Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:51

Президент Трампнинг Соиповга ўлим жазосини бериш таклифи ҳуқуқшунослар танқидига учрамоқда


АҚШ президенти Дональд Трамп.
АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Соиповга ўлим жазоси бериш таклифини олға суришда давом этмоқда. Лекин Президентнинг бу таклифи акс таъсир қилиши мумкинлигини айтмоқда америкалик ҳуқуқшунослар.

Айни пайтда Трамп Нью-Йоркда 31 октябрь куни террор ҳаракатини содир этган Ўзбекистон ватандоши Сайфулло Соиповни Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасига жўнатиш фикридан воз кечди.

Соипов Гуантанамога жўнатилмайдиган бўлди

Президент Трамп 2 ноябрь куни кечқурун Твиттер саҳифасида 29 ёшли Сайфулло Соиповни АҚШнинг Кубадаги ҳарбий-денгиз базаси жойлашган минтақасидаги Гуантанамо қамоқхонасига жўнатиш фикридан воз кечганини маълум қилди.

“Нью-Йорк террорчисини Гуантанамо қамоқхонасига жўнатишни хоҳлар эдим, бироқ амалда бу жараён федерал тизим орқали жуда кўп вақтни талаб қилади”, деб билдирган Трамп яна бир твитида Соиповга ўлим жазоси бериш таклифида собит қолаётганини ёзган.

АҚШнинг айрим таниқли қонунчилари 1 ноябрь куни Трампни Соиповни Гуантанамо қамоқхонасига жойлаштиришга чақирган эдилар. Трамп ўшанда бу масалани ўрганаётгани айтган.

Соипов Гуантанамо қамоқхонасига жойлаштирилиши учун президент уни “душман жанггариси” сифатида кўрилувчи қарорни қабул қилиши керак. Лекин Сайфулло Соипов АҚШга 2010 йилда грин карта билан келгани боис у одил судлов тизими доирасида АҚШ ватандошлари эга бўлган ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир. Мана шу ҳолат ҳам унинг Гуантанамода сақланишини савол остига қўяди.

АҚШнинг Кубадаги ҳарбий – денгиз базасида жойлашган Гуантанамо қамоқхонасида АҚШ ҳарбийлари томонидан Ироқ ва Афғонистонда асирга олинган жанггарилар сақланган.

Президент Барак Обама Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш тўғрисида кўрсатма бергани ортидан бу қамоқхонага 2008 йилдан бери янги маҳбус келтирилмаган эди.

Президент Трампнинг Соиповга ўлим жазосини тайинлаш таклифи, баъзи америкалик ҳуқуқшунослар фикрича, акс таъсир қилиши мумкин.

Independent нашри "Ҳуқуқшунослар Трампнинг Нью-Йоркдаги террорда гумонланаётган шахсга оид твити у қилиши мумкин бўлган энг ёмон ишдир, демоқда", деган сарлавҳа остида бир неча мутахассиснинг фикрларини ёритди.

Масалан, нью-йорклик адвокат Твиттерда бундай деб ёзди: “Жаноб Президент, у ўлимга ҳукм қилиниши лозимлигини ҳаммамиз биламиз. Бироқ бу гапни Сиз айтганингиздан кейин [Адлия департаменти учун] бу ишни амалга ошириш қийин кечади”.

Ҳуқуқшунослар фикрича, Судлов тизими мустақил бўлган АҚШ шароитида президент Трампнинг чақириғи Соиповга нисбатан ўлим жазоси қўллашга эмас, аксинча қўлламасликка олиб келиши мумкин.

“Ислом давлати” Соиповни “халифалик аскари” деб атади

Бу ҳақда “ислом давлати”га қарашли экани айтиладиган “Аль-Наба” газетаси хабар бергани 3 ноябрь куни маълум қилинди.

“Ислом давлати аскарларидан бири Нью-Йоркда бир неча салибийларга ҳужум қилди”, дейилади “Аль-Наба” мақоласида.

Нью-Йорк полицияси расмийси Жон Миллер ҳам 1 ноябрь куни матбуот анжуманида Соипов террор ҳаракатини “Ислом давлати” номидан амалга оширгани аниқланганини, Соиповни террорчиликка “Ислом давлати илҳомлантиргани”ни билдирган эди.

Айни пайтда Федерал Тергов бюроси 1 ноябрь куни Нью-Йоркдаги террор юзасидан сўроқ қилиниш учун 32 ёшли Ўзбекистон ватандоши Муҳаммадзоир Қодиров сўроқ қилиш учун қидирилаётганини, кейинроқ эса бу шахс топилганини эълон қилган эди.

Федерал Тергов бюроси Муҳаммадзоир Қодиров Нью-Йоркдаги террактдан манфаатдор шахс ҳамда Сайфулло Соиповнинг дўсти сифатида кўрилаётганини билдирди.

31 октябрь куни Нью-Йоркнинг Қуйи Манҳеттен минтақасида автоулов билан 8 одамни босиб ўлдирган ва 12 одамни жароҳатлаганликда гумонланиб қўлга олинган Сайфулло Соиповга 1 ноябрь куни Манҳеттен федераль судида террорчилик билан боғлиқ айблов билдирилган.

XS
SM
MD
LG