Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:40

Тоштурмада маҳбусни ургани учун жазоланган нозирлар ҳукмдан норози (ВИДЕО)


Қамоқхона нозирларининг ҳатти-ҳаракати видео кузатув камерасига ёзилган
Қамоқхона нозирларининг ҳатти-ҳаракати видео кузатув камерасига ёзилган

Халқ орасида “Тоштурма” дейиладиган ЖИЭББ (Жазони ижро этиш Бош Бошқармаси)га қарашли биринчи тергов ҳибсхонасида маҳбусни резина таëқча билан урганликда айбланган икки сафдор суд ҳукми билан икки йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. Айбланувчилар ҳукмдан норози. Суд ҳукмининг нусхаси Озодликда бор.

21 июнь куни ўтган Тошкент вилояти апелляция суди қуйи инстанция қарорини ўз кучида қолдирди.

Маҳбусни урганликда айбдор деб топилганлар ЖИЭББ тизимидан четлаштирилди.

Тоштурмада маҳбусни ургани учун жазоланган нозирлар ҳукмдан норози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:59 0:00

Маҳбусни ургани учун жазоланган қамоқхона нозирлари яқинларининг Озодликка иддао қилишича, суд ҳукми адолатсиз бўлган.

- Норозимиз. Ҳукм устидан Олий судга арз қиламиз. Чунки бу икки одам оиланинг ëлғиз боқувчиси. Улар қоидага кўра¸ ҳаракат қилишган. Маҳбус уларга ташланмоқчи бўлганида қоида асосида уни тинчлантиришган.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги туфайли исми сир қолишини истаган ЖИЭББ вакилининг Озодликка айтишича, бу икки нозирнинг ҳаракатларида яққол жиноий аломат кўринмайди.

- Ички хавфсизлик тизими 2018 йил октябрда юз берган бу ҳодисани ўрганиб чиқди. ТХ-1 тартибот ва қўриқлаш бўлими назоратчилари А.М ва А.А қоидага кўра 2 блок 3403 рақамли камерада тўполон кўтарган маҳбус Ж.Б ни тинчлантирган. Маҳбус масофани сақламагани боис, у "резинка таëқ махсус воситаси" билан елка қисмига бир марта урилган. Бу ҳолатда жиноят аломати йўқ. Ижро интизоми бузилган. Махсус восита қўллангани юзасидан баëннома тузилмаган. Бунинг учун биринчи тергов ҳибсхонасидаги 8 ходимга интизомий жазо тарзида ҳайфсан берилди¸ дейди воқеадан хабардор мулозим.

Видеотасвир ҳақиқати

Озодлик тасарруфида маҳбус билан боғлиқ ҳолат акс этган видеотасвир мавжуд. Қамоқхона кузатув камерасига оид бу тасвирда 2018 йилнинг 30 октябр тунидаги ҳолат акс этган.

Тасвирдаги "тайм код" ларни текширган мутахассис унинг қамоқхона кузатув камерасига оид эканлигини тасдиқлади.

Овозсиз видеотасвирда Тоштурма қамоқхонаси коридори дея ишонилган сахн акс этган. Камералардан бирининг кормушкаси (Овқат (баланда) берадиган туйнуги) очилиб ëпилади. Қоидага кўра, кормушка ëпиқ бўлиши керак.

Воқеа жойига етиб келган сафдор фавқулодда ҳолат тугмасини босгани видеода кўринади. Бир оздан кейин резинка таëқ ушлаган яна икки сафдор етиб келади. Камера эшиги очилиб, ичкаридан оқ кўйлак кийган ўрта бўйли тўладан келган маҳбус чиқади.

Кадрда аристоннинг қамоқхона нозирлари билан ади-бади айтишгани кўринади. Кейин сафдорлардан бири маҳкумнинг қорнига резинка дубинканинг учи билан зарба беради. Яна бир сафдор маҳбуснинг елкасига дубинка билан бир марта туширади.

Маҳбус чўккалаб ўтириб қўли билан юзини бекитиб¸ мени урманглар деган қиëфада акс этади. Воқеа жойига яна бир нозир етиб келади. Сафдорлар ҳамроҳлигида маҳбус қорнини чангаллаб кетаëтгани акс этган.

Озодлик бу видеони тошкентлик ҳуқуқшунос Одилбек Раҳимбердиевга кўрсатди. Унга кўра¸ ЖИЭББ тизимидаги нозирлар фавқулодда ҳолат тугмаси босилган пайтда резина дубинка қўллашига мавжуд инструкция изн беради, аммо:

- Видеодан кўриниб турибдики, маҳбус нозирга қараб ҳамла қилган бўлса ҳам сафдор хаëтини хавф остига қўядиган салоҳиятда бўлмаган. Урмасдан тинчлантириш имкони мавжуд эди. Шу маънода бу нозирларга интизомий жазо бериш мумкин. Нозир ҳаракатида жиноий аломат кўрмадим, деди ҳуқушунос.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Одилбек Раҳимбердиев бу ҳаракатнинг судда малакаланишига ҳам эътироз билдирди:

- Бу иккала нозир Жиноят кодексининг 206 моддасига кўра айбли деб топилди. 206-модда мансаб ваколати доирасидан четга чиқишни билдиради. Бу моддада “мансабдор шахснинг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши” деган жумла бор. Сафдор бу мансабдор тоифасига кирмайди. У оддий ижрочи ходим. Шу боис бу иккала нозир қилмишига ноадекват жазоланган деган фикрдаман, дейди ҳуқушунос.

Нима бўлган эди?

Озодлик 2018 йилнинг 30 октябр кечаси Тоштурмада навбатчилик қилган сержант билан гаплашди. Ишдан бўшатилишидан қўрқиб исми эфирда берилмаслигини сўраган сержант ўзи гувоҳ бўлган тафсилотларни Озодлик билан бўлишди.

- Кечқурунги соат уч. Тўртинчи қаватдаман. Кимдир камера кормушкасини тарақлатиб, мени ташқарига чиқазинг, деб бақирмоқда. Қарасам 3403 рақамли камера. У маҳбусни тўртинчи марта судлангани учун ҳамма танийди. Ўғирлик ва фирибгарлик учун олдин ўтириб чиққан. Сафдорлар югуриб борди. Маҳбус бўлса сафдорни онасидан сўкиб юзига чанг солди. Кейин корпус каттаси сержант Мусулмонқул Бойқороев югуриб бориб вазиятни назоратга олди. Қоида бўйича капитан Улуғбек Қодиров ҳабардор қилинди¸ дейди сержант.

"Урганингни бўйнигга ол, деб уришди”

Сержантнинг яна даъво қилишича¸ ана шундан кейин 3403 рақамли камера маҳбуси ўз адвокати орқали порталга ариза ëзган:

-Ҳамма ëқни прокуратура ходимлари босиб кетди. Махсус прокуратура ходимлари келиб ўша куни навбатчи бўлган назоратчиларни қатор тизиб уриб-уриб ташлашди. Қийноқ қўллаганингни бўйнигга ол,деб мушти билан қорнимга солди¸ дея иддао қилади сержант.

Айни пайтда Озодликда бу иддаони тасдиқлайдиган ëки инкор қиладиган ҳужжат йўқ. (Озодлик радиоси Бош прокуратуранинг бу борадаги расмий изоҳига ўрин беришга тайёр)

Озодлик тасарруфида Тошкент вилоят прокуратурасининг айни ҳолат юзасидан ЖИЭББга киритган 1218 рақамли тақдимнома нусхаси бор. Бу ҳужжатда тартибот ва қўриқлаш бўлими назоратчилари ижрочилик интизомини бузгани қайд қилинган.

Махбус нега камера эшигини тепди?

Озодлик 3403 рақамли камера махбуси Ж.Б (тўла исми Озодликда мавжуд) нинг яқинлари билан гаплашди. Улар ЖБ нинг тўрт марта жиноий жавобгарликка тортилганини тасдиқлаш билан бирга бу масалани матбуотда ëритилишини исташмади. Уларнинг айтишича¸ 2018 йилнинг 30 октябрида фирибгарлик жиноятида гумонланиб қамоқда ўтирган ЖБ руҳий тушкунлик ва стресс боис эшикни тепган:

- Унга ҳаво етишмаган. Докторни чақиринг, деб сўраган. Асабий ҳолатда бўлган¸ дейди калтакланган маҳбуснинг яқинларидан бири.

Озодлик тасарруфидаги суд тергов ҳужжатларида маҳбус Ж.Б бир-бирига қарши бўлган чалкаш кўрсатмалар бергани қайд қилинган.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Одилбек Раҳимбердиевнинг айтишича, Тоштурмада маҳбусларни урди, дея жазоланиш ҳолати ўта кам кузатилган.

XS
SM
MD
LG