичида доимий қашшоқликда яшаëтган рассом.

У туғилганида сиëсий ҳушëр ўзбек бобоси уни кўриб Хитой раҳбари Мао Цзе Дунга ўхшар экан, деб айтган¸ қозоқ бобоси эса йўқ бу Мао Цзе Дун эмас эмас - бу Кўка, дейди. Шундан кейин Ҳикматжонни яқинлари Кўка деб аташди. Кўка Чимкент қозоқларида "ҳурматли" англамида келади. "Ў" ҳарфи бўлмагани боис "кўка" "кука"га айланиб, рассомга тахаллус бўлиб ëпишди.

Кука асарлари Урганч музейига олинган 1984 йилдан бери ер курраси қуëш атрофида айлана¸ айлана йиллар кечди.

Уни тазйиқ қилган СССР тўнтарилиб тарих чуқурига кўмилди. Совет даври мулозимлари ҳам ëшини яшаб, ошини ошаб ўлиб кетди.

Аммо Тошкентда туғилиб башарият рассомига айланган Ҳикматжон асарлари ëрқин ранглари ила бокиралигича турибди.

Ўзбекистон расмини чизишни сизга кимдир буюртма қилса нимани чизардингиз¸ деб сўрайман суҳбат адоғида.

- Бу албатта позитив мотивли расм бўлар эди. Балким рассом Сарян ўз ватанини чизган каби ëрқин ранглар. Балким лирика (чуқур хўрсинади). Кошки шундай расмни чиза олсам. Мен туғилиб ўсган юртимни шундай севаманки, уни акс эттириш мушкул. Бундай расмни чиза оламанми ўзи, - дейди Москвада яшаëтган рассом Ҳикмат Ғуломов.

XS
SM
MD
LG