Президент Мирзиёев Тошкент вилоятида экин майдонларини дрон ёрдамида кузатиш лойиҳаси билан танишди ва тез орада, Ўзбекистонда учувчисиз мосламаларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини айтди. Ўзбекистонда бундай мосламалар 2014 йилда бош вазир бўлган Мирзиёевнинг қарори билан тақиқланган ва унга яширинча эгалик қилган шахсларга, ҳатто жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, 22 июл куни Тошкент вилоятига сафари жараёнида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимотида қатнашган.
"Ер майдонларини АН-2 самолёти ва квадрокоптер ёрдамида ўлчаш натижалари таққосланди. Маълум бўлишича, 100 гектар майдонни самолёт ёрдамида 20 соатда ўрганилса, квадрокоптер қўлланилганда худди шу ҳажмдаги ишларга 4 соат сарфланар экан. Бундан ташқари, экинларга агродрон, ОВХ пуркагичи ва самолёт ёрдамида ишлов беришнинг қиёсий кўрсаткичлари ҳам намойиш этилди", деб хабар қилди матбуот хизмати.
Хабарга кўра, президент иш унумдорлигини оширишда замонавий агродронларнинг имкониятини юқори баҳолаган ва тез орада Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқарадиган қўшма корхона қурилишини маълум қилган:
"Агар соҳанинг эртанги кунини ўйласак, бундай замонавий тизимга тезроқ ўтишимиз керак. Дронлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, бу борада қўшма корхона тузиш ва кадрлар тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим", деган Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамаснинг 2014 йил, 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан санкциясиз фойдаланишда огоҳлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 322-сонли Қарорига асосан 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланган. Бу қарор ўша кездаги бош вазир Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган.
Учувчисиз бошқариладиган қурилмалар сафига масофадан туриб бошқариладиган самолёт, вертолёт каби болалар ўйинчоқлари ҳам киритилган.
Ҳукумат ўз қарорини ҳаво кемаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳаво маконидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш мақсидида қабул қилгани айтилган.
Аммо, 2016 йилнинг май ойида ўша кездаги бош вазир Мирзиёевнинг қарори билан зарурат туғилган пайтларда Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан давлат ташкилотларининг мамлакатга учувчисиз мосламаларни олиб киришига рухсат берилган.
Бошқа ҳолатларда эса бундай мосламани яширинча олиб киришга уринган шахсларга нисбатан, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн беш бараваригача жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
Шу йилнинг апрелида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси рухсат берилмаган ҳолда бундай мосламаларни олиб киришга уринаётган шахслар учун жазони кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилаётгани хабар қилинган эди.
2014 йилгача мамлакатда дронлардан фойдаланиш анча тарқалган, айрим видеостудиялар тепадан панорама қилинадиган кадрлар учун радиобошқарувли дрон (Hexacopter)дан фойдаланиб келаётган эди.