Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:14

Ғофур Раҳимов Ёшлар Олимпиадаси-2018да иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди


Ғофур Раҳимов (ўртада) спортчилар билан. 2010 йилда олинган сурат.
Ғофур Раҳимов (ўртада) спортчилар билан. 2010 йилда олинган сурат.

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA)нинг вақтинчалик президенти Ғафур Раҳимовни Аргентинанинг Буэнос Айрес шаҳрида 6 октябрдан 18 октябргача ўтказиладиган Ёшлар Олимпиа ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этди.

Ғофур Раҳимов Ёшлар Олимпиадаси-2018да иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:52 0:00

Бу ҳақда Халқаро Олимпия қўмитаси Бош директори Кристоф Де Кеппер 4 октябрда махсус баёнот берди. Кеппер AIBA билан иш юзасидан ташқари бўлган барча муносабатлар музлатилишини ҳам маълум қилди.

Кристоф Де Кеппер Ғофур Раҳимов Ёшлар Олимпиа ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилгани тўғрисида AIBAга аъзо бўлган 203та миллий федерацияга огоҳлантириш хати ҳам жўнатган.

“Биз бу маълумотни тўғридан-тўғри барча миллий федерацияларга етказишни муҳим деб ҳисоблаймиз. Чунки сизлар ХОҚ Ижроия кенгаши муҳокама қилаётган мавзу нақадар жиддий эканини аниқ тушуниб етишингиз ва юзага келиши мумкин бўлган англашилмовчиликлардан олис туришингиз зарур”, дейилади Британиядаги Inside the Games нашри эълон қилган расмий мактубда.

Мазкур мактуб Халқаро олимпия қўмитаси 3 октябрда Ғафур Раҳимов AIBA президенти этиб тайинланадиган бўлса, Олимпиада ўйинлари дастуридан бокс чиқариб юборилиши мумкинлиги тўғрисида баёнот бергани ортидан Миллий федерацияларга жўнатилган.

ХОҚ хавотирига АҚШ томонидан жиноятчи аталиб, қора рўйхатга киритилган Ғофур Раҳимов ташкилот президентлигига ягона номзод этиб кўрсатилгани сабаб бўлди. AIBA президентлигига сайлов ташкилотнинг 3 ноябрда Москвада ўтадиган конгресси доирасида бўлиб ўтади.

Аввалроқ Раҳимовнинг сайловдаги рақиби бўлган ташкилот вице-президенти Серик Қонақбаев AIBA аъзоларининг етарлича қўлловига эга бўлмагани ортидан президентликка номзод сифатида тасдиқланмагани хабар қилинган эди. Қонақбаев мазкур қарор устидан Халқаро спорт арбитраж судига шикоят киритишини билдирган.

Айни пайтда ХОҚ президенти Томас Бах AIBA вице-президенти лавозимини вақтинча бажариб турган Франко Фальчинелли 4 октябрда AIBA ижроия кенгаши қарори билан ишдан четлатилганини танқид қилди.

Франко Фальчинелли ташкилот аъзоларини Серик Қонақбаев номзодини қўллаб-қувватлашга чақириб келаётган эди. Ижроия кенгаш бу ҳолатни “тартиб-интизомни бузиш”, деб баҳолаган ва Фальчинелли ишини кўриб чиқиш учун Интизом комиссиясига юборган.

“Биз мантиқий жиҳатдан тушуниш қийин бўлган қарорлар қабул қилинаётганини кўриб турибмиз. Фальчинелли ўз ҳамкасбларига ХОҚ баёнотларини эътиборга олишни тавсия қилган холос. Нега бу ҳолат унинг вақтинча четлатилишига сабаб бўлганини англаб етиш, ҳақиқатан ҳам жуда қийин”, деди Томас Бах ўз танқидида.

AIBA президенти Ву Чжинг Гуо 2017 йилнинг ноябрь ойида истеъфо берган эди. Унинг ўринга Ғофур Раҳимов 2018 йилнинг 27 январь куни вақтинча президент қилиб сайланган.

Раҳимов Ўзбекистонни 2010 йилда тарк этган эди. 2013 йилнинг 6 февралида Ғафур Раҳимовга товламачилик, жиноий фаолиятда олинган даромадларни легаллаштириш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб, Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган.

Жорий йилнинг 12 июль куни Озодлик Ғафур Раҳимовга қидирув тўхтатилгани ва унинг Ўзбекистонга қайтишига ҳуқуқий изн берилгани ҳақда хабар қилган. 27 июль куни 67 ёшли Ғофур Раҳимов Тошкентга келгани билдирилган.

XS
SM
MD
LG