Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:25

Газ ва электр нархи қимматламайдиган бўлди


Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси нархлари қимматламайдиган бўлди.

“Халқ сўзи” газетасининг 3 июнь куни хабар беришича, 2019 йил 31 майда Вазирлар Маҳкамаси ёқилғи-энергетика ресурсларини сотиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича бозор механизмларига ўтишнинг истеъмолчиларга таъсирини енгиллаштириш мақсадида мана шундай қарорни қабул қилган.

“Ёқилғи-энергетика ресурсларининг айрим турлари учун тариф сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мазкур қарор билан 2019 йил 1 июндан бошлаб табиий газ учун тарифлар, суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси учун нархларнинг оширилиши бекор қилинди.

Аввалроқ маҳаллий матбуот Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида»ги 897-сонли қарорига асосан 1 июндан бошлаб нархлар қимматлатилиши тўғрисида хабар берган эди.

Қарорга асосан, табиий газнинг ҳозир 320 сўмдан сотилаётган 1 куб/метри ҳисоблаш асбоблари бўлган аҳолига 350 сўм, ҳисоблаш асбоблари бўлмаганларга эса овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун 605 сўм, иситиш тизими учун 350 сўм бўлиши кутилганди.

Ҳозирда 950 сўм бўлган суюлтирилган газ нархи 1 июндан 1200 сўм, 250 сўм бўлган 1 кВт соат электр энергияси нархи I ва II гуруҳдаги истеъмолчилар учун — 370 сўм, III гуруҳдаги истеъмолчилар учун — 280 сўм ва IV гуруҳдаги истеъмолчилар учун — 392 сўм этиб белгиланганди.

Бундан авваал бензин, дизель ёқилғиси, электр энергияси, табиий газ, суюлтирилган газ, иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти нархлари Ўзбекистонда 2018 йилнинг 16 ноябрида қимматлатилган эди.

XS
SM
MD
LG