Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:19

COVID-19: Қизил ҳудуд бўлган Зарафшонда тест тизимлари етишмаяпти


Бир ярим ойдан буён қизил ҳудуд бўлиб қолаётган Зарафшонда, профилактика мақсадида COVID-19 га тест топширишни истовчилар мурожаатлари қабул қилинмаётир.

Озодликка маълум бўлишича, шаҳардаги шифохона ёки санитария-эпидемиологик хизмати касалликнинг кучли белгилари бўлмаса, аҳолидан тест учун таҳлил олмаётир.

Навоийда инфекциянинг энг катта ўчоғи бўлиб қолаётган Зарафшон шаҳар санитария хизматидан олинган маълумотга кўра, шу кунда иситма ва йўтал билан мурожаат қилувчилар сони ортган, барча истовчилардан таҳлил олиш учун тест тизимлари етишмаётир.

Озодлик мухбири гаплашган зарафшонликлар, касаллик 80 фоизга қадар ҳолларда симптомсиз кечаётгани, шу боис, соғлиги заиф яқинларига зарар етказмаслик учун таҳлил топшириш истагида эканини айтдилар.

Сўнгги 20 кун йўталдан азият чекаётгани ва таъм билмаётганини айтган зарафшонликка кўра, ўзида COVID-19 аломатлари борлигини айтиб, 103 рақамига қўнғироқ қилган.

Шаҳардаги давлат ташкилотларидан бирида ишлашини айтган бу зарафшонлик шахсига оид маълумотлар сир қолишини истади.

“103 рақами "Тез ёрдам" хизмати, улар фақат тана ҳарорати юқори бўлса, оғир симптомлар бўлсагина, келиб текширишяпти экан. Унақа енгил йўтал, таъм билмаслик бўлса, келишмаяпти экан. Авваллари +998795732627 рақамига қўнғироқ қилиб ҳам, текширтириш мумкин эди. Ҳозир телефон қилиб, бу рақамга умуман боғланиб бўлмаяпти”.

Озодлик мухбири бу зарафшонлик тилга олган рақамга иш куни давомида қайта ва қайта қўнғироқ қилди, аммо боғлана олмади.

Озодлик гаплашган яна бир неча зарафшонлик ҳам профилактика мақсадида коронавирусга тест топшириш истаги борлиги, аммо ҳозирча бунга муваффақ бўлмаганини билдирди.

Шаҳарда савдо дўкони бўлган бир тадбиркорга кўра, унга COVID-19 инфекциясини аниқлаш учун санитария-эпидемиологик хизматига мурожаат қилиши мумкинлигини айтишган.

“Олдин касалхонага қилдим, СЭСга (санитария-эпидемиологик хизматининг халқ тилида сақланиб қолган эски қисқартма номи - санитария-эпидемиология станцияси) телефон қилинг, дейишди. У ердагилар 103 рақамига телефон қилинг, дейишди. 103 эса иситма бўлмаса, оғир йўтал, ҳолсизликка ўхшаган 2-3 та белгилари бўлмаса, келмаймиз, дейишди. Касал кўп аслида, қайси бирингизга етишамиз, дейишди”, деди исми сир қолиши шарти билан гапирган тадбиркор.

Озодлик мухбири зарафшонликлар мурожаат қилган муассасаларга оддий мижоз тариқасида боғланиб кўрганида, шикоятларда тилга олинган жавобни олди.

Зарафшон шаҳридаги марказий шифохона профилактика чораси ўлароқ таҳлил топширишни истаган мижозни СЭСга йўллади, СЭС эса “Тез ёрдам” хизматига қўнғироқ қилишни тавсия қилди.

Хусусан, шаҳардаги санитария-эпидемиологик хизматларидан бирининг ўзини таништирмаган ходимидан олинган маълумотга кўра, ҳозир барча ресурслар касаллик аломатлари кучли кўринган ва вирусни юқтириб олиш эҳтимоли катта бўлганларга қаратилган.

“Тест тизимларимиз пулга сотиб олинган, биринчи галда иситмаси баланд бўлганларга ишлатиляпти. Аломатлари бўлмаганлар, агар ўзида коронавирус бор, деб гумон қилса вирусга қарши ва иммунитетни кучайтирадиган дориларни ичиб, 14 кун уйда ўтириши мумкин. Ҳозир Зарафшондаги аҳволни кўриб турибсиз, вирусга чалинганлар кўп, шифокорлар ҳам етишмаяпти ҳозир”, дея очиқ тан олди санитария хизматининг ўзини таништирмаган ходими, мижоз тариқасида боғланган мухбирга.

