Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:26

Петербург портлашида айбланганлардан бири умрбод, ўн нафари 19 йилдан 28 йилгача қамалди


Аҳрол Азимов ўғиллари Акром ва Аброр билан
Аҳрол Азимов ўғиллари Акром ва Аброр билан

Қирғизистонлик Аброр Азимов Петербургда 2017 йилнинг апрелида содир бўлган портлашда айбдор деб топилди ва умрбод қамоққа маҳкум этилди.

2-ғарбий округ ҳарбий суди қолган 10 айбланувчига 19 йилдан 28 йилгача қамоқ жазоси тайинлади.

Прокуратура умрбод қамоқ жазосини Иброҳим ва Муҳаммадюсуф Эрматов ҳамда Аброрнинг укаси Акром Азимовларга ҳам сўраган эди.

16 кишининг ўлимига сабабчи бўлган терактда айбланаётганлардан бирортаси сўнгги дақиқаларгача ўз айбига иқрор бўлгани йўқ ва адвокатлар апелляция ҳозирлашга тушди.

2019 йилнинг 10 декабрида 2-ғарбий округ ҳарбий суди қарори билан ўшлик Аброр Азимов 2017 йилнинг 3 апрелида Санкт-Петербург метросидаги портлашларни “молиялаштирганликда” айбдор деб топилди ва умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди.

- Азимов Аброрга умрбод қамоқ жазоси тайинлансин. Азимов Акромга (Аброрнинг акаси, таҳр.) 28 йиллик қаттиқ режимли колонияда жазо муддати белгилансин, дея ҳукм чиқарди судья Андрей Морозов.

Терактда гумонланган қолган 9 нафар ўзбекистонлик, тожикистонлик ва қирғизистонлик фуқароларга ҳам 19 йилдан юқори қамоқ муддати берилди:

Муҳаммадюсуф Эрматов – 28 йил,

Иброҳим Эрматов – 27 йил,

Шоҳиста Каримова – 20 йил,

Содиқ Ортиқов – 22 йил,

Муҳаммадюсуф Мирзаалимов – 20 йил,

Дилмурод Муйдинов 20 йил,

Аъзамжон Маҳмудов - 20 йил,

Сайфулло Ҳакимов 19 йил,

Баҳром Эргашев - 20 йиллик қаттиқ режимли колонияда жазо ўташи белгиланди.

Ундан ташқари суддланганлар 500 мингдан 800 минг рублгача жаримага ҳам тортилди.

Судья, шунингдек, Петербург метрополитенининг судланган муҳожирларга қўйган фуқаролик даъво аризасини қондириб, уларга жами 695 минг рубл миқдорида қўшимча маблағ ундириб олишни тайинлади.

Аброр Азимовга умрбод қамоқ жазоси тайинланди
Аброр Азимовга умрбод қамоқ жазоси тайинланди

11 нафар жиноят иши фигуранти Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг қўйилган 205.4- моддаси 2- қисми (Террорчилик ташкилотида аъзолик), 205- моддаси 3- қисми “б” банди (Террорчиликни содир этишга уриниш), 30- модда 3- қисми ва 205- моддаси 3- қисми “б” банди (Террорчилик оқибатида одамларни қасддан ўлдириш), 30- модда 1- қисми ва 205- моддаси 3 қисми “б” банди (Террорчиликка ҳозирлик кўриш), 223.1 моддаси 3- қисмининг уч банди бўйича (Уюшган гуруҳ таркибида портловчи моддалар ёки портловчи мосламаларни ноқонуний тайёрлаш ва сақлаш), 222.1- моддаси 3- қисмининг беш банди (Уюшган гуруҳ таркибида портловчи моддалар ёки портловчи мосламаларни ноқонуний сотиб олиш, тарқатиш, сақлаш, олиб юриш ва ташиш) асосида айбдор деб топилди.

Озодлик билан суҳбатда айбдор деб топилган йигитларнинг отаси, Россия ФСБси томонидан Россия фуқаролигидан маҳрум этилиб, Қирғизистонга чиқариб юборилган Аҳрол Азимов суд қароридан ҳайратга тушгани ва адвокат сўзларига таяниб судланганларнинг айбини исботловчи бирорта далил маҳкама давомида келтирилмаганини маълум қилди.

- Аброр ўғлимга умрбод, Акромга 28 йил беришибди. Бегуноҳдан-бегуноҳларни шундай қилиб – ҳеч қандай далил йўқ эди буларда: асосланган нарсаси – қийнаб олган, токлар билан уриб, чўктириб олган нарсаларни асос қиляпти судда. Анови ўлди деган Жалиловни ўлигиям йўқ, тиригиям йўқ экан судда, у экспертиза қилинмаган! Адвокатларнинг бирортасини гапларига қулоқ солмасдан, прокурор сўраган нарсани беряпти булар. Тепадан буйруқ бўлган шекилли.

Суҳбатдош айбланувчиларнинг бирортаси маҳкама давомида ўз айбига иқрор бўлмагани ва судяга уларга нисбатан қўлланилган қийноқлар устидан тушган шикоятлар қўриб чиқилмаганини айтди.

- Ҳеч қайси бири прокурор қўйган айбга иқрор бўлмаган. Масалан, учтасини “Сирожиддин Муҳторов билан гаплашди”, деган айблов қўйяпти. Менинг куёвим Сирожиддин, яна бошқаси аёлимнинг жияни Сирожиддин... Учовини битта “Он же террорист Абу Салоҳ” деб ёзворяпти! “Жалилов билан гаплашди”, деб ўғлим номидан мутлақо бошқа Ўзбекистон акценти билан одамнинг овозини судга беряпти, деди Аҳрол Азимов.

Судланган йигитларнинг отаси ёпиқ тарзда ўтган ҳарбий суд ҳукми устидан албатта апелляция аризаси билан мурожаат қилишини маълум қилди.

Санкт-Петербург метросида 2017 йилда террор ҳаракатини амалга оширганликда айбланиб судланаётган 11 нафар меҳнат муҳожиридан 10 нафари шу йилнинг 2 апрель куни бошланган суд жараёнида ўзларига билдирилган айбловни тан олишдан бош тортди.

Россиялик терговчилар томонидан Қирғизистонда туғилиб ўсган ака-ука Аброр ва Акром Азимовларга терроризм ва қурол сақлаш бўйича айблов эълон қилинган эди.

Аввалроқ Аброр Азимов ФСБнинг “махфий қамоғи”да қийноқларга солингани тўғрисида адвокати орқали жамоатчиликка маълум қилган эди. Динзега кўра, ФСБ ходимлари, аризани қайтариб олмаса Азимовнинг қариндошларини “жисмоний жиҳатдан жазолашлари” билан Аброр ва Акромни қўрқитганлар.

Айбланувчиларнинг отаси Аҳрол Азимов 25 июлда Москвада ўтган матбуот анжуманида фарзандларига нисбатан жиноят ишлари сохталаштирилгани тўғрисида гапирган эди.

Қирғизистон Бош прокуратурасининг Россия Бош прокуратурасига юборилган хати.
Қирғизистон Бош прокуратурасининг Россия Бош прокуратурасига юборилган хати.

Ўзбек муҳожирларининг отаси Ахрол Азимов ўғилларига нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани борасида хабар беришни бошлаганидан кейин Россия гражданлигидан маҳрум этилган ва Россиядан чиқариб юборилганди.

Акромжон ва Аброрнинг яқинлари уларнинг граната ва пистолет билан қўлга олинишини “уйдирма томоша” деб атаган эди.

2017 йилнинг 3 апрелида Петербург метросида портлаш содир бўлиб, 16 одам, жумладан худкуш экани иддао қилинаётган 22 ёшли Қирғизистон фуқароси Акбаржон Жалилов ҳалок бўлган эди. Портлашда 103 одам жароҳатланган. Ўлганларнинг 9 нафари аёл, 7 нафари эркак эди.

Мазкур иш юзасидан Россияда муҳожирликда юрган марказий осиёлик 11 нафар ўзбек қўлга олинган эди.

XS
SM
MD
LG