Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:31

Қирғизистоннинг собиқ муфтийси пневмониядан вафот этди


Чубак ҳожи Жалилов.
Чубак ҳожи Жалилов.

Қирғизистоннинг собиқ муфтийси, таниқли олим Чубак ҳожи Жалилов 11 июлга ўтар кечаси касалхонада оламдан ўтди. У эндигина 45 ёшга кирган эди.

Бишкекдаги Миллий госпиталь ходимлари Озодликнинг қирғиз хизматига Ч. Жалилов касалхонага 10 июль оқшомида оғир аҳволда олиб келинганини маълум қилганлар. Беморни қабул қилган врач сўзларига кўра, у ўзини кислород концентраторига улаб қўйишни илтимос қилган. Беморга кислород берилганига қарамай, бир соатдан кейин жон таслим қилган.

Чубак ҳожи Жалиловга икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. 10 июлгача у уйида даволаниб юрган.

Чубак ҳожи Жалилов 1975 йил 21 январида Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон тумани Бай-Мундуз қишлоғида туғилган. 1996 йили у Қирғизистондаги Ислом университетини тамомлаган. Шундан сўнг у уч йил мобайнида Юсуф Хос Ҳожиб номидаги Қирғизистон миллий университетида араб тилидан дарс берган.

Ч. Жалилов 2000 йилдан 2006 йилгача Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги “Уммул-Қуро” халқаро университетида таҳсил олган. 2010 йилдан 2012 йилгача у Қирғизистон мусулмонлар диний бошқармасига раҳбарлик қилган.

Чубак ҳожи Жалилов қирғиз мусулмонлари орасида энг таъсири кучли диний арбоблардан бири бўлиб ҳисобланарди. У “Аҳли сунна вал-жамоа”нинг Ҳанафия мазҳабига мансублигини бот-бот такрорлаб турар, фатволарини ҳам ҳанафийликнинг Мотуридия таълимотига мувофиқ равишда чиқариб келарди.

Ч. Жалилов ўзбекистонлик уламолар билан ҳам тиғиз алоқада бўлган. Ўзбек мусулмонлари унинг минтақа миқёсидаги йирик олим, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф тўғрисидаги мақтовли сўзлари, 1995 йилда Тошкент аэропортидан ўғирлаб кетилган андижонлик Абдували қори Мирзаев ҳақидаги танқидий мулоҳазалари орқали яхши танийдилар.

XS
SM
MD
LG