Зарафшон шаҳри жорий йилнинг 12 майидан буён қизил ҳудуд бўлиб қолмоқда. 29 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу шаҳарга Тошкентдан мутахассис ва шифокорлар гуруҳи йўлланганини хабар қилган.

8 июнда эса шаҳар четида қурилган 656 ўринлик карантин маркази иш бошлаган.

Зарафшон марказий шифохонасидан олинган маълумотга кўра, ҳозир коронавирусга чалинган беморлар ҳам шифохоналарга олинмай, тўғри карантин марказига жўнатилмоқда.

Бундан ташқари, иситма билан мурожаат қилганлар ҳам, "Тез ёрдам" шифокори вирус юқтирганини гумон қилса, карантин марказига йўлланмоқда:

“Ҳаммаси битта жойда. Ҳозир иситма қилган, қаттиқ йўтал бўлиб ётиб қолган, вирусга подозрение бўлганлар ҳаммаси тўғри ўша ерга жўнатиляпти”.

Исмини сир сақлаш шарти билан Озодликка гапирган зарафшонлик тадбиркор эса, бу тартибдан норози. Унинг айтишича, вирус учун таҳлил топширишдан бош мақсад - ёнидаги соғлиги заиф яқинларини эҳтиёт қилиш истагидир.

“Мен масалан, ўзимда коронавирус борми-йўқми, буни текширтиришни истардим. Менда енгил кечса ҳам, мендан бошқасига юқса, у одамни вафотига сабабчи бўлиб қолишдан қўрқаман, тўғриси. Лекин, 103 рақами температура билан тушган одамни карантин марказига олиб бориб ташлаяпти . У ердан аниқ касал бўлиб чиқасизда. Ундан кўра, бепулми-пулликми бир хизмат очишса, иситмаси бўлмаса ҳам бориб одамлар текширтиришса. Кўнгли хотиржам бўлса. Телевизорда айтишяптику ана, профилактика учун текширгани борса, вирус чиқяпти одамлардан. Шунақа хавфсиз профилактика текширувини Зарафшонда қилса бўлмайдими?! Қизил зона бўлса?!”.

Озодлик Зарафшон шаҳридан келаётган бу каби шикоят ва талабларга аниқ жавоб олиш учун 24 июнь куни шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармасига қайта ва қайта қўнғироқ қилди, аммо ҳозирча жавоб ололмади. Шаҳар ҳокимлигидан ҳам расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров бу борадаги саволларнинг ҳаммасига жавоб беришини айтди. Озодлик матбуот котибига саволларни йўллади, ҳозирча жавоб келмади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19 инфекциясига чалинган беморларнинг 70-80 фоизида касаллик кучли ташқи симптомларсиз ўтаётганини маълум қилган.

Бундан ташқари, сўнгги кунларда берилаётган расмий баёнотларда аҳоли орасидан аниқланаётган янги ҳолатлар профилактика тарзида таҳлил топширганлар орасидан қайд этилгани ҳам айтилган.

Шу боис, 24 июндан мамлакатдаги хусусий тиббиёт муассасаларида ҳам коронавирус учун ихтиёрий ва пулли асосда тест топширишга рухсат берилди. Шу куни Зарафшондаги шифохоналар ва санитария хизматларига боғланган Озодлик шаҳарда коронавирус учун пулли тест топшириш мумкин бўлган бирор маскан ҳақида маълумот ололмади.

21 июнь шаҳар ҳокимлиги Зарафшон ҳануз қизил ҳудуд бўлиб қолаётгани, аммо тез орада сариқ ҳудудга айлантирилиши кутилаётганини билдирган. Расмий баёнотда шаҳарда коронавирусга чалиниш ҳоллари сони ва кўламига оид маълумотлар берилмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, вирусологик лабораторияларда “Covid-19” инфекциясига бепул таҳлилдан ўтиш имконияти яратилган. Вазирлик 22 июнда ушбу вирусни аниқлаш учун 1 миллион 55 минг 472 та тест синови бепул ўтказилганини билдирди.

Айни пайтда, Covid-19” инфекциясини аниқлаш учун тест тизимлари етишмовчилиги дунёнинг аксар давлатлари, хусусан, вазият оғир бўлиб қолаётган АҚШ, Бразилия, Россия каби давлатларда ҳам кузатилмоқда. Аммо, Ўзбекистонда бундай тизимлар етишмаётгани расман эътироф этилгани ҳақида Озодликда бирор маълумот йўқ.

24 июнга келиб, вирус юқтирганлар сони дунёда 9 миллион 882 мингдан, ўлганлар сони эса 477 мингдан ошди.

Ўзбекистонда 24 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, инфекцияга чалинганлар сони 6847, тузалганлар 4 минг 588дан ошди, 19 бемор вафот этган.

XS
SM
MD
LG