Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:43

Мирзиëев "келинглар" деди, мен "бораман" дедим (БЛОГ)


Душанба куни Ўзбекистон президенти Германия федерал президенти саройида қабул қилинди. Озодлик мухбири сифатида мен ҳам бу қабулни ëритаëтган журналистлар орасидаман. Ташрифни кузатаëтган мухбир сифатида кўрганларимни бир бошдан ҳикоя қилсам.

Берлин ғарбидаги Тегел аэропортига Ўзбекистон президентининг учоғи 20 январ кечга яқин қўнди.

"Мимино" фильми орқали киносеварларга таниш аэропорт.

Ўзбекистон герби туширилган учоқ олдига тўшалган қизил пластик гилам атрофида фахрий қоровул саф тортган.

Тўқ хаворанг берет кийиб олган 26 немис аскари ўнбошилари буйруғига кўра наъра тортади. Немис солдати, деган жумла Катта авлод вакиллари учун ғалати эшитилади.

Ҳар ҳолда немис солдатлари Ўзбекистон президентини олқишлади.

Президентни эса Германия Ташқи ишлар вазирлигининг ходими кутиб олди.

Қоида шундай.

Ўзбекистон президенти немис автобани бўйлаб мотоцикллар куршовида кетар экан, мен киоскадан газеталар олиб, ташриф ҳақидаги хабарлар борми, дея кузатдим.

Фақат битта "Тагешпигель" деган газета ташрифга бағишлаб мақола эълон қилган, холос.

Немис телеканаллари ҳам ташриф ҳақида чурқ этишмади.

Сафар олдидан Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси пиар агентлик орқали пулга ëллаган журналистлар "ижоди" немис матбуотида кўринмади.

Ўзбекистон президентининг расмий саҳифасида "Мирзиëев жойлашган меҳмонхона ëнида ўз президентини олқишлаëтган ўзбеклар" фотосини жойлаштирди.

Кейинчалик маълум бўлишича, "олқишловчилар гуруҳи" Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси томонидан махсус ташкил қилиниб, олиб келинган.

Бу "олқишловчилар гуруҳи" аъзоларидан бири билан Facebook тармоғида гаплашдим.

Озодлик мухбири эканлигимни билгач, суҳбатдош мулоқотга нуқта қўйди.

Эски саройдаги янги учрашув

Изғирин ва тунд Берлин ҳавоси. 21 январь.

18 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистон президенти Германия президенти билан учрашмоқда.

Берлин марказидаги олтин қопланган зафар минорасини айланиб ўнгдаги сарой томон юрдим.

Бельвю саройи (нем. Schloss Bellevue) Германия федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Берлиндаги қароргоҳи.

Йўлда шоп-шалопларини ялтиратиб келаëтган фахрий қоровул ротасига дуч келдим.

Протоколга кўра, немис харбийларини тамсил қилган бу рота Ўзбекистон президентини олқишлаши лозим.

Ҳамкасб фотосуратчилар уларга фотоаппарат объективини қаратиб суратга ола бошлади.

Аскарлар табассум билан мухбирларга қўл силкишди.

Бу орада журналистларни Бельвю саройи олдидаги яшил боғчага чақиришди.

Немис полициячилари узрли табассум билан журналистларни текшира бошлади.

Устимдаги пальтони ечдим.

Айпад ва телефонимни рентген ускунаси тортмасига қўйдим.

Метал чорчўпдан ўтдим.

Эътироз бўлмади.

Назорат постидан ўтгач, Германия Федератив Республикаси федерал президенти резиденцияси жойлашган ҳудудга кирдик.

Кутиш бошланди.

Мен боғча бўйлаб тизилган Германия президентларининг бюстларини томоша қилдим.

Бирдан фахрий қоровул аскарлари тартибсиз ҳолда кириб келди.

Уларга ëзилиб келиш учун изн берилган эди.

Ҳар холда аскар бўлса ҳам эхтиëжи бор.

Ниҳоят журналистларни чақиришди.

Бизга учта манзарани суратга олиш имкони ҳақида тушунтиришди.

Биринчиси, сарой зинапояси олдида президентларнинг бир-бирининг қўлини сиққани.

Иккинчи манзара, фахрий меҳмонлар китобига эсдалик ëзув ëзиш пайти.

Учинчиси эса, фахрий қоровулнинг президентларни олқишлаши.

Қўриқчилар йўлни тўсмасликни сўраб олдиндан огоҳлантиришди.

