Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:19

Социологлар: Патент тўловларнинг асосий қисми Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошларига тўғри келди


Россияга 2018 йилда келган мигрантлари сони кескин камайди.

Ижтимоий таҳлил ва тахминлар Институти мутахассислари келтираётган рақамларга биноан, Россияга келаётган муҳожирлар сони 3,2 фоизга камайган.

Соҳа экспертлари бу рақамлар меҳнат миграцияга тааллуқли эмаслиги ва уларга таянишда эҳтиёт бўлиш кераклигига эътибор қаратмоқда.

"Нолегал мигрантлар сони ошмоқда"

Россияга 2018 йилда келган мигрантлар сони 124,9 кишини ташкил этди.

Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси (РАНХиГС) қошидаги Ижтимоий таҳлил ва тахминлар Институти мутахассислари олиб борган тадқиқот натижасида Россияга бўлган мигрантлар оқими 2017 йилга нисбатан 4 фоизга камайгани хулоса қилинган.

Эълон қилинган ҳисоботда мигрантлар оқими Озарбайжон, Арманистон ва Туркманистондан ташқари барча бошқа мамлакатлардан камайгани айтилди.

Социологлар Россияга келаётган муҳожирлар сони айниқса йирик миграция донорлари саналган Ўзбекистон ва Украинадан озайганини таъкидлашмоқда: 2018 йилда бу икки мамлакатдан ўтган 2017 йилга нисбатан ўртача 3,2 фоизга камроқ мигрант келган.

Шу билан бирга, Россиянинг ўзида аҳоли сонининг табиий камайиши кузатилаётгани ва миграция бу муаммони атиги 57%-гина қоплай олгани тўғрисида ҳисоботда айтилди.

РАНХиГС тадқиқотчилари 2017 йилда миграция ҳисобига Россия аҳоли сонини тўлиқ қоплашга эришганини мисол қилиб келтиришди.

Бундан олдинроқ, шу йилнинг февралида, Росстат Россияга ишчи-мигрантларни етказиб бериш бўйича биринчилик Украинадан Тожикистонга ўтгани қайд этилганини эълон қилганди.

Тадқиқотни олиб борган Ижтимоий таҳлил ва тахминлар Институти илмий ходими Никита Мкртчян 2018 йилда Россиядан чиқиб кетган мигрантлар сони қарийб 17 фоизга кўпайганини ҳам ҳисобга олмоқлигини билдириб ўтди.

Ҳисоботга кўра, Россияда охирги йилларда олиб борилаётган миграция шароитларининг кескинлаштирилиши легал тарзда ишлаш иштиёқида бўлганлар сонини ҳам кескин камайтириб юбормоқда.

"Меҳнат мигрантларини легаллаштириш жараёнида истиқболларнинг йўқлиги 2018 йилда улар томонидан ҳужжат расмийлаштираётганлар сонининг камайишига олиб келмоқда (1,77 млн.-2018 йилда, 1,8 млн – 2017 йилда). Ойлик патент тўловларининг ҳар йиллик оширилиши мигрантларнинг маошлари стагнацияси жараёнида охир-оқибат бозорда легаллашаётган мигрантлар сони камайишига олиб келмасдан иложи йўқ. Айни пайтда, мигрантларнинг ойлик ишга рухсатнома учун тўловлари 2018 йилда яна кўтарилиб, маҳаллий бюджетларга 57,3 миллиард рубл миқдорида (2017 йилда – 51,3 млрд. рубл) даромад келтирди. Бу тўловларнинг асосий қисми Ўзбекистон ва Тожикистон гражданларига тўғри келди – бу икки давлат гражданлари патентларнинг 88% расмийлаштирилди", дейилади расмий ҳисоботда.

Никита Мкртчян Шарқий Европа ва Кавказорти мамлакатларининг Ғарб давлатларига эмиграцияси ошиб бораётган бир вақтда, “Россияда Марказий Осиёдан бошқа донорлари йўқ” дея хулоса қилди.

Озодлик демография муаммоси олдида турган Россияда осонлаштирилган тартибда гражданликни берувчи қонун президент Владимир Путин томонидан куни-кеча имзолангани тўғрисида Озодлик хабар қилганди.

"Марказий осиёдан бўлган меҳнат миграцияси камайгани йўқ, аксинча!"

Санкт-Петербургдаги Европа университети профессори, миграция масалалари бўйича йирик рус олими Сергей Абашин Озодлик билан суҳбатда РАНХиГС тадқиқотчилари келтираётган рақамлардан эҳтиёт бўлиб фойдаланишни тавсия қилди.

Унинг фикрича, бу рақамларга қатор аниқликлар киритиш лозим:

- Аслида легал ёки нолегал тарзда меҳнат қилаётган мигрантлар сони камайгани йўқ! Уларнинг умумий сони ҳатто кўпайиб бормоқда.Марказий Осиёдан айниқса кўпаймоқда, Украина ва Молдовадан ҳақиқатан камайди. Бу рақамларни маҳаллий оммавий ахборот воситаларида нотўғри талқин қилиш кузатилмоқда. РАНХиГС тадқиқотчилари келтираётган рақамлар Россияда “доимий” ёки “узоқ муддатли” яшаш мақомини олаётганларга – гражданликка, вақтинчалик яшаш рухсатномасига ва РВПга топширганларга тааллуқлидир.

Иккинчи хатолик – “мигрантлар сони камайди” деб жар солинаётганида. Аслида улар сони 250 минг киши атрофида сақланиб турибди. Масала Россияга келаётганлар ва кетаётганлар сони ўртасидаги тафовутнинг ошиб бораётганида: ўтган йилда Россиядан бу тоифадаги одамлар қаторидан чиқиб кетганлар сони кўпайган, холос, деди Сергей Абашин.

Суҳбатдош сўнгги йилларда Россиядаги иқтисодий ва сиёсий вазият мамлакатни тарк этишга мажбур этаётган гражданлар ва гражданликни истовчилар сонини ошириб юборганини гапирди.

Ўз кузатувлари натижалари асосида Сергей Абашин охирги бир йилда Россияда меҳнат миграцияси оқими ошгани тўғрисида хулоса қилиш мумкинлигини маълум қилди.

- Оммавий ва вақтинчалик меҳнат миграцияси кўпаймоқда. Бу Россия иқтисодиёти 2014-16 йилларга нисбатан бироз мувозанатга келгани билан боғлиқ. Айниқса Марказий Осиёдан. Украина ва Молдова муҳожирлари энди Европага жўнаб кетди – шу сабабли улар Россияга ошиқмаяпти. Россияга доимий яшашга келаётганлар сони эса деярли ўзгармасдан қолмоқда, чунки бу маҳаллий ҳукумат қаттиқ назоратидадир, дея хулоса қилди профессор Сергей Абашин.

Россия статистика хизмати ҳисоб-китобларига кўра, 2018 йилда мамлакатни 440 минг одам тарк этган.

Аммо, “Проект” нашри олиб борган мустақил изланишлари натижасида Россиядан кетаётганлар сони 6 баробар кўп экани тўғрисида эълон қилди.

Журналистлар Владимир Путиннинг учинчи президентлиги даврида Россияни 1,7 миллион одам тарк этгани аниқлаганини очиқлади.

XS
SM
MD
LG