Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:20

Россиядан депортация қилинган ўзбекистонлик блогер Чирчиқ карантин зонасига жойлаштирилди (АУДИО)


Элдор Эркин 1 йилдан ортиқ вақт Россия ҳибсхоналарида сақланди
Элдор Эркин 1 йилдан ортиқ вақт Россия ҳибсхоналарида сақланди

Москва тергов изолятори ва Сахарово депортация марказида 1 йилдан ортиқ вақтдан буён ушлаб турилган ўзбекистонлик блогер ва жамоатчилик фаоли Элдор Эркин (Элдор Ғаниев) 22 июль куни Москвадан Тошкентга депортация қилинди.

Ўзбекистонга олиб кетилганидан бир кун ўтиб Озодлик билан алоқага чиққан Элдор Эркин ҳозирда Чирчиқ карантин зонасида эканини маълум қилди.

"Мусаев и партнёри" контораси адвокати Кирилл Жаренов фикрича, Элдор Эркиннинг Ўзбекистонга чиқариб юборилиши ноқонунийдир.

Элдор Эркин ушлаб турилган Сахарово депортация маркази мулозими воқеани изоҳлашдан бош тортди.

22 июль куни “Ватандош” ўзбеклар жамияти раҳбари Усмон Баратов жамият телеканали бошловчиси Элдор Эркин юзниқобли ОМОН жангчилари томонидан Домодедово аэропортига олиб келингани ва соат 17:30 атрофида “Урал авиалиниялари”га қарашли самолётда Ўзбекистонга учирилганини хабар қилди.

Бу ҳодисани "одам ўғирлаш" дея баҳолаган Усмон Баратов сўзларича, у Элдор Эркин билан Тошкентга учирилишидан бир неча дақиқа олдин телефон орқали суҳбатлашишга улгурган.

- Бугун эрталаб у ётган Сахарово депортация лагеридаги камерага маскадаги ОМОНчилар кириб келган ва ҳатто сумка, кийимларини олишга рухсат бермасдан, телефонини тортиб олиб, Домодедовога олиб келишган. Домодедовода у жанжал қилмоқчи бўлганида қўриқчилардан бири унга электрошокер қўллаш ва “Тошкентгача ухлатиб қўйиш” билан таҳдид қилган. “Урал авиалиниялари” самолётида соат 17:30ларда жўнатилди.

Биз билмаймиз ким конкретно уни олиб кетганини, лекин нима бўлганда ҳам унинг апелляция суди бор эди, Страсбург суди уни бериб юбормаслик тўғрисида Россияни огоҳлантирган, Россиядаги қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари унинг ҳимояси билан шуғулланиб келган, - деди Усмон Баратов.

23 июль куни Озодлик Элдор Эркиннинг ўзи билан алоқага чиқиб, унинг Тошкентга олиб келинганини ва ҳозирда карантин зонасида эканини билди.

Элдор Эркин Россия ҳукумати уни Ўзбекистон махсус хизматлари талаби билан депортация қилиб юборганини иддао қилди:

- Ҳозир мен Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 14 кунлик карантиндаман. Маҳаллий вақт билан соат 12 ларда етиб келдик Тошкент аэропортига ва 2-3 соат ичида шу ерга олиб келишди. Мендан ташқари қидирувда юрган яна 4 одам ҳам олиб келинди.

Суҳбатдошнинг фикрича, уни ноқонуний депортация қилишган:

- Мен ҳеч қанақа қидирувда эмасман аслида - буларни компьютеридан ўчирилмаган экан! Сахарово маркази бошлиғи Лагода 2 апрель куни “Сен билан айниқса Ўзбекистон махсус хизматлари қизиқяпти. Мен шундай қиламанки, сен ўзинг ариза ёзиб кетасан”, деганди. Ва ниҳоят мақсадига эришди. Бу адолатсизлик, чунки менинг судларим бўлиб турганди! Мен кассация судидан кейин Москвага чиқиб кетишим мумкин эди. Мен бекорга 13 ой ўтирдим! Россияда “инсон ҳуқуқлари” деган нарса йўқ экан.

Жамоатчилик фаоли Ўзбекистонга ноқонуний тарзда бериб юборгани учун Россия ҳукумати устидан халқаро судларга мурожаат қилмоқчилигини билдирди Озодлик билан суҳбатда.

Э.Эркин: Россияда “инсон ҳуқуқлари” деган нарса йўқ экан!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:01 0:00
Бевосита линк

Элдор Эркиннинг ҳимоячиси, "Мусаев и партнёри" контораси адвокати Кирилл Жаренов фикрича, Элдор ноқонуний тарзда Ўзбекистонга чиқариб юборилган. Жаренов Озодликка бундай деди:

- Биринчидан, унга бир неча кун олдин Россияда қочқинлик беришга рад жавоби берилган бўлсада, қарор кучга киришга улгурмаганди; иккинчидан, Элдор Эркин Россия Бош прокуратурасининг экстрадиция қилмаслик тўғрисидаги қарори борлигига қарамасдан, Дорогомилово суди қарори билан мамлакатдан “миграция қонунларини бузганликда” айбланиб бадарға қилинди; учинчидан, Мосгорсуднинг мамлакатдан уни чиқариб юбориш тўғрисидаги қарори кассация инстанциясида бекор қилинган эди ва бу масала юзасидан яна маҳкама бўлиши керак эди.

Адвокат ўзбекистонлик қочқиннинг бадарға қилиниши тўғрисида унга ҳеч қандай хабар берилмагани ҳам ноқонуний эканига эътибор қаратди.

У 22 июль куни Россия Суд ижрочилари федерал хизматига (ФССП) мурожаат қилиб жавоб ололмагани, Москва ФССП бошқармасидан эса Элдор Эркиннинг Ўзбекистонга чиқариб юборилиши “қонуний” деган жавