Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:26

Асакалик тадбиркор милицияни уни қийноққа солганликда айблади. Прокуратура суриштирув бошлади (ВИДЕО)


Қайноқ асфальтда ялангоёқ ИИБга олиб борилган Ойбек Ҳусановнинг оёқлари куйган
Қайноқ асфальтда ялангоёқ ИИБга олиб борилган Ойбек Ҳусановнинг оёқлари куйган

Асакалик тадбиркор Ойбек Ҳусановнинг иддао қилишича, 11 июль куни унинг машинасини қувиб тўхтатган йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари уни шаҳар ички ишлар бўлимига олиб бориб, аёвсиз калтаклашган.

Куни-кеча машина деразаси синдирилиб, ҳайдовчининг машина ичидан суғуриб олингани ва ерга ётқизилиб, қўлига кишан тақилгани ҳақидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Ўзбекистон Бош прокуртатураси матбуот хизмати мазкур воқеага оид текшириш назоратга олинганини билдирди.

Асакалик 39 яшар тадбиркор Ойбек Ҳусанов 11 июль куни йўл ҳаракати хавфсизлиги ва шаҳар милицияси ходимлари уни аёвсиз калтаклаганидан Озодликка шикоят қилди.

Милиция томонидан калтакланган ҳайдовчи иши юзасидан прокуратура тергов бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:54 0:00

Қоидани мен бузган бўлсам, машинани нега пачоқлашди?

Ойбек Ҳусановнинг айтишича, 11 июль куни соат 11.30да укаси Муҳаммадсодиқ билан бирга банкдан қайтаётганида орқадан йўл ҳаракати хавфсизлиги автомобили қувиб келиб, уни йўл четига қисиб тўхтатган:

- Орқадан ГАИлар қувиб келиб 58-мактабнинг олдида четга қисиб тўхтатди. Кейин номини билганим Асадбек Абдуразоқов деган инспектор югуриб келди-да, нега тўхтамаяпсан деб, мошинани томига муштлади, кейин айланиб ўтиб мошинани ён томонларига тепа бошлади. Бу ходим ўзини таништирган ҳам йўқ, ҳужжат ҳам сўраган йўқ. Кейин Фурқат, Сардор деган милиция ходимлари мошинани ҳар томондан тепишди. Қўрққанимдан мошина эшикларини қулфлаб олдим. Кейин мен уларга нега мошинани пачоқ қиляпсан, бу ишингга жавоб берасан, дедим. Кейин укам телефонда бу ҳолатни запис қила бошлади, дейди тадбиркор.

Ойбек Ҳусановнинг милиция ходимлари томонидан пачоқланган машинаси
Ойбек Ҳусановнинг милиция ходимлари томонидан пачоқланган машинаси

Ойбек Ҳусановнинг айтишича, у фақат прокурорнинг олдига бориб эшикни очишини айтган, лекин йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари Асака шаҳар ички ишлар бўлимидан ёрдамчи куч сўраган:

- Улар телефон қилди. 300 метрча нарёғдаги шаҳар мелисахонасидан иккита мелиса югуриб келди. Бошқа ГАИлар ҳам етиб келди. Мен қилган гуноҳимга жавоб бераман, сен ҳам қилган ишингга жавоб берасан, прокуратурага борамиз десам ҳам, улар йўл беришмади. Ҳатто ичида одамлари бор ДАМАСларни йўлга тўсдириб қўйди. Тушсак барибир уради, деб ичкарида тушмасдан ўтиравердик. Шунда, ГАИда қоғоз-поғоз билан ишлайдиган Козим деган бир бола пайдо бўлди ва менга “жиянимни босиб кетгансан, туш”, деб туҳмат қилиб, деразага муштлай бошлади. Унинг ёнида турган инспекторлар унга индамади. Козим эса деразага муштлашда давом этди ва сал очилиб қолган деразага қўлини тиқиб тортди. Дераза ҳам синди ва мен ўзим тушаман деганимга қарамасдан ашаддий жиноятчидай судраб туширишди, - дейди тадбиркор.

Озодлик Ойбек Ҳусановнинг машинаси ойнагини уриб синдирган Козим деган йигитнинг Асака шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимида фуқаро сифатида ёзди-чизди ишлари билан шуғулланишини аниқлади.

