Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:55

Хитой Ойда илмий станция қурмоқчи


Хитой тахминан 10 йил ичида Ойда илмий тадқиқот станциясини қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Xinhua давлат агентлиги хабар қилди.

Хитой миллий фазо бошқармаси раиси Чжан Кэцзянь эълон қилган билдирувга кўра, станция Ойнинг жанубий қутбига яқин ҳудудда қурилади. NASAнинг Apollon миссиялари доирасида 1969-1972 йиллар ўртасида фазо кемалари Ойнинг экваторига яқин ҳудудга юборилган эди.

Хитойнинг Ой бўйича узоқ йиллик режаси ҳали тўлиқ ишлаб чиқилгани йўқ. Аммо Хитой миллий фазо бошқармаси Ер йўлдошини ўрганиш йўлида катта ютуқларга эришди. Йил бошида Хитойнинг Chang’e 4 (Чанъэ-4) станцияси ойнинг орқа томонига қўндирилди. Шунингдек, икки фазо станцияси – Tiangong-1 ва Tiangong-2 бортида астронавтлар қисқа муддатга фазога парвоз қилди.

Хитой миллий фазо бошқармаси, шунингдек, кейинги йилларда йирикроқ ва узоқроқ фаолият юритадиган станцияни Ер орбитасига чиқаришни режалаштирмоқда.

Янги доимий миссиянинг илк бўлимлари Хитойда ишлаб чиқилган Long March-5B ракетаси ёрдамида 2020 йилнинг илк ярмида учирилади. Ушбу лойиҳанинг Халқаро фазо станциясига (ХФС) алоқаси йўқ.

Кэцзянь 2019 йилда фазогирсиз учириладиган Chang’e 5 (Чанъэ-5) кемаси Ойга бориб, намуна олиб келишга уринишини маълум қилди.

Ҳозирги кунда Хитой АҚШдан кейин фазо миссияларига энг кўп маблағ сарфлаётган иккинчи давлатдир.

Айни дамда NASA SpaceX хусусий ширкатининг Crew Dragon ҳамда Boeing ширкатининг Starliner капсулалари ёрдамида ХФСга астронавт юборишга уринмоқда. 2011 йилдан бери фазогирлар ХФСга фақат Россиянинг “Союз” ракеталари бортида чиқариб келинади. NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган.

Бунга қарамасдан, АҚШ расмийлари яқин келажакда Ойга яна миссия юборишларини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG