АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) Ўзбекистонда "Одам савдосидан жабр кўрганларни реинтеграция қилиш" лойиҳасини муваффақиятли якунлади. Уни "Истиқболли авлод" нодавлат ташкилоти амалга оширган. Тошкентда шунга бағишланган анжуманда АҚШ элчиси Памела Спратлен ҳам қатнашди.
"Одам савдосидан жабр кўрганларни реинтеграция қилиш" лойиҳаси доирасида олти йил давомида жабрдийдаларга турли хил хизматлар кўрсатилди.
"Истиқболли авлод" жамоаси бу жиноятдан омон қолган ва унинг тузоғига илиниши мумкин бўлган қарийб 400 нафар хотин-қизларга психологик, тиббий ва юридик ёрдам кўрсатган, уларга ҳунар ўргатган. 2015-йилда ташкилот пазандалик, компютер саводхонлиги, тикиш-бичиш, косметология сирларини ўргатувчи марказ очган эди.
"Хотин-қизлар кўпинча жинсий эксплуатацияга жалб қилинади", - дейди АҚШ элчиси Памела Спратлен. "Бундан келиб чиқадиган жисмоний ва руҳий травмадан қутулиш учун вақтида ва узоқ муддатли муолажа зарур. Бундай ғамхўрликсиз яна одам савдоси қурбонига айланиш ҳеч гап эмас".
Тошкентда ўтган конференсияда лойиҳа натижалари, инсон савдосига қарши курашда ҳукумат ва ноҳукумат секторлари ўртасидаги ҳамкорлик ва кейинги қадамлар муҳокама қилинди.
Элчи Спратлен "Истиқболли авлод" ташкилоти олиб борган реинтеграция проекти самарали бўлганини эътироф этди. Унинг айтишича, Қўшма Штатлар одам савдосига қарши яна бир лойиҳа устида бу ташкилот билан ишлашда давом этади. Унинг доирасида муҳтожлар учун ишонч телефонлари ташкил этилмоқда, ҳуқуқ-тартибот ходимлари учун тренинглар ўтказилмоқда.
Вашингтон ҳукуматлар ва нотижорий ташкилотлар билан ҳамкорликда инсониятнинг азалий душмани -одам савдосига қарши курашни кучайтиради.