"Асфальтда оёғим куйди"

Ойбек Ҳусановнинг айтишича, шундан сўнг уни ерга ётқизиб, қўлига кишан солишган:

- Ўша кунлар ҳаво жуда иссиқ эди. Асфальтга оёқ қўйиб бўлмасди. Мен тапочкамни кийиб олай десам ҳам, йўқ, отделгача пиёда ва ялангоёқ борасан деб судраб кетишди. Боргунча оёғим куйиб, ачиб кетди. Йўлда шиша бошмалдоғим тагини кесиб ташлабди. Шу аҳволда мени отделга олиб киришди, дейди тадбиркор.

"Ваҳший милисалар"

Ойбекнинг айтишича, энг даҳшати шундан кейин бошланган:

- Дежуркадан уч метр ҳам ўтган эдикки, битта мелиса қорнимга солди. Биттаси эса кўкрак қафасимга қарсилллатиб тепди, биттаси калламга солди. Сал ҳушимни йўқотдим. Кейин судраб тепага иккинчи қаватага чиқаришди-да, залда ўртага олиб уришни бошлашди. ГАИ ва мелиса ходимлари аралаш уриб, тепа бошлади. Энди қўяверасиз, иккитаси елкамдан ушлаб турибди, биттаси тепяпти, униси ушлаб турибди, буниси тепяпти. Қорнимга, кўкрак қафасимга роса тепишди. Кейин ўзимдан кетиб қолибман, бир пайт яна ўзимга келиб, кўзимни очсам, Сардор Топларов деган мелиса гуп-гуп этиб юрагимга муштлаб уряпти экан. Сен ҳозир шу ерда ўласан, деб "наглый" айтяпти. Кейин ўзимдан яна кетиб чўзилиб қолгандим, дубинкалар билан оёғимни тагига уришди. Дод деяпман, кошки булар қулоқ солишса. Ваҳший мелисалар бундан ҳам қониқмади шекилли, тўрттаси оёқ қўлимда кўтариб олиб, плитка полга уч марта ташлади. Қўлим наручникда бўлгани учун, қўлларим кесилиб кетди. Ҳамма жойим қонга беланди, Милисалар уришаётганда ҳаммаҳаллам, терговчилар бошлиғи Шерзод Мамажонов ҳам ўтиб қолди. Ҳой ака, булар мени ўлдириб қўяди, десам, индамай ўтиб кетди, дейди тадбиркор.

Бу ҳолатда уни ўлдириб қўйишлари мумкинлигидан хавотир олган Ойбек Ҳусанов “таслим” бўлганини айтади:

- Бўлди, акалар, бўлди, дедим. Ўзиб қоламан, иккита болам бор, дедим. Ҳеч кимга шикоят қилмайман, прокурорга ҳам айтмайман, дедим. Кейин улар тўхтади ва судраб деворга қаратиб чўккалатиб қўйишди, дейди тадбиркор.

"Жиноят изларини йўқотиш мақсадида милиция ходими қонли кўйлагимни ювиб берди"

Ойбек Ҳусановнинг айтишича, шундан сўнг милиция ходимининг ўзи унинг қонталаш кўйлагини ювиб берган:

- Уриб бўлганидан сўнг, сизлашга тушишди, наручникни ечишди. Сардор деган билан қорачадан келган бошқа мелиса душга олиб киришди. Кийимларимни олиб ўзлари ювишди, чала қуритиб, устимга кийгизишди. Оёғим қонаб кетаётганди, Садор дегани ўзининг янги рўмолчасини берди, боғлаб олинг, деб, - дейди тадбиркор.

Ойбек Ҳусановни акаси Шуҳрат шаҳар ички ишлар бўлимидан олиб кетган.

Ойбекнинг айтишича, нима учун у ички ишлар бўлимига олиб келингани ва қайси қоидабузарлик бўйича жавобгарликка тортилгани ҳақида ўша куни ҳеч қандай ҳужжат ёзилмаган.

"Тўғри, қоидани бузганман, лекин бу учун қийноққа солишди"

Ойбек Ҳусанов бозордан куни-кеча сотиб олган машинасини ҳали ўз номига расмийлаштирмасдан ҳайдаганини бўйнига олади:

- Мен ҳақиқатан ҳам, доверенностсиз машина бошқардим. Бу менинг гуноҳим. Бунинг учун жазоланишимга қарши эмасман. Лекин, ГАИ ходимлари бунинг учун машинани тепиб пачоқлаши, унинг эгасини эса ўласи қилиб калтаклаши қайси қонунга тўғри келади. Мени калтаклаган ва машинани пачоқлаган милиция ходимлари адолатли суд олдида жавоб беришлари шарт, дейди Ойбек Ҳусанов.

