Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида яшовчи 24 ёшли Жасурбек Рустамов ва Жўрабек Султонов айни туман прокуратура ва ИИБ ходимларини 2014 йилда уларни “аёвсиз” қийноққа солганликда айблаб чиқди.
Хоразмлик йигитларнинг иддао қилишича, бир гуруҳ прокуратура ва ИИБ ходимлари қотилликка иқрор бўлишга мажбурлаб, уларнинг қўл-оёқларини синдириб ташлаганлар.
2015 йил 26 январида Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди Жасурбек Рустамов ва Жўрабек Султоновни 2014 йилнинг 27 июлидан 28 июлига ўтар кечаси Ҳазорасп тумани Питнак шаҳарчасида Аброр Худойбергановни ўлдирганликда айбдор деб топиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этган.
Жасурбек Рустамов ва Жўрабек Султонов 4,5 йил қамоқ муддатини ўтагач, тўла оқланиб озодликка чиққан.
Хоразмлик йигитлар орадан салкам беш йил ўтиб уларни қотилликка иқрор бўлишга мажбурлаган ва қийноқларга солган ИИБ ходимларини жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда.
Аммо Ҳазорасп ИИБ уларнинг қийноққа тутилгани ҳақидаги иддаоларни рад этмоқда.
Қотиллик
Озодликка тақдим этилган Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг ҳал қилув қароридан аниқланишича, 2014 йилнинг 27 дан 28 июлга ўтар кечаси Питнак шаҳарчасининг “Жуманиёз бобо” фермер хўжалиги ҳудудида Аброр Худойберганов ўлдирилиб, ҳодиса жойига кўмиб кетилган.
Бу жиноятни содир этганликда айбланиб, 1 августда Санжар Искандаров ва Барно Рўзибоева исмли шахслар қўлга олинади.
Шу орада оёққа тургизилган ички ишлар ходимлари марҳумнинг маҳалладошларини бирма-бир сўроққа чақира бошлайди.
Жасурбек Рустамов қўлга олинишидан бир кун ўтиб – 2014 йилнинг 11 август куни, ички ишлар бўлимига Жўрабек Султонов сўроққа олиб келинади.
Қийноқ даъволари
Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани Обод маҳалласидан Озодликка мурожаат қилган Жасурбек Рустамов ва Жўрабек Султонов сўзларига кўра, ички ишлар ходимлари уларни «мутлақо алоқаси йўқ» жиноятга иқрор бўлишган мажбурлаганлар.
Жасурбек Рустамовнинг иддао қилишича, Ҳазорасп тумани прокуратураси ва ИИБ бир гуруҳ ходимлари (исм ва фамилиялари Озодликка маълум) унинг оёқ ва қўлларини синдириб ташлаганлар:
- 2014 йилнинг 10 августида Хоразм вилоят Ҳазорасп тумани прокуратура терговчиси А. Н, туман ИИБ ходимлари И.Ч, Р.С, Б. Т, Х. Асрор, Питнак шаҳар ИИБ ходимлари А. И ва С. Клар Ҳазорасп ички ишлар бўлимига олиб бориб, нима учунлигини айтмасдан уриб, дубинка билан қўлимни синдиришяпти. Оёғимни босиб турган Т. исмли ходим оёғимни ҳушимдан кетганимни кўриб, синдираяпти. Менинг уйдагиларим ИИБ биноси олдига бориб сўраганда “Ўғлингизни ярим соатда қўйворамиз!”, деяпти. Улар менинг бақир-чақиримни эшитиб қолган, - деб эслайди Жасурбек.
Унинг қўшимча қилишича, ИИБ ходимлари уни шифохонага олиб бормасдан, яна бир сутка бўлинма ҳибсхонасида сақлаганлар.
- Мени совиб қолган қўл-оёғимни кўриб, бу аҳволда уйга қўйворишга қўрқиб, улар “милицияни сўкди” деган баҳона билан жиноятларини яшириш мақсадида 15 суткага қамаяпти. Улар мен милицияхонага келган машинамни ҳам қамаб қўйган. Аппеляция қилиб, 15 кундан кейин келиб адвокатим СНБ орқали милиция бошлиғига қўнғироқ қилса, милиция ходимлари қотилликни содир этган Санжар Искандаров ва Барно Рўзибоевани “қотилликни Жасур Рустамов содир этди”, деб уриб ёздириб олган, - дейди Жасурбек Рустамов.
