Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:27

Ўқувчисини уриб комага туширган ўқитувчи жазога тортилди


Ўзбекистон дзюдо дарсида урилган ва комага тушган бола
Ўзбекистон дзюдо дарсида урилган ва комага тушган бола

Хоразм вилояти Боғот туманидаги спорт мактаб интернати спорт мураббийси ўқувчини уриб комага туширгани ортидан жазога тотилди.

Хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметовнинг Озодликка маълум қилишича¸ жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди спорт мураббийси Жуманазар Рўзметов Ўзбекистон жиноят кодексининг 104-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топган.

Суд ҳукмига кўра¸ спорт мураббийсига нисбатан 2 йилу саккиз ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Ҳазорасп туман суди котибининг Озодликка билдиришича¸ ўқувчини калтаклаган спорт мураббийси Жуманазар Рўзметов қасддан ҳаёт учун хавфли бўлган шикаст етказишда айбдор деб топилган.

Бола яқинларининг Озодликка билдиришича, 2018 йилнинг 20 сентябрь куни калтаклангани ортидан комага тушган 5- синф ўқувчиси Бобоназар Худойназаров 3 ой давомида кома ҳолатида ётгандан сўнг ўзига келган.

Яқинларига кўра, 11 яшар Бобоназар Худойназаров бугунги кунда ҳамон уй шароитида даволанишни давом эттирмоқда.

Хоразм вилоят, Боғот туман прокуратураси 1 октябрь куни Олимпиада миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 36 яшар мураббийси шу мактабнинг 5- синф ўқувчисини дарс пайтида калтаклагани воқеасини ўз назоратига олганлигини Озодликка билдирган эди.

Нима бўлган эди?

Боғот туман, "Қипчоқ қишлоқ", Бўка маҳалласида яшовчи ота-она ўз фарзандини жорий йил сентябрида тумандаги махсус спорт интернатнинг дзю-до синфига берган. Озодлик билан суҳбатлашган боланинг қариндошларидан бирига кўра¸ “дзю-до” мураббийси болага илк кундан бошлаб "ўгай кўз билан қараб бошлаган":

- Сен теннис синфга ўтиб ўқи¸ “дзю-до”ни эплолмайсан, деб айтибди болага. Боланинг отаси теннис керак эмас, “дзю-до”да ўқийди, деб қаттиқ турди. Ўқитувчи эса, болани бездириш учун ҳар куни 40 ўқувчининг олдида урган. 20 сентябрь куни эса, болани ҳушидан кетгунга қадар урибди¸ деган эди исми айтилмаслигини истаган боланинг қариндоши.

Республика Бош прокуратурасининг Озодликка билдиришича¸ “ўқувчи 2018 йилнинг 21 сентябрь, тонгги 4 да кома ҳолатига тушган”.

Хорaзмлик журналист Давлатназар Рўзметовнинг Озодликка билдиришича, маҳаллий мулозимларнинг воқеани бекитишга тиришган бўлса ҳам воқеа судгача етиб келган:

- Боланинг отаси 22 сентябрь куни туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда 2018 йилнинг 20 сентябрь куни тумандаги Олимпиада миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 5-синфида таълим олувчи ўғли Бобоназар Худойназарвни спорт фани ўқитувчиси Жуманазар Рўзметов бош қисмига уриб тан жароҳати етказганлигини билдирган. 24 сентябрь куни бориб милициядан сўрасам, ҳали ҳам текширув бошланмаган эди.

Журналист Давлатназар Рўзметов Хоразм вилоят спорт қўмитаси раиси Шокир Мадаминов¸ вилоят ҳокимининг ëшлар сиëсати бўйича ўринбосари Санъатбек Салаев билан учрашганидан кейин бемор нейрожарроҳлар томонидан муолажа қилина бошлайди.

Аммо ўқувчини калтаклаган мураббий устидан жиноят иши воқеадан 8 кун ўтиб очилган эди.

"Нега бу қадар кеч?" деган саволга жавоб берган ўқувчининг яқинлари “Тумандаги мулозимлар ишни бости-бости қилиб ëпиғлиқ қозон ëпиғлиқ қолишини исташган эди", деб жавоб беришган эди.

Озодлик билан суҳбатда вилоят ҳокимлиги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиясининг масъул котиби Маримбой Машарипов ҳам воқеанинг ошкор бўлишидан манфаатдор эмаслигини таъкидлаган эди:

- Бўлар иш бўлди, нима қиласизлар энди шуни шов-шув қилиб?

Бўлиб ўтган воқеа юзасидан ўтказилаëтган тафтиш чоғида спорт мактаб-интернатида болаларни калтаклаш оддий ҳол экани маълум бўлди.

Маҳаллий журналист Рўзимбой Ҳасаннинг Озодликка айтишича¸ нафақат туман, балки вилоятдаги барча мактабларда болалар калтакланади.

Туман прокурори Алишер Рўзметов ўқувчи калтакланган спорт мактабидаги ўқувчилар билан яккама- якка суҳбатлашганида барча ўқувчилар калтак егани ҳақида айтиб беришган эди.

.

XS
SM
MD
LG