Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:04

Янгийўлда молиявий пирамидачи Аҳмадбойнинг яна бир издоши фош этилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида молиявий фирибгарликда айбланиб қўлга олинган чинозлик Аҳмадбой ва “Баҳо Марли” лақаби билан танилган Баҳодир Ўринбоевларнинг издоши Нуриддин Абилғозиев қўлга олинди. Расмий маълумотларда айтилишича, Абилғозиев юзлаб одамлардан пул, мулк ва қимматбаҳо буюмларни товламачилик йўли билан олиб, ноқонуний ўзлаштирган.

Милллий хавфсизлик хизмати Тошкент вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамикорликда янги молиявий пирамидани фош этди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Ахборот” кўрсатувида хабар берилди.

Маълумотда айтилишича, Янгийўл туманида яшовчи Нуриддин Абилғозиев уч шериги билан Dilshod Avto Savdo ширкатини ташкил этган. Мазкур ширкат автомобиль-олди-сотдисида воситачилик билан шуғулланиши лозим бўлган. Лекин, хабарда айтилишича, бу фаолият шунчаки қоғозда мавжуд бўлиб, ширкат хўжайинлари асосан товламачилик билан шуғулланган.

“Ширкатдаги раҳбар лавозимларга ўз шерикларини тайинлаган Абилғозиев ҳақиқий молиявий пирамидани шакллантирди. Фойда келтирадиган ишга сармоя ётқизиш ваъдаси билан у одамлардан пул, қиматбаҳо буюмлар, мулк, чорва моллари ва транспорт воситаларини қабул қила бошлаган. У одамларга бунинг эвазига катта миқдорда устама фоизлар тўлашга ваъда берган”, дейилади хабарда.

Абилғозиев турли каналлар орқали гўёки ўз ширкатига пул киритган омонатчиларнинг муваффақиятлари тўғрисидаги ёлғон ахборотларни тарқатган. Аслида эса у омонатларни ширкатни ривожлантиришга эмас, аксинча, аввалги омонатчиларга устама фоизларни беришга сарфлаган. Бундан ортиб қолган маблағни эса ноқонуний равишда ўзлаштирган.

Хабарда билдирилишича, Нуриддин Абилғозиев шундай йўл билан юзлаб одамларни алдаган.

Янгийўл туман суди алданган одамларга келтирилган 700 миллион сўмлик зиённи ундириб бериш тўғрисида ажрим чиқарган. Бундан ташқари Абилғозиевдан 125та машина мусодара қилиниб, қонуний эгаларига қайтарилган.Абилғозиев ва унинг шерикларига суд қандай жазо белгилагани хабар қилингани йўқ.

Нуридин Абилғозиев Тошкент вилоятида молиявий пирамидани шакллантирганликда айбланган ягона одам эмас.

Озодлик радиоси аввалроқ Тошкент вилоятида “Баҳо Марли” деган лақаб билан танилган 39 яшар тадбиркор Баҳодир Ўринбоев молиявий фирибгарликда гумонланиб, 28 май куни Чиноз туманида қўлга олингани тўғрисида хабар берган эди.

Аҳмадбой номи билан танилган чинозлик тадбиркор эса ўтган йилнинг июнь ойида қўлга олинган.

“Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз авто ҳамкор” масъулияти чекланган жамиятларнинг муассиси Аҳмадбой Турсунбоев одамлардан бир йилда икки баробар қилиб қайтариш шарти билан катта маблағларни ноқонуний равишда олиб келганликда айбланиб судланмоқда.

У Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), шунингдек, 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бандлари бўйича айбланмоқда.

Аҳмадбойга тегишли эканлиги айтилаётган 12 миллион доллардан ортиқ пул ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

38 ёшли тадбиркорга пул берган ва олган одамларнинг сони бир неча ўн мингдан кўп экани айтилади.

XS
SM
MD
LG