АҚШ ҳарбий тадқиқотлар агентлиги, давлат хавфсизлиги учун муҳим бўлган илғор технологияларни яратишга сармоя қилади. Агентлик айни дамда учувчисиз самолётларни онг билан бошқариш бўйича тадқиқот олиб бормоқда.
Тасаввур қилинг, электрон воситалар билан алоқа қилиш учун клавиатурада ёзишга ҳожат бўлмаса.
“Дронни бошқараётган аскар буйруқни клавиатура орқали эмас, мияси орқали берса, сигнални янада тезроқ юборган бўлади”, - дейди физик олим Жейкоб Робинсон.
Унинг жамоаси ана шундай мия-компютер интерфейсини яратишга уринмоқда. Тадқиқот ҳужайралар дажарасида бошланади.
“Вирусларни манипуляция қилиб, ҳужайраларни муайян вазифаларни бажаришга ундайдиган янги генларни яратишга муваффақ бўлдик”, - дейди Робинсон.
Гени ўзгартирилган мия ҳужайралари магнит майдонлари ва нурга нисбатан сезгирроқ бўлади. Манипуляция қилинган вируслар ва наномагнитлар қон оқимига киритилади.
Бошга лазер, ёруғлик детекторлари ва электромагнитлар билан жиҳозланган шлем кийилади. У мия фаолиятини ўлчаб ва стимуляция қилиб, электрон жиҳозлар билан алоқа қила олади.
“Шлемни кийиб, стулга ўтириб, дронни бошқарасиз”, - дейди олим.
Ҳарбий соҳадан ташқари, мия-компьютер интерфейси одамларга эшитиш ва кўриш қобилиятини тиклашга ёрдам бериши мумкин.
“Кўзингиз ёки унинг тўр пардаси шикастланган бўлса, миянинг информацияни қабул қилувчи қисми барибир ишлаб туради. Мияга шундай сигнал юбориш мумкинки, гўё кўзингиз жойида тургандек бўлади, чунки миянгизнинг тасвирни идрок этувчи қисми мукаммал ишлаб турибди”, - дея тушунтиради Робинсон.
Олимлар магнит ва нейронлар ёрдамида пашшаларни бошқара олишини кўрсатган.
АҚШ ҳарбий тадқиқотлар агентлигига кўра, тўрт йилдан кейин технология одамларда, хусусан, кўзи ожизларда синаб кўрилади. Жарроҳлик операцияси талаб қилинмайди.
Айни пайтда технология фойдасини ошириш ва хавфини камайтиришга қаратилган этика қоидалари ишлаб чиқилмоқда.