Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:49

Туркманистонда нон сотиб олиш учун ярим тундан бошлаб навбатга турилмоқда


Ашхобод дўконлари навбатда турганларни яшириш учун маҳсулотларни орқа эшикдан сотмоқда.
Ашхобод дўконлари навбатда турганларни яшириш учун маҳсулотларни орқа эшикдан сотмоқда.

Туркманистон пойтахти Ашхободда одамлар давлатга қарашли дўконлардан озиқ-овқат сотиб олиш учун тундан бошлаб навбатга турмоқда. Аммо полициянинг қатъий назорати остида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари навбатда турганларнинг барчасига етмай қолмоқда.

Ун етишмовчилиги оқибатида, давлат дўконларида аввал 2 манатдан сотилган нон икки ярим баробарга қимматлади ва 5 манатдан сотилмоқда (1 доллар 3,5 манат).

“Давлат магазинларида авваллари 60 тангадан сотилган нон ҳозир йўқ. Бу нонни энди хусусий дўконларда 1 манатдан сотишмоқда. Ҳозир бир килоси 1 манатдан сотиладиган ун ҳам йўқ”, - деб билдирди Озодлик радиоси туркман хизмати мухбири.

Унга кўра, ноннинг бошқа турлари ҳам қимматлаган. Ўтган жума кунидан бошлаб 2 манатли нон 2,5-3 манатга қимматлалан. Шанба куни эса айни шу нон 4,5-5 манатдан сотилган. Маҳаллий уннинг нархи эса 7 манатдан 9 манатга қимматлади.

Мухбирларнинг билдиришларича, ашхободликлар давлат дўконларидан арзон нархда озиқ-овқат сотиб олиш илинжида ярим тундан бошлаб навбатларга турмоқдалар. Аммо полициянинг қатъий назорати остида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари навбатда турганларнинг барчасига етмай қолмоқда.

“Одамлар магазин очилишига 20 соат қолганидан бошлаб навбатларга турмоқда. Масалан, кеча тунда 32-магазинга навбатга ёзилганлар эрталаб соат 6:30 дўкон олдига йиғилди. Соат 8да магазин олдига полициячи келиб, одамларни бир неча қатор қилиб навбатга турғизди. Навбатнинг бир қатори 100 метрга чўзилди. Иккинчи поилциячи эса дўкон эшиги олдида навбатга амал қилинишини назоратга олди. У дўконга одамларни 5тадан киритиб турди”, деди Озодликнинг Ашхабоддаги мухбири.

Ўсимлик ёғи ва товуқ гўштини сотиш полициянинг қатъий назорати остида ўтди. Бу маҳсулотларни навбатсиз сотиб олиш учун имконияти чекланган шахсларни ҳам киритишмади.

“Бир аёл иккинчи гуруҳ ногирони гувоҳномасини кўрсатиб, навбатсиз дўконга кирмоқчи бўлди. Аммо полициячи ногиронлар фақат душанба куни навбатсиз маҳсулот сотиб олиши мумкинлигини айтиб, уни ичкарига киритмади”, - деб билдирди мухбир ва навбатга турганларнинг ҳаммасига ҳам озиқ-овқат етишмаганини таъкидлади.

Мухбирга кўра, навбатда турганлар орасида жанжаллар чиқмаслиги учун полиция назорати ўрнатилган.

Бундан ташқари дўконларда Қозоғистон уни ҳам қимматлаган. Авваллари бир килоси 8 манатдан сотилган биринчи навли ун 10 манатдан сотилмоқда, олий навли уннинг бир килоси эса 9 манатдан 13,5 манатга қимматлаган.

Туркманистонда уч йилдан бери иқтисодий инқироз кузатилмоқда. Инқироз оқибатида мамлакатда озиқ-овқат тақчиллашган, нархлар кундан-кунга қимматлаб кетяпти.

Озодлик радиоси туркман хизматининг Ашхободдаги яна бир мухбири 16 апрелда давлат магазинларида нон сотиб олишга чеклов ўрнатилганини билдирган эди. Унга кўра, бир одамга фақат икки буханка нон сотилмоқда. Суякли мол гўшти нархи эса 38 манатни ташкил этмоқда ( расман 3,5 манат 1 доллар).

Бундан аввал Туркманистон ҳокимият идоралари озиқ-овқат етишмовчилигидан ғазабланган кишилар намойишини уларга ун қопчаларини тарқатиш билан бостиргани хабар қилинганди.

“Озодлик” радиоси туркман хизмати берган хабарга кўра, 3 апрелда Туркманистоннинг жануби-шарқидаги Марв вилоятида ҳукумат субсидия ажратадиган ун ва ўсимлик ёғи етишмовчилигига қарши 30 дан ошиқ аёл норозилик билдирган.

Намойишчилар Марв шаҳри ғарбида йиғилиб, пойтахт Ашхободга олиб борадиган трассани қисқа вақт тўсиб қўйган, кейинчалик вилоят маъмурияти биноси томон юриш қилган.

Бироқ норозилик маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳар бир аёлга 2 килограммлик копчаларда ун тарқатгандан сўнг ниҳоясига етган.

XS
SM
MD
LG