Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:18

Ленинградда коронавирус юқтирган камида 35 муҳожир орасида ўзбеклар бўлиши мумкин. Улар касалхонага ётқизилмади (ВИДЕО)


Россияда ҳозирги кунда COVID-19га чалинганлар сони расман 28 минг киши, деб эълон қилинди.
Россияда ҳозирги кунда COVID-19га чалинганлар сони расман 28 минг киши, деб эълон қилинди.

Россиянинг Ленинград вилояти Всеволжск тумани Новосергиевка посёлкасидаги ётоқхонада камида 35 нафар меҳнат муҳожирида коронавирус аниқланди. Бу ётоқхонада тумандаги қурилишларда ишлаётган, жумладан, IКЕА савдо марказини таъмирлашда иштирок этаётган меҳнат муҳожирлари яшайди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият расман маълум қилди.

Озод Европа-Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган “Настояшчее время» телеканалининг хабар беришича, айни пайтда ётоқхонани куну тун Россия Миллий гвардияси ва полиция ходимлари қўриқламоқда. Ётоқхона яшовчиларини кўчага чиқаришмаяпти. Бу ерда яшайдиган меҳнат муҳожирларини касалхонага ётқизишдан ҳозирча бош тортилди.

Меҳнат муҳожирлари қайси давлат фуқаролари экани очиқ айтилмади.

Kun.uz нашрининг ёзишича, муҳожирлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бўлиши мумкин.

“Ётоқхона ичидан олинган фотосуратларда эшикка ёпиштирилган эълонлар ҳам бор. Улар ўзбек тилида ёзилганини инобатга олсак, муҳожирлар ичида ватандошларимиз ҳам бўлиши мумкин”, деб ёзган нашр ётоқхона ичкарисидан олинган ўзбек тилидаги эълонлар суратларини ҳам чоп этган.

Маҳаллий ҳокимият “ноқонуний фаолият юритган” деб ҳисоблаётган мазкур ётоқхонани Роспотребнадзор, тергов қўмитаси ва полиция 11-12 апрель кунлари ўтказган қўшма амалиёт пайтида аниқлаган. Айни мана шу рейд давомида санитар врачлар ётоқхонада яшаётган муҳожирларда коронавирус аломатларини топган.

Расмий маълумотда айтилишича, коронавирус юқтирган 35 киши билан биргаликда бу ётоқхонада яна 154 муҳожир яшамоқда.

“Бу ётоқхона хўжайини бу ерда яшовчиларни озиқ-овқат ва яшаш учун зарур бўлган бошқа маҳсулотлар билан таъминлашни ўз зиммасига олди”,- деб билдирди маҳаллий расмийлардан бири Владимир Гречиц.

Ётоқхонада қанча одам яшагани ва улардан қанчаси коронавирусга чалинган бўлиши мумкинлиги ҳозирча номаълум қолмоқда. Маҳаллий ҳокимиятга кўра, бу ерда жами 472 одам яшаб кетган.

“Ҳозирги кунда уларнинг барчаси текширилмоқда. Биринчи текширувда коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганларнинг 50 фоизи, иккинчи текширувда 10 фоизи аниқланди”, дейилади расмий баёнотда.

Маҳаллий ҳокимият ётоқхона атрофидаги ҳудудни дезинфекция қилди. Мутахассислар ётоқхона яқинидаги озиқ-овқат дўкони олдини ҳам дезинфекциядан ўтказди. Аммо сотувчининг айтишича, дўконнинг ичи дезинфекция қилинмади.

Озиқ-овқат дўкони олдида новвойхона ҳам жойлашган. Новвойхонада ишловчилар ҳам бу ер дезинфекция қилинмаганини айтмоқдалар.

Ленинград вилоят губернатори меҳнат муҳожирлари яшайдиган ётоқхонада коронавирус аниқлангани тўғрисидаги хабарга муносабат билдирар экан,бу воқеани “инфекцион бомба”, деб атади.

Ленинград вилоятида шу кунгача коронавирус юқтирган 190 бемор аниқланган.

Россияда ҳозирги кунда COVID-19га чалинганлар сони расман 28 минг киши, деб эълон қилинди. Сўнгги 24 соатда 34 бемор ўлди. Бу билан Россияда коронавирусдан ўлганлар сони 232 кишига етди.

XS
SM
MD
LG