Жиноий шериги сифатида айбланган Жўрабек Султонов ҳам айни ИИБ ва прокуратура ходимлари унинг қовурғасини синдирганини иддао қилди:
- Қотилликни бўйнингга оласан деб ўша ерда уришди. Мен бўйнимга олмадим. Лекин суд кейин 16 йил берворди. 4 йилу 4 ой ўтирдим. Ҳазорасп тумани милиция хонасида Ч., А., Н., С.лар уришган. Бизлардан олдин маҳалладан бошқаларни ҳам олиб келишган. У ўлдирилган боланинг акаси милицияда ишлар экан. Ўлдирган одам ҳам 17 йилга, Барно 13 йилга қамалди, лекин «қотилликни мен содир этганман» деб айтиб келганига қарамасдан, биз Жасур билан бирга 16 йилдан олдик. Жасурни қўл оёғи – мени қовурғам синганини улар шу тарзда яширишди, деди Жўрабек.
У ҳам тергов бошидаёқ терговчилар қотилликни содир этган шахслар томонидан ўзига қарши қийноқлар остида кўрсатма олганини тасдиқлади.
Президентга мурожаат ва озодлик
Ҳукм ортидан Жўрабек ва Жасурбекнинг оналари янги сайланган президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат билан чиқади ва ўғиллари устидан чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқишни сўрайди.
(Жасурбек Рустамов ва Жўрабек Султоновларнинг оналари мурожаати)
Мурожаат ортидан бир нечта аппеляцион мажлислар бўлиб ўтади ва ниҳоят Қорақалпоғистон Республикаси Олий Судининг 2018 йил 11 декабрдаги қарори билан икковлон оқланиб, озодликка чиқарилади.
Моддий ва маънавий зарар
Жўрабек Султонов педагогика коллежини битира олмагани боис тайинли жойга ишга қабул қилинмаётгани ва қийноқлар ҳамда қамоқхонадаги аҳвол туфайли даволанишга мажбур эканини билдирди.
Хоразмлик йигитлар яқинлари уларнинг “ноҳақ айбланиб, 4 йилу 4 ой қамоқда ўтиргани ва сурункали асаб касаллигига чалингани ва шу йиллар давомида етказилган моддий-маънавий зарарни қоплаш учун” 300 млн сўмни ҳукуматдан ундириб беришни сўраган.
Аммо Боғот туман Фуқаролик ишлари бўйича суди уларнинг моддий-маънавий зарарини 40 млн сўм қилиб белгилаб берган.
ИИБ жавоби
Озодликнинг Ҳазорасп туман милиция бўлимига бу масалада қилган мурожаатига ўзини Қурбонов деб таништирган навбатчи Жўрабек ва Жасурбек иддаоларини инкор қилишга уринди:
- Менинг хабарим йўқ ва бунақа ҳолат бўлмаган! – дея гапни қисқа қилди милиция ходими.
Навбатчи Ҳазорасп туман милиция бошлиғи муовини Жасур Мадалиевга мурожаат қилишни сўради.
Бироқ навбатчи ходим берган рақамлар бўйича Жасур Мадалиевдан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Ҳазорасп туман прокуратураси ва Хоразм вилоят прокуратурасида ҳазорасплик йигитларнинг айбловлари юзасидан расмий мурожаатнома юборишни тавсия қилишди.
“Ҳаётим синди”
Ҳозирда Россияда меҳнат муҳожирлагида юрган Жасурбек Рустамов ҳар бир айтган сўзи учун ҳар қандай расмий идора олдида жавоб беришга тайёр эканини ҳам қўшимча қилди.
- Мени ҳаётим синди, тўғриси. Вилоят прокуратурасида тиз чўктириб тепганларни қонун олдида жавоб беришларига сизлардан ёрдам сўраяпман. Президент бизни тингласинлар! Мен мурожаат қилмаган жойим қолмади. Оёғимни синдирган Б. Т пора билан тушиб, ишдан ҳайдалиб кетган. Қолган ҳаммаси ишлаб юрибди, деди адолат талаб қилган Жасурбек.
"Ўрганган кўнгил"
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб, 2017 йил декабрда ўтказилган маросимдаги маърузасида суд-тергов давомида қийноқ қўллаш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратган эди.
Ўшанда Мирзиёев милиция ва хавфсизлик тизимларидаги қийноқларни назарда тутиб: "Қийноқ қўллашга ўрганган кўнгил ўлганда қолади", деган эди.
30 ноябрда Шавкат Мирзиёев қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишни тақиқловчи фармонни имзолаган эди.
Ўзбекистонда 2003 йилда "Қийноқларга қарши кураш миллий дастури" ҳам қабул қилинган.
Марҳум президент Ислом Каримов 2012 йилда қийноқларни тақиқловчи махсус қонунни имзолаганди.