Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:53

Россияда ишлаш учун суғурта ва имтиҳон сертификатларини энди Ўзбекистонда олиш мумкин


Москвадаги Сахарово марказидаги патент олишга навбат
Москвадаги Сахарово марказидаги патент олишга навбат

Россияга меҳнат қилгани кетаётган муҳожирлар суғурта полисларини ва рус тили бўйича сертификатларни бевосита Ўзбекистонда олиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Дастлабки сертификатларни меҳнат муҳожирлари Ўзбекистоннинг ўзида бир-икки ойдан кейин ола бошлаши мумкин.

Ўзбекистоннинг Ташқи меҳнат миграция агентлигидан олинган маълумотга кўра, Россия ҳукумати билан Ўзбекистон тиббий муассасаларида берилган ҳужжатларни ҳам тан олиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ва Россия меҳнат муҳожирларига ишга рухсатнома бериш учун зарур бўлган рус тилини билиш бўйича сертификат ва суғурта полисларини Ўзбекистонда бериш масаласи бўйича келишиб олди.

Бу хабарни тарқатган Sputnik.uz нашрига кўра, агентлик сертификатларни аллақачон бера бошлаган.

Бу масалалар юзасидан пайдо бўлган қатор саволлар билан Озодлик Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилди.

Агентлик матбуот хизмати раҳбари Карим Баҳриев рус тили бўйича сертификат ва суғурта полисларини бериш бўйича тайёргарлик ишлари ўтган йил апрелида икки давлат ўртасида имзоланган миграция соҳасидаги ҳужжатлар асосида олиб борилаётганини айтди.

- Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги шартномага кўра, патентлар ва бошқа ҳужжатларни Ўзбекистоннинг ўзида олиш учун ҳаракатлар қилинмоқда. Айрим журналистлар ҳали бўлмаган ишни бўлган, деб ёзаяпти. Ҳозирча Россия Федерациясига меҳнат мигрантларни кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш Маркази Самарқанд шаҳрида очилди. Яна биттаси Фарғонада очилиши кутилмоқда бир-икки ойда: у ерда қурилиш ишлари кетаяпди. Тошкентда ҳам бунга тайёргарлик ишлари кетмоқда. Самарқанддаги марказда санкт-петербурглик мутахассислар ўтирибди – сертификатларга ўқитиш ишлари олиб борилаяпти.

Билишимча, Россияда ўша рус тили сертификати 80 доллар атрофида экан. Бизда ўшани 30 доллар атрофида қилмоқчимиз. Яъни, сертификат тайёрлайдиган ўқув юртига Россияда 20 доллар тегаркан, қолган пулни ўртакаш тижорат фирмалари чўнтагига кетаркан, деди суҳбатдош.

Карим Баҳриев ҳозирча нархи аниқ белгиланмаган сертификатлар 5 йилга амал қилишини айтди.

Меҳнат миграцияси вазирлиги мутасаддиси мамлакат бўйлаб меҳнат муҳожирлари учун рус, инглиз, немис ва корейс тиллари бўйича бепул курслар ташкил этилаётганини билдирди. Карим Баҳриев Меҳнат миграцияси идораси тасарруфига республиканинг деярли ҳар бир вилоятидан 16 та коллежда пайвандчи, қурувчи, бетончи ва бошқа касблар бўйича бепул ўқув курслари ташкил этилаётганини ҳам маълум қилди.

Агентлик расмийси ишга рухсатнома – патент учун Россия қонунчилигида зарур қилиб белгиланган дактилоскопия ва тиббий кўрикдан ўтиш амалиётлари ҳозирча қатор сабабларга кўра Россиянинг ўзида миграция марказларида амалга оширилмоқда, деди.

- Бунинг учун Россия Федерацияси томонидан қўйилаётган қатор талабларни бажариш лозим, деди суҳбатдош.

Москвадаги меҳнат муҳожирларига юридик маслаҳат бериш идораси юристи, migrant.mobi портали асосчиси Ботиржон Шерматов фикрича, Россиядаги тижорат ташкилотларига меҳнат муҳожирларидан патент учун олинаётган имтиҳон, кўрик ва полислардан мўмай даромад тушаётир.

- Ҳозир энг муаммо нарса – тиббий маълумотномалар қилиш. Президент бу ҳақда буларга (Меҳнат миграцияси- таҳр.) буйруқ берган. Бу муаммо бўлаётганини сабаби – россиядагилар учун бу катта даромад манбаи. Нонини бўлиш бўлади! Ҳаракат биз томондан бор - рус тили имтиҳони ва суғурта ҳал қилинган ва улар Ўзбекистонда берилаверади, медсправкалар ҳал қилинганича йўқ, деди Ботиржон Шерматов.

Ўзбекистоннинг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик хабарига кўра, жорий 2018 йилда Ўзбекистондан Россияга 50 мингдан зиёд ишчи мигрант жўнатилиши режалаштирилган.

Меҳнат вазирлиги шу йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда ишга ёллаш тартибига оид янги қонун ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

“Рекрутинг фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мамлакатда хусусий ташкилотлар томонидан гражданларни Ўзбекистон ва чет элда ишга жойлаштириш бўйича мукаммал ҳуқуқий базасини яратишга қўмаклашиши айтилди.

“Рекрутинг фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон қонунчилиги амалиётида илк бор ишлаб чиқилган бўлиб, у 5 боб, 24 та моддадан иборат.

Ҳозирча Россияда ишлаётган миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бевосита россиялик иш берувчилар билан келишган ҳолда, кўп ҳолларда ҳеч қандай ҳужжат-шартномасиз, норасмий тарзда ишга ёлланиб келмоқда.

Рекрутинг– иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш ва иш берувчилар учун кадрлар танлаш билан боғлиқ рекрутинг хизматларини шартнома асосида кўрсатиш бўйича юридик шахс (рекрутинг агентлик)ларнинг тадбиркорлик фаолиятидир.

XS
SM
MD
LG