Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:07

9 яшар қизалоқни чавақлаб ўлдирган қотилнинг ушланмагани асакаликларни қўрқитмоқда


21 июнь куни ўз уйида ëлғиз қолган пайтда чавақлаб ўлдирилган 9 яшар қизалоқ фожиаси Асакада пичоқ воситасида содир этилган биринчи даҳшатли қотиллик эмас. Бундан олти ой олдин айни маҳаллада она ва қизи чавақлаб ўлдирилган эди.
21 июнь куни ўз уйида ëлғиз қолган пайтда чавақлаб ўлдирилган 9 яшар қизалоқ фожиаси Асакада пичоқ воситасида содир этилган биринчи даҳшатли қотиллик эмас. Бундан олти ой олдин айни маҳаллада она ва қизи чавақлаб ўлдирилган эди.

21 июнь куни Андижон вилояти Асака тумани Кужган МФЙ Мўдай маҳалласида кундуз пайти содир бўлган даҳшатли қотиллик ортидан¸ Озодлик гаплашган асакаликлар таъкидича¸ туманда сезиларли қўрқув ҳукм сурмоқда.

Бу қотилликни қилган жиноятчининг ҳозирча очиқда қолаëтгани ортидан¸ ҳокимлик¸ ИИБ ва прокуратура раҳбарларининг ота-оналардан ўз фарзандини мутлақ ëлғиз қолдирмасликни талаб қилаëтгани¸ маҳалла фаоллари ва ўқитувчилар бундай талабни ҳар бир ота-онага етказишга масъул қилингани айтилмоқда.

Уйида ëлғиз қолган 9 яшар қизалоқ¸ Бош прокуратуранинг билдиришича¸ 21 июнь куни кечки соат 6 да қонга беланган ҳолатда топилган; “қизнинг кўкрак ва қорнига кесувчи-санчувчи жисмлар орқали 16 та тан жароҳати етказилган”.

Фожиа тафсилотларига яқин маҳалла фаоллари ва ИИБ мулозимларининг Озодликка 24 июнь куни билдиришича¸ ўтказилган суд-тиббий экспертиза қизалоқнинг зўрланганини ҳам кўрсатган.

Қотилнинг ҳозирча ушланмаганини тасдиқлаган Асака ИИБ ва прокуратураси ходимлари¸ қизалоқнинг зўрлангани ва қотилликда гумонланаëтган шахслар ҳақидаги саволларга “тергов сири” деган асосда жавоб беришни истамади.

Қотиллик тафсилотлари

Андижон вилояти Асака тумани Мўдай маҳалласида бўлган даҳшатли қотиллик тафсилотларини ўрганиш давомида Озодлик ушбу маҳалла фаоллари¸ туман ва вилоят ИИБ ҳамда прокуратура ходимлари билан гаплашди.

Бу қотилликдан кўпчилик ҳамон ўзига кела олмаëтганини айтган фожиа содир бўлган оила қўшниларидан бири¸ воқеанинг айрим тафсилотларига ойдинлик киритди.

Воқеа 21 июнь куни 4 билан 6 лар орасида бўлган. Қизнинг отаси ишда бўлган¸ 2008 йили туғилган акаси қўй ҳайдаб далага чиқиб кетган. Аяси қўшниникига чиқиб¸ 1¸5 соатча уйига кирмаган¸ қаердан билсин бунақа бўлишини. Қизча уйда ëлғиз қолган. Ўша куни учта уйча нарида таъзия ҳам бўлди. Қотиллик шу орада бўлган”.

Фарзанди ўз уйида ўлдириб кетилган оилани таниганлар қизнинг аввалроқ ИИБда ишлаган отаси ҳозирда Миллий гвардия ходими экани¸ 40 яшар ота ва 32 яшар онанинг қотиллик ортидан “ниҳоятда кучли шок ҳолати”да экани¸ деярли ҳеч ким билан гаплашмаëтганини билдирди.

Озодлик билан шахси сир қолишини сўраб гаплашган терговга яқин мулозим қотиллик тафсилотлари муҳокама қилинган аудиоëзувни тақдим қилди. Унда жиноятчини қидиришга масъул мулозимнинг суд-тиббий экспертиза хулосаси 9 яшар қизалоқнинг 17 жойига пичоқ санчиб ўлдирилишдан олдин¸ зўрланганини кўрсатганини айтади.

(Аудиони тақдим қилган мулозим сўровига мувофиқ¸ бу аудиоëзув эълон қилинмаëтир – таҳр.)

Бу факт. Аммо буни¸ албатта¸ очиқлашмайди ҳозирча”¸ деди терговга яқин мулозим.