"Рентген кўрсатмаган синган қовурғаларни МРТ кўрсатди"

Ойбек Ҳусанов, 11 июль куни Асака шаҳар милиция бўлимидан чиққанидан сўнг, туман прокуратурасига мурожаат қилган ва акаси уни Андижон шаҳридаги суд-тиббий экспертизасига жўнатган.

Суд-тиббий экспертизасидан сўнг, унинг аҳволи оғирлашган ва акаси уни шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб борган. Беморни рентген қилган шошилинч тиббий ёрдам маркази унда қаттиқ жароҳатлар йўқ деган хулоса берган ва беморни ётқизиб даволашни рад қилган.

Ойбекнинг айтишича, акалари нега ётқизмайсизлар деб норозилик билдирганидан сўнг, Асака шаҳридаги тез тиббий ёрдам касалхонасига йўлланма ёзиб берган.

Асака шаҳридаги касалхонада уч кун ётган Ойбек Ҳусановда ҳам қовурғасида синиш жароҳати йўқлиги айтилганидан сўнг, у холис текширтириш учун Шаҳрихон туманидаги “Тонг ташхис” хусусий клинакасига мурожаат қилган:

- У ерда МРТ аппаратига солиб кўришди. Тўртта қовурғам синган, ўпка томон эзилган, кўкрак қафаслар эзилган деган хулоса чиқариб берди, -деди Ойбек Ҳусанов.

Uzbekistan - document of the driver from hospital
Uzbekistan - document of the driver from hospital

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг бу воқеа юзасидан Озодлик сўровига шундай жавоб берди:

“Бу масала назоратга олинди ва бу иш терговида қонунийлик бўлиши кафолатланади”.

Асака шаҳар прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими, Ойбек Ҳусанов аризаси юзасидан текширув олиб борилаётганини Озодликка айтди:

Бу иш юзасидан хизмат текшируви давом этяпти. Камералардан видеолар олинган ва ўрганиляпти. Агар милиция ходимларининг айби бўлса, тегишли чоралар кўрилади, албатта. Текшириш якунлансин, ўшанга қараб жиноят иши қўзғатиш ёки бошқа жазо қўллаш ҳақида қарор қабул қилинади”, деди прокуратура мулозими.

Асака шаҳар ички ишлар бўлимининг навбатчиси бундай воқеа бўлганини инкор қилмади, лекин бу ҳақда фақат вилоят ички ишлар бошқармасидан маълумот олиш мумкинлигини айтди.

Андижон вилояти ички ишлар бошқармасининг навбатчиси 31 июль куни Озодлик мухбирига қўпол тарзда:

- Бу рақамга бошқа қўнғироқ қилманг, - деб жавоб берди.

Милиция зўравонлиги

Ўзбекистонда милиция ходимларининг зўравонлиги ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган.

Жумладан, Озодликнинг 4 июль куни эълон қилган "Каттақўрғон милиция бўлимига олиб келинган аëллар қип-яланғоч қилиб таҳқирланди" мақоласидан сўнг, 5 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз сайтида Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили Санъат Умаров ушлангани ва унинг устидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида расмий баëнот эълон қилган эди.

Самарқанд шаҳар суди 6 июлда Каттақўрғон шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Санъат Умаровга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасиқўлланилиши ҳақида ажрим чиқарди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 19 июль куни хабар беришича¸ Жиззах вилоят, Янгиобод туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Илҳом Сулаймонов устидан Ўзбекистон ЖКнинг 206-моддаси(Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

7 июль куни ҳокимлик томонидан ғалла ўримидаги комбайнга бириктирилган деҳқон бозори паттачиси Сардор Қурбонбоевнинг бурнини уриб синдиргани ҳақида Озодлик 18 июль куни хабар берган эди.

Қарши туманидаги бир неча фермернинг туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ражабов томонидан мунтазам калтакланиб келгани ҳақида, уларнинг айтганларига таяниб, Озодлик хабар қилганидан сўнг, ИИБ бошлиғи ишдан четлатилган ва вилоят прокуратураси бу ҳолат юзасидан текшириш бошлаган эди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозимининг Озодликка айтишича, Қарши туман Ички ишлар бўлими собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов устидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 206-моддаси(ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

XS
SM
MD
LG