Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:49

Домодедоводаги муҳожирлар ОМОН ëрдамида ҳайдаб юборилди; Внуковода ҳамон элликка яқин ўзбек тунамоқда (ВИДЕО)


Юртига кетолмаган мигрантлар аэропортларда тунамоқда
Юртига кетолмаган мигрантлар аэропортларда тунамоқда

Россия ва Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳар қандай авиапарвоз, автомобиль ва темир йўл қатновини тўхтатганига қарамасдан, Москванинг Внуково аэропортида яна ўнлаб ўзбек муҳожири қолмоқда.

31 мартга ўтар кечаси Домодедово аэропортини тарк этишни истамаган 300 яқин тожик ва қирғиз меҳнат муҳожири ОМОН ёрдамида аэропорт ҳудудидан қувиб чиқарилди.

Внуковода Ўзбекистонга кетолмаган йўловчилар қолмоқда

Внуково аэропортида тунаб қолаëтган ўзбекистонликларнинг аксари Россиянинг Узоқ Шарқидан Москвага келиб¸ бу ердан Ўзбекистонга учмоқчи бўлганлардир.

Россия ҳукумати 27 мартдан бошлаб¸ мунтазам ва чартер рейслар парвозини тақиқлаши ортидан улар Ўзбекистонга учолмай қолган.

Москвада яшашга пули йўқлиги¸ қолаверса¸ Россия ва Ўзбекистон ҳукуматларининг бирор махсус рейс бўйича келишувга эришишига умидворлиги боис 50 нафарга яқин муҳожир 1 апрелда ҳам аэропорт ҳудудида қолмоқда.

Ҳозирча Внуково аэропорти маъмурияти 15 кундан буён аэропортда тунаётган муҳожирларни чиқариб юборишга шошмаëтир.

Айни пайтда¸ Россия ҳукуматининг чартер ва мунтазам авиарейсларни тўхтатиш тўғрисидаги қароридан кейин чорасини топган мигрантларнинг бир қисми тарқалишни бошлаган.

- Пулимизни ҳеч бўлмаса қайтариб олдик. Биз 7 кун ётдик аэропортда. Охири тушундик¸ бошқа рейс бўлмаслигини. Ҳозир танишларимиз олдига келиб ётибмиз Москвада. Аэропортда на таниши, на борадиган жойи бор одамлар қолди, боши қотиб, дейди шундай вазиятда қолган ўзбекистонликлардан бири.

Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси Внуково аэропортида қийин аҳволда қолган ўзбекистонликларни ётоқ жойи ва озиқ-овқат билан таъминлашга ҳозир эканини айтмоқда.

Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси “Домодедово” ва “Жуковский” аэропортларида тўпланган ва аэропорт биносидан чиқариб юборилган муҳожирлар орасида ўзбекистонликлар йўқлигини тасдиқлади.

Элчилик расмий маълумотига кўра, “Внуково” ва “Шереметьево” аэропортларида қолган ўзбек мигрантларининг бир қисми чартер рейслар ёрдамида Ўзбекистонга олиб чиқилгани, ёрдамга муҳтож 160 зиёд ўзбекистонлик эса Москвадаги ҳостелга кейинги чартер рейслари очилгунга қадар жойлаштирилди.

“Уларга яшаш учун барча шароитлар яратилган, уч маҳал иссиқ овқат ташкиллаштирилди, улар билан доимий алоқа ўрнатилди”, дейилади хабарномада.

Домодедоводаги тожик-қирғиз муҳожирларини ОМОН чиқариб юборди

31 мартга ўтар кечаси 300 га яқин меҳнат муҳожири Домодедово аэропортидан қувиб чиқарилди.

Ҳодиса гувоҳлари тунгги соат 3 ларда форма кийган аэропорт қўриқчилари учиш залида жойлашиб олган мигрантларга бир жойга йиғилишни, яқин орада уларнинг ҳаммаси юртига жўнатилиши мумкинлигини айтган.

Москвалик журналист Галия Ибрагимова¸ бу эълон ортидан бир жойга йиғилган мигрантларнинг ОМОН кучлари кўмагида аэропорт ташқарисига чиқариб юборилганини маълум қилди.

- Ҳаммамиз бир жойга йиғилганимизда, бизни ташқарига ҳайдаб юборишди. Тунда. Совуқда. Аэропортда қолиш мумкин эмас дейишди. Энди одамлар кўчада, нима қилишни билмаймиз.

- Биз Россияда итдек ишлаймиз. Дам олиш кунларимиз ҳам деярли йўқ. Ҳозир бўлса ҳеч кимга керак бўлмай қолдик. Бизни керак эмас нарсадек отворишди! Нима учун ундай бўлаяпти? Ёрдам беринглар!¸ деган иқтибос келтирди журналист ўзи гаплашган муҳожирлардан.

Тожик муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келувчи юрист Каримжон Ёров Озодлик билан суҳбатда Домодедово аэропортидаги муҳожирларнинг 200 нафари тожикистонликлар¸ қолгани эса¸ қирғизистонлик эканини билдирди.

- Улар аэропорт маъмурияти илтимосига биноан полиция томонидан тарқатиб юборилди, деди ҳуқуқ фаоли.

Россиядаги Тожикистон элчиси Имомуддин Сатторов Душанбе ҳукумати Внуково, Домодедово, Жуковский ва Шереметьево аэропортларида қолган ватандошлари учун 7та рейс уюштирганини билдирди. Элчи Россиядаги тожик мигрантларини ишга жалб қилувчи йирик корхоналарга ишчиларни ишдан бўшатмасликни сўраб, мурожаат қилганини ҳам билдирди.

Домодедово аэропорти матбуот хизмати Россия ҳукуматининг коронавирусга қарши кураш тўғрисидаги қарорига мувофиқ аэропортда тунаётганлар¸ жумладан 117 нафар тожикистонликни бу ҳудуддан чиқариб юбориш тўғрисида буйруқ олганини маълум қилди.

Вазиятни кузатиб бораётган бошқа ҳуқуқ фаоллари ҳам аэропортда ётган мигрантлар эртами-кечми аэропортдан барибир чиқариб юборилиши тўғрисида огоҳлантирган эди.

27 мартдан бошлаб Россия ҳукумати қарори билан мамлакат аэропортлари кириш ва чиқишга ёпилди. 1 апрелдан 31 майгача бир гуруҳ Россия лоукостер авиаширкатлари ҳам ички парвозларни тўхтатганини маълум қилди.

Москва ҳукумати ортидан Россиянинг кўплаб минтақаларида ҳам 30 мартдан кўчада ҳаракатланишга чеклов қўйилди ва аҳолининг фақат ўз яқинидаги озиқ-овқат дўкони ва дорихонага чиқишигагина рухсат берилди.

XS
SM
MD
LG