Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:54

Ўзбекистон телевидениеси илк бор Каримов сиёсатини танқид қилди (ВИДЕО)


30 июль куни эфирга узатилган “Таҳлилнома” кўрсатувида марҳум президент Ислом Каримов сиёсати кескин танқид қилинди. Каримов “қўшнилар билан кимўзар мусобақа ўйнаб”, “Сен зўрми, мен зўр” қабилида хўрозлангани” қораланди. “Қўшниларга тўмтайиш” натижасида чигаллашиб кетган муаммоларни бугунги кунда Мирзиёев ҳал қилаётгани таъкидланди.

Мирзиёев туғилган кунида иш бошлаган «Ўзбекистон 24» телеканали орқали намойиш қилинган «Таҳлилнома» кўрсатувининг илк сонида марҳум президент Ислом Каримов сиёсати танқид қилиниб, у қилган хато ва камчиликлар натижасида Ўзбекистон юз тутган муаммоларни янги президент Мирзиёев ҳал қилаётгани олқишланди.

Кўрсатувда Ислом Каримов номи бирор марта тилга олинмади, бироқ у юргизган сиёсат «тошбўрон» қилинди.

“Қўшниларга хўрозланиш”

Кўрсатувда ҳар бир соҳа- иқтисоддан тортиб, маънавиятгача, ижтимоий соҳадан тортиб, қишлоқ хўжалигигача, бирма- бир таҳлил қилиниб, Каримов даврида юзага келган камчиликлар қораланди.

Жумладан, Каримов пайти ташқи сиёсатда йўл қўйилган камчиликларни Мирзиёев ҳал қилаётгани таъкидланди:

“Яқин қўшнилар билан кимўзар мусобақа эмас, самимий ва ўзаро ишончли алоқаларни фаолиятнинг илк соатлариданоқ эълон қилиш, Марказий Осиё давлатларининг Ўзбекистонга бўлган ишончли муносабатига сабаб бўлди. Бир-бирига тўмтайиб юришлар, “Сен зўрми, мен зўр” қабилидаги хўрозланишлар, бир оғиз гапу лутф билан баъзида айниқса чегара масалаларидаги йиллаб чигаллашиб кетган муаммолар кеча-кундуз бақамта ўтириб ишлашлар эвазига бартараф қилингани бор гап”, дейди кўрсатув бошловчиси.

Каримов тириклигида ва ҳатто унинг вафотидан кейин ўтган қарийб бир йиллик муддат ичида ҳам у юргизган сиёсат Ўзбекистонда бирор марта танқид қилингани кузатилмаган эди. Айниқса, расмий телеканаллар шу пайтгача Каримов шаънига мақтовлар ёғдиришдан тўхтамаётган эди.

“Таҳлилнома” кўрсатувида эса, Каримов даврида ҳар бир соҳа бўҳронга юз тутгани таъкидланиб, Мирзиёев саккиз ой давомида амалга ошираётган ислоҳатлар натижасида вазият ўнгланаётгани айтилган.

"Қора бозор - шармандалик"

Кўрсатувда таъкидланишича, Каримов давридаги валюта сиёсати боис Ўзбекистоннинг боши маломатлардан чиқмаган:

"Яқин ўтмишда жаҳоннинг иқтисодий пешволари Ўзбекистоннинг пешонасига қанча тамға урган бўлса, Ўзбекистоннинг шаънига неча бор маломатлар ёғдирган бўлса, Ўзбекистон корчалонлари иқтисодий уқувсизликда неча бор айбланиб бошидан не бир шўр ишлар кечган бўлса шу - валюта сиёсатини, деб бўлди. Буни бугун очиқ айтмоқ керак. Яна дангал айтиш керакки, валютанинг тўртталаб курси мавжуд бўлиб келгани, қора бозор аталмиш шармандали ҳолатнинг тараққиёт оёғига тушов бўлгани айнан Президент бошлаган ислоҳотлар сабаб аста секин абас бўлиб, йўқлик сари равона бўлмоқда", дейди кўрсатув бошловчиси.

Кўрсатувни томоша қилганлардан айримлари журналистнинг Мирзиёевни «Оғзидан бол томиб мақтагани” ғашига текканини айтса, баъзилар Каримов шаънига бўлган танқидлардан ҳафа бўлгани ҳақида ёзди.

Жумладан, ушбу кўрсатувни кўрганлардан бири Озодликка шундай мактуб йўллади:

“Ўзбекистон телеканалидан “Таҳлилнома” берилди. Каримов даканга ўхшаб, “Ман зўрман” деб хўроз бўлиб сиёсат юргизган деб айбланди. “Таҳлилнома”ни кўриб, нафрат билан туриб кетдик оиламиз билан. Мана сизларга икки юзламачиларнинг сиёсати”, дея ёзғирди муштарий.

XS
SM
MD
LG