Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов пойтахтдаги барча эски уйлар тўлиқ бузилиб, ўрнига янгилари қурилишини маълум қилди. Хотин-қизлар қўмитасининг 22 декабрь кунги ҳисобот йиғилишида Арипов қурилиш-бузилишлар бўйича ютуқларни санаркан, пойтахтнинг собиқ ҳокими Козим Тўлаганов номини алоҳида тилга олди.
Бош вазир Абдулла Ариповга кўра, тез орада Тошкент шаҳридаги барча эскирган ва хароба турар-жой биноларини тўлиқ бузиб, ўрнига кўп қаватли қулай турар-жой биноларини қуриш режаланмоқда.
Gazeta.uz нашрининг ёзишича, пойтахтда бораётган тезкор қурилиш-бузилиш ишлари ҳақида гапираркан, Бош вазир Абдулла Арипов, шу кунда Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекцияси бошлиғи бўлган Козим Тўлаганов сўзларидан иқтибос келтирган.
"Муқаддам бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Тошкент ҳокими, "Тошкентқурилиш" трестининг бошлиғи бўлиб ишлаган Козим Тўлаганов кеча менга шундай рақамларни айтди: Совет иттифоқининг энг гуллаган пайтларида ҳам Тошкентда бир йилда 1 миллион метр квадрат, Ўзбекистонда эса 5 миллион метр квадрат майдонидаги янги турар-жой фойдаланишга топширилмаган экан. Бу йил ҳали тугамади, аммо биз бу кўрсаткичлардан ошдик", дея иқтибос келтирадиган Бош вазир Ариповдан Gazeta.uz нашри.
Ариповга кўра, президент Мирзиёев жума куни шаҳарни кезаркан, эскириб кетган уйлар ўрнида қулай кўпқаватли турар-жой бинолари қуришни вазифасини топширган.
"Кеча бизга президент қаттиқ топшириқ берди - Тошкентда канализацияси ва бошқа нарсалари бўлмаган ҳамма эски, хароба уйлар бузилиб, ўрнига ҳамма шароити бўлган янги уйлар қурилади", дея иқтибос келтиради бош вазирдан Gazeta.uz нашри.
Шунингдек, Бош вазир 21 декабрь куни Сергели туманидаги янги уйларни кўздан кечираркан, президент билан ўтган суҳбатини ҳам тилга олган.
"Президент мендан сўради: "Бу уйларга кир ювиш машинасини ўрнатиб бермадингизми? Бу аёл уни сотиб ололадими-йўқми? Эри унга олиб бероладими-йўқми? Нима учун сиз ҳукумат раҳбари сафатида бу ҳақда ўйламайсиз?" Биз буни албатта бажарамиз. Президент бу аёллар учун эканини очиқ айтмаса-да, унинг ҳар бир сўзи ортида аёлларга эътибор турибди", деган Бош вазир Арипов ҳукумат йиғинида.
21 декабрь куни президент Мирзиёев Тошкентнинг Сергели туманига бориб, янги қурилган кўп қаватли уйларни кўздан кечирди.
Президент матбуот хизмати чоп этган хабарда айтилишича, туманда 5 ой ичида 1 минг 176 хонадонга мўлжалланган 21 та уй қуриб битказилган, яна янги уйлар қурилиши шитоб билан давом этмоқда.
Дарвоқе, президент матбуот хизмати ҳам Сергелидаги қурилиш ишларининг жадаллик билан олиб борилаётгани қайд этилган хабарига Мирзиёевнинг Козим Тўлаганов билан тушган суратини илова қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев, сайланишидан бироз олдин - 2016 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Козим Тўлагановни Архитектура ва қурилиш назорати давлат инспекцияси бошлиғи этиб тайинлаганди.
Козим Тўлаганов 2006 йилда Тошкент шаҳар суди томонидан иқтисодий жиноятларда айбланиб, 20 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Ўша кезда Ўзбекистон ҳукуматидаги Озодлик суҳбатлашган қатор манбалар, президентликка янги сайланган Мирзиёев Козим Тўлагановнинг қурилиш соҳасидаги катта тажрибасини инобатга олиб, уни ҳукумат таркибига қайтарганини айтган эди.
Козим Тўлаганов 1990 йиллар бошидан 2000 йиллар ўрталарига қадар Тошкентдаги йирик иншоотлар, жумладан, Оқсарой ва Ўзбекистон Олий Мажлиси бинолари қурилишига раҳбарлик қилган.