Озодлик боғланган Асака туман ИИБ ва прокуратура расмийлари бу маълумотни на тасдиқлади ва на инкор қилди.

“Бу ишни вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятлар бўйича терговчилари ўрганяпти. Сизга қизнинг зўрланган-зўрланмагани¸ нечта одам¸ кимларнинг гумонланаëтгани ҳақида маълумот бера олмайман. Биринчидан¸ бу тергов сири¸ иккинчидан¸ иш бизда эмас”¸ деди Асака туман прокуратурасининг Озодлик боғланган расмийси.

Қотиллик версиялари

21 июнь кунги қотиллик ҳақида Бош прокуратура берган қисқа маълумотда¸ “ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида мурда ётган хонада буюмларнинг жойлашиш тартиби бузилганлиги, кийиниш столи (трюмо) тортмасида бўлган 1,5 млн. сўм пул йўқолганлиги аниқланган”¸ дейилган.

Бундан эса¸ жиноятнинг дастлабки версияси сифатида ўғрилик кўрилаëтгани англашилади.

Озодлик гаплашган мўдайликлар¸ бу версияга ишонмасликлари¸ қизалоқнинг “олдиндан пухта тайëрланган қотиллик қурбони” бўлгани эҳтимоли кучлилигини билдирди.

Гўë кимдир ўғриликка тушгану¸ қизча ўғрини кўриб қолганидан кейин¸ уни ўлдирган¸ деган гапга биров ишонмаяпти. Ўғри ўзини тасодифан кўриб қолган болани бу қадар ваҳшийларча¸ бўлиб ҳам¸ 16-17 жойига пичоқ уриб ўлдирмайдида! Қизнинг отаси олдин мелисада ишлаган¸ душманлари бўлганда. Ким қилган бўлсаям¸ уйни яхшилаб пойлаган¸ кимлар яшашини олдиндан яхши билган. Аяси чиқиб кетгандан кейин кирган. Чалғитиш учун тортмадаги пулниям олгандир¸ лекин ким қилган бўлсаям¸ қасддан ўлдиришга кирган¸ деб ишоняпмиз”¸ дейди қўшнилардан бири.

Кужган МФЙ фаолларидан бири ҳам Озодлик билан суҳбатда шу версияга ишонч кучлилигини айта туриб¸ ўз ҳудудининг ниҳоятда оғир жойлигини таъкидлади.

Кужганда олтита катта кўча бор¸ қарийб 11 минг одам яшайди. 1700 та ҳовли¸ 3200 оила қарайди бизга. Шунча катта жойга участковойни қўшганда¸ 5 та одам қарайди. Маҳалламиз оғир жой¸ ўғримиз ҳам¸ қотилимиз ҳам¸ ўз жонига қасд қилаëтганларимиз ҳам етарли. Шу воқеа бўлгандан бери кечаю кундуз ҳамма ишлаяпти. Болани қасддан ўлдирган¸ деган версияниям кўришяпти. Ота-онаси ҳалигача гаплашадиган аҳволда эмас. Вилоят УВД¸ прокуратураси¸ Миллий гвардия¸ ҳамма шу ерда. Маҳалла биносида ëтиб қолиб ишлашяпти. Лекин ҳозирча қотил ушланмади. Бундан ҳаммамиз қўрқувдамиз”¸ дейди Кужган МФЙ фаолларидан бири.

Қидирув

Озодлик гаплашган мўдайликларнинг айтишича¸ 21 июндан бери ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари қотиллик содир бўлган Мўдай кўчаси ва унга туташ кўчалардаги ҳар бир ҳовлига кириб¸ “хатлов” қилмоқда.

Ҳар бир уйда ким яшаши¸ қотиллик бўлган куни ва соатларда ким¸ қаерда бўлгани биттама битта сўроқ қилиниб¸ ëзиб олинаяпти. Қотилнинг шу ҳудудда яшаши¸ ëки шу ерда яшайдиганлар билан шерикчиликда бу ишни қилгани тахмин қилиняпти”¸ деди бу хатловга алоқадор фаоллардан бири.

Асакадаги қотиллик бўйича бораëтган қидирув жараëнидан хабардор мулозим маҳалладаги кузатув камераларининг диққат билан ўрганилаëтгани билдирди.

Қотиллик бўлган кўчага кираверишда камера бўлган. Шу камерада қотиллик содир этилган вақтга яқин маҳаллада пайдо бўлган нотаниш велосипедчи акс этган. Тергов ҳозир шу одамни излаяпти. Албатта¸ маҳалладаги олдин қамалганлар биттама битта сўроқ қилиняпти. Лекин эҳтимолий қотилга оид конкрет из йўқ¸ ҳозирча”.

