Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:03

Коронавирусга қарши дори тақчиллиги юзага келди, баъзи бор дорилар бир неча марта қимматлаб кетди


Ўзбекистон дорихоналарида бир ҳафтадирки, коронавирусга қарши дорилар тақчиллиги кузатилаётгани тўғрисида хабарлар кела бошлади.

Озодлик боғланган дорихоналарда вирусга қарши асосий дорилар йўқлиги маълум бўлди. Мавжуд айрим дорилар эса, эпидемиягача бўлган нархдан 3-4 баробар қимматга сотилмоқда.

Президент Мирзиёев ҳам дори етишмовчилиги муаммоси мавжудлигини тан олиб, дори воситаларининг уч ойлик захирасини яратишга топшириқ берди.

Озодлик мухбири 15 июль куни Тошкентнинг турли худудларида жойлашган ўндан зиёд дорихонага мижоз сифатида қўнғироқ қилиб, вирусга қарши дориларни сўради:

- Арбидол борми?

- Йўқ.

- Эргоферон борми?

- Йўқ, қолмаган.

- Лопинавир борми?

- Йўқ, тугади.

- Авиган борми?

- Йўқ.

- Гидроксихлорохин?

- У ҳам йўқ.

Covid-19 аниқланган беморларни даволашда ишлатилаётган ушбу дорилар қўнғироқ қилинган ўндан зиёд дорихонанинг бирортасида ҳам йўқ.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:42 0:00
Бевосита линк

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирусдан уйда даволаниш учун тавсия қилган Азитромицин, Плаквенил, Ремдесивир, Умифеновир, Фавипиравир дорилари ҳам Тошкент дорихоналарида етишмаяпти.

Шамоллашга қарши қўлланиладиган Парацетамол ҳам Озодлик боғланган Тошкент дорихоналарида йўқлиги маълум бўлди. Шунингдек, Аспирин дорисининг ҳам пойтахт дорихоналарида тақчиллиги кузатилмоқда.

Дорихона ходимлари ушбу дорилар етишмовчилиги кейинги бир ҳафта ичида кузатилаётгани ва қачон тақчилликка барҳам берилишидан бехабарлигини айтишди.

Дорилар тақчиллиги нафақат Тошкентда балки бутун мамлакат бўйлаб кузатилмоқда.

Озодлик мухбири Самарқанд, Гулистон, Термиз шаҳарларидаги бир нечта дорихоналар билан боғланиб, уларда ҳам тилга олинган дорилар тақчиллигини аниқлади.

Хabar.uz нашри “бугунги кунда вирусга қарши самарали восита ҳисобланган Эргоферон дориси Бухоро вилояти ҳудудларидаги дорихоналарининг бирортасида қолмагани” ҳақида ёзди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам вирусга қарши дорилар етишмовчилиги кескин танқид қилинмоқда.

Жумладан, Фейсбук тармоғидаги постлардан бирида Арбидол ва Эргоферон дориларининг тақчиллиги ва қимматлигидан шикоят қилинган.

Постдаги изоҳлардан маълум бўлишича, жорий йилнинг февраль ойида 30-35 минг сўм атрофида сотилган Арбидол бугунги кунда 502 минг сўмдан сотувга қўйилган.

Озодлик бу ҳақда Интернет орқали берилган эълондаги телефон рақамига қўнғироқ қилиб, боғлана олмади.

Дори тақчиллиги масаласини президент Шавкат Мирзиёев ҳам 14 июль кунги видеоселектор йиғилишида тилга олиб, дори воситаларининг уч ойлик захирасини яратишга топшириқ берди.

«Дори воситалари қимматлашса, одамларимизнинг норозилигига олиб келади. Ана шуни қаттиқ назоратга олиш керак. Яна бир марта айтаман: захирамизда ҳаммаси бор, нима йўқ бўлса — олиб келамиз. Шу билан бирга, жойларга етказиб бериш борасида қийинчиликлар юзага чиқмоқда. Ҳар бир ҳудудда нархлар фарқ қилади. Шунинг учун захира тайёрлаш ва нархларга эътибор қаратиш керак», деди Мирзиёев.

Озодлик Ўзбекистондаги дори-дармон ишлаб чиқарилиши учун масъул ҳисобланган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига боғланди.

Агентлик матбуот котиби Қизлархон Хўжаева дори тақчиллиги билан боғлиқ вазиятга оид 16 июль куни махсус брифинг ўтказиш режалангани ва аҳолини қизиқтирган саволларга шу брифингда жавоб берилишини билдирди..

XS
SM
MD
LG