Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:58

Алламжонов президент сафари билан боғлиқ кўзбўямачиликларга муносабат билдирди


Президент матбуот котиби Комил Алламжонов.
Президент матбуот котиби Комил Алламжонов.

Президент матбуот котиби Комил Алламжонов 2 апрель куни ўзининг Facebook саҳифасида қолдирган видеосида президент Шавкат Мирзиëев Жиззах вилояти Зарбдор туманига борганида “кўзбўямачилик” бўлганидан хабари борлигини айтди.

Алламжонов президент сафари билан боғлиқ кўзбўямачиликларга муносабат билдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:04 0:00

Озодлик радиоси 30 март куни бир-биридан мустақил манбаларга таянган ҳолда Шавкат Мирзиëев янги қурилган "Зарбдор текстил” ширкатига борганида Зарбдордаги Қишлоқ хўжалик ва Иқтисодиëт коллежи қизлари иш билан таъминланган ëшлар ролини ўйнаб бергани, президентга бу қизлар янги ишга кирган тикувчилар сифатида таништирилгани тўғрисида хабар берган эди.

Озодлик манбалари бу ҳодисани “президент учун уюштирилган шоу” деб аташди.​ Негаки “Зарбдор текстил” ҳали ишга туширилмаган корхона бўлган.

Комил Алламжонов бу воқеани шарҳлар экан:

- Бундан бизнинг хабаримиз бор. Агар аҳамият берган бўлсангиз, бу тикув цехи 10 ой мобайнида йўқ жойдан барпо этилган цех. Ҳозирда бу цех 100 фоиз қувватда ўз ишини бошлагани йўқ. 100 фоиз қувватда ишга туширилишни таъминлаш жараёнида цех раҳбарлари ушбу цех атрофидаги маҳалладаги вақтинча ишсиз бўлган аёллар, ушбу корхонага яқин бўлган коллежлардан ихтиёрий равишда талабгор қизларни иш ўргатиш ва келажакда коллежни битирганларидан кейин ишчи сифатида қабул қилиниши режалаштирилиб, ҳозир фақатгина тайёргарлик жараёни кетаяпти, -деб айтди.( Алламжоновнинг билдирувидан сўзма-сўз кўчирилди-таҳририят)

Озодлик 25 январь куни Мирзиёев ўтиши керак бўлган Қарши-Қамаши йўлининг икки чеккасига қатор қилиб парник қурилаëтгани акс этган видеотасвирни намойиш этган эди.

16 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги фермерлардан бири вилоят ҳокимияти деҳқонларни Мирзиëев кортежи ўтадиган йўл бўйига парник ўрнатишга мажбурлаëтганини билдирган. Кейинроқ бу парникларнинг барчаси президент кетганидан кейин ўз ҳолига ташлаб қўйилагни, бу иш ҳам кўзбўямачлик мақсадида қилингани айтилган.

Комил Алламжонов парниклар “кўзбўямачилик” мақсадида қурилгани тўғрисидаги маълумотларни инкор этган ҳолда:

- Агарда бу иссиқхоналар президентимиз кетганидан сўнг йўқ бўлиб қолган бўлса, бузиб ташланган бўлса ёки вақтинчалигини исботловчи бирон далил-исбот бўлса, фуқароларимиздан илтимос қиламиз, бизга билдирсин. Бу нотўғри, бундай бўлиши мумкин эмас. Бу иссиқхоналар ҳозир йўқ бўлса мутассади раҳбарларга, албатта, тегишли чора кўрилади,-деб билдирди.

Комил Алламжонов президентнинг вилоятларга сафарлари пайтида йўллар, ҳатто ёмғир ёғиб турган пайтда ҳам косметик ремонт қилинаётгани тўғрисидаги видеолардан ҳам хабари борлигини айтди.

Президент матбуот котиби бундай ҳолатлар борлигини эътироф этар экан, фуқароларни “вақтинчалик мажбурий чоралар”га эмас, “бунёдкорлик ишларига” эътибор қаратишга чақирди.

- Кўпроқ эътиборни президент шу йўлдан ўтганларидан кейин борган манзиллари ва у ерда барпо этилган турли объектлар, бинолар, уйлар ва корхоналарни йўқдан бор бўлганига қаратсак, менимча, нур устига аъло нур бўлар эди, -деди президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби.

XS
SM
MD
LG