Берлиндаги Ўзбекистон элчихонасининг жиддий, аммо ҳушмуомала қиëфалари ҳам журналистларни таъқиб қилади.

Мухбирлар тадбир бошланишини кутиб, камераларини созлашмоқда.

Яшил чимзор боғчанинг маҳобатли дарвозасидан машиналар кириб келди.

Улардан бирининг олд капотига Ўзбекистон байроғи илинган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев машинадан тушиб сарой олдига юриб келди ва уни кутиб турган Германия федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан кўришди.

Франк-Вальтер Штайнмайер имоси билан улар журналистларга ўгирилиб табассум билан поза берди.

Шавкат Мирзиëев қўлини кўтариб олқишлаган бўлди.

Шундан кейин улар зиналардан кўтарилиб сарой ичига кириб кетишди.

Улар ортидан эшиклар ëпилди.

"Келинглар" деди, "борамиз" дедим

Тасвирчи ва журналистлар югуриб бинонинг орқа ҳовлисига ўтишди.

Бу ерда мингга яқин немис аскари президентлар шарафига тизилган эди.

Ҳовлида икки давлат байроқлари тикилган.

Бирор ўн дақиқалар ўтиб иккала президент елкама елка юриб саройдан чиқишди.

Ҳарбий оркестр Ўзбекистон ва Германия гимнларини ижро қилди.

Бастакор Мутал Бурхонов ижоди бўлган Ўзбекистон гимни мусиқасини немис ҳарбий оркестри маромига етказиб ижро қилгандай туюлди менга.

Шавкат Мирзиëев ва Франк-Вальтер Штайнмайер Германиядаги барча ҳарбий қисмлар вакилларини ўзида жам қилган фахрий қоровул ëнидан юриб ўтишди.

Иккала президент журналистлар ëнидан ўтаëтиб жилмайишни унутишмади.

Ҳатто, Шавкат Мирзиëев қаттиқ овозда самимий кулиб ҳам қўйди.

Германия Федерал президенти хизмати Берлиндаги ўқувчи болалардан иборат олқишлов гуруҳини ташкил қилганини кўрдим.

Болалардан биридан сўрасам, кўнгилли равишда келганини айтди.

Битта бола ҳазиллашиб мактабдан озод бўлиш эвазига келганини бидирди.

Ўқувчи болаларнинг қўлларига Ўзбекистон ва Германия байроқларини тарқатишган эди.

Ўқувчилар бу байроқларни силкитган пайтда Ўзбекистон президенти уларнинг қаршисига келди.

Рус тилида немис болаларига гапирган Шавкат Мирзиëев "Совуқ пайтда мени олқишлаганларингиз учун миннатдорман," деди.

Ўша онда мен баланд овозда "Сизга Озодлик радиосидан салом," дедим.

Ўзбекистон президентининг хорғин нигоҳи менга тушди.

"Мингдан минг раҳмат, сизларга. Келинглар," деди менга қараб.

Мен эса "бораман" дедим.

Раҳматни Озодликка айтдими ëки йиғилганларгами, "келинглар" деганда Озодлик келсин, дедими?

Бу нарса аниқ бўлмай қолди.

Савол беришга улгурмадим.

Иккала президент сарой ичига кириб кетди.

Орқасидан биз ҳам эргашдик.

Сарой ичида Ўзбекистон президенти фахрий меҳмонлар дафтарига кирилл харфлар билан ўз хотира сўзини ëзиб қўйди.

Бундан 18 йил олдин бу дафтарга Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти марҳум Ислом Каримов ҳам дил изҳорини ëзган эди.

Бельвю саройидаги журналистлар ашқол-дашқолларини кўтариб, навбатдаги тадбирларни ëритиш учун кетишди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев куннинг иккинчи ярмида Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг раиси Вольфганг Шойбле билан учрашувлар ўтказади.

22 январь куни Ўзбекистон президенти Мюнхен шаҳрида Бавария бўлгаси бош вазири Маркус Зёдер ҳамда Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Наполеон меҳмон бўлган сарой

Бельвю саройи Берлин тимсоли бўлган зафар минораси ва Бранденбург дарвозаси ëнида жойлашган.

1786 йилда архитектор Михаэл Филипп Боуман тарафидан Пруссия қироли Фридрих II нинг укаси шахзода Август Фердинанд учун қурилган қароргоҳ бугун ГФР федерал президенти қароргоҳидир.

XS
SM
MD
LG