Озодликда Мўдай маҳалласи камерасига қотиллик рўй берган куни тушиб қолган шахс сурати бор¸ аммо айбсизлик презумпцияси боис бу суратни эълон қилмаëтир.

“ИИБ ўз ишини қилганда¸ бу қотиллик олди олинган бўларди!”

Озодлик билан бир-биридан мустақил гаплашган Асака туман ҳуқуқ тизими мулозимлари ва қотиллик рўй берган оила маҳалладошлари бу хонадонда олдин ҳам ўғрилик бўлгани¸ аммо ИИБ бу борада бирор иш қилмаганини билдирди.

Олдин хам ўғрилик бўлган¸ уйидан бир неча минг доллар пулини опчиқиб кетишган. Уй эгаси ариза қилганда¸ ЖТСБ ходими¸ “ топилади ука¸ ариза қилмай қўяқол¸ ўзинг мелисадан чиққан бола экансанку”¸ деб чиқариб юборган. Агар бошлиқлар жиноятчиликни камайтириш учун ўғрилик ва бошқа майда деб кўриладиган жиноятларни рўйхатга олишни тақиқламаганда¸ балки бунақа даҳшат бўлмасмиди! Агар ўғрилик версияси рост бўлса¸ қотилликниям бу уйни билган айни одам қилган бўлиши мумкин. Майда жиноятчиликни яширган сайин¸ катталари кўпайиб¸ оғирлашиб боряпти”¸ деди Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан гаплашган ИИБ мулозими.

Озодлик гаплашган мўдайликларга кўра¸ 9 яшар қизалоқнинг ўз уйида чавақлаб кетилиши кейинги ойлар ичида Кужган МФЙ да содир этилган биринчи даҳшатли жиноят эмас.

Ўтган йилнинг 16 декабрь куни 50 яшар хотини ва 19 яшар қизини чавақлаб ўлдирган шахс ҳам¸ Бош прокуратуранинг маҳаллий матбуотга билдиришича¸ айни шу МФЙда яшаган.

Агар мелиса ўзининг функционал вазифасини бажарганда эди¸ бу каби оғир жиноятлар олди олинган бўларди. ИИВ жамоат тартибини сақлаш¸ жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятчиларни ушлаш билан шуғулланиши керак. Бунинг ўрнига у ҳокимнинг хизматкорига айлантирилган. Асакага келсангиз¸ ИИБ начальнигини ишхонадан тополмайсиз. Қачон сўрасангиз¸ ҳоким билан буғдой даласида¸ қурилиш ҳудудида¸ яна аллақайси ўз хизмат ваколатига кирмайдиган ишларда юради. Кужган МФЙда 10 мингдан ошиқ аҳоли учун битта участка нозири қўйилган¸ у ҳам ўз иши билан шуғуллана олмайди¸ ҳокимлик югурдак қилиб олган. Битта қотиллик ортида аслида системанинг бузуқлиги турибди”¸ деди ИИВ тизими мулозими Озодлик билан суҳбатда.

Ўқитувчилар уйма-уй юриб¸ ота-оналарни огоҳлантиришга чиқарилди

Асакадаги 9 яшар қизнинг қотили ҳозирча очиқда қолар экан¸ туман ҳокимлиги ва ҳуқуқ идоралари маориф тизими ходимларини ота-оналар билан ишлаш учун уйма-уй юришга чиқарган.

Озодликка юборилган аудиоëзувда¸ Асака туманларидан бирининг ўқитувчиси Телерамдаги ота-оналар гуруҳига шундай мурожаат қилади:

Бизга шунақа топшириқ бўляпти¸ ҳар битта группага болаларига лаëқатсиз бўлмаган ҳолатда ¸ қўни -қўшниникига болани ўзини ташлаб чиқиб кетмасдан ¸ болани қаровсиз қолдирмасликни тайинлаб чиқинг ,ҳар бирингиз ҳар битта ота-онанинг кўзига қараб¸ дейиляпти. Шу нарсани ота оналарга қандай қилиб бўлса ҳам етказасанлар¸ота-оналар фарзандига масъулиятини оширсин¸ дейишди. Шунинг учун сизлардан ҳам илтимос¸ ҳам талаб¸ аввало ўз фарзандларингизга эътиборни кучайтиринглар. Бунақа фарзанд доғини ҳеч кимга раво кўрмасин. Ўзингиз хулоса чиқариб¸ шунга қараб иш тутинглар. Ҳали бу бўйича анча катта топшириқлар бўлиши кутиляпти".

XS
SM
MD
LG