Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:59

COVID-19: Россияда вирусга чалинганлар сонида янги рекорд; Эронда масжидлар очилади


COVID-19 қурбонлари хотирасига гул қўяётган йўловчи, 1 май, 2020, Москва
COVID-19 қурбонлари хотирасига гул қўяётган йўловчи, 1 май, 2020, Москва

3 майда Россияда 10 600 дан ошиқ коронавирус юқтирганлик ҳолати қайд этилди. Тиббий текширувдан ўтказиш қамрови кенгайиши ортидан яна бир кунлик рекорд кўрсаткич юзага келди.

Ҳукумат вакилларига кўра, янги 10 минг 633 та вирус юқтирганлик ҳолатидан сўнг жами кўрсаткич 134 687 тага етган ва Россия бу билан жаҳонда 7-ўринга чиқиб кетган.

Бу иккинчи кунги рекорд кўрсаткичдир: 2 майда 9 минг 623 та шундай ҳолат қайд этилган эди.

Россия қайд этилган кунлик вирус юқтирганлик кўрсаткичи бўйича Европада биринчи ўринга чиқди. Аммо расмий ўлим ҳолатлари, Италия, Испания ва Америка Қўшма Штатлари билан солиштирганда, анча паст.

Сўнгги 24 соатда 58 киши ҳалок бўлди ва жами ўлганлар сони, расмий маълумотларга кўра, 1280 тага етди. 15 мингдан ошиқ киши касалликдан тузалди.

Инфекция юқтирганлар орасида бош вазир Михаил Мишустин ҳам бор, у 30 апрелда тиббий текширувдан ўтгандан сўнг коронавирус юқтиргани маълум бўлганини хабар қилган.

Айни пайтда ҳукумат танқидчилари ва мустақил мутахассислар Россияда коронавирусдан ўлаëтганлар сони бундан бир неча баравар кўплиги, кўплаб шахс «пневмониядан ўлди» деб қайд этилаëтганини айтмоқда.

Пойтахт Москва шаҳри мэри Сергей Собянин вирус юқтиришлар сони ҳали максимал даражага етмаганини, шу сабабдан карантин чоралари кучайтирилиши мумкинлигини айтди.

Айни дамда Москва турғунлари егулик ва дори-дармон харид қилгани, чиқинди ташлагани ёки итларини сайрга олиб чиқиш мақсадида кўчага чиқиши мумкин. Оммавий ёки хусусий транспорт воситаларидан фойдаланиш учун ҳукумат берадиган махсус рақамли код олиш лозим.

Россия президенти Владимир Путин вазият «оғир» эканлигини таъкидлади.

Шундай бўлса-да, коронавирусни назорат қилиш бўйича Москва штаби рақамлардаги ўсиш қисман синовлар кўлами ошгани учун қайд этилганини билдирди. Москва расмийларига кўра, бошида шаҳарда фақат битта тест маркази бўлган бўлса, ҳозирда улар сони 14 га етди.

Бу орада Яқин Шарқда коронавирус ўчоғига айланган Эронда президент Ҳасан Руҳоний 4 майдан бошлаб вирусга чалиниш хавфи оз бўлган ҳудудларда масжидлар очилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 132 туманда масжидлар очилади.

Президент Исломда хавфсизликка риоя қилиш шарт эканлигини, масжидларда ибодат қилиш эса фақатгина «тавсия» қилинишини айтиб, аҳолини ижтимоий масофа сақлашда давом этишга чорлади.

Руҳоний, шунингдек, ўқувчилар ёзги таътилдан олдин бир ой сабоқ олишига имкон бериш учун мактабларни 16 майдан очиш масаласи кўриб чиқилаётганини айтди.

Эронда бугунга қадар 96 440 нафар одам вирусга чалинди, уларнинг 6 150 дан ошиғи инфекция туфайли нобуд бўлди.

Эрон ва унинг ташқарисидаги мутахассислар Эрон ҳукумати тарқатаётган маълумотларни шубҳа остида олиб келади. Уларнинг айтишича, мамлакатда вирусга чалинганлар ҳамда нобуд бўлганлар сони аслида анча юқори.

Эронда пандемия туфайли олийгоҳ, кинотеатр, стадион ва бошқа жамоат жойлари ёпилган. Аммо Эрон расмийлари 11 апрелдан бошлаб мамлакат иқтисодини қадамма-қадам қайта оча бошлади.

Президент Руҳоний бундан буён ҳам карантин чоралари юмшатилиб борилишини айтди.

XS
SM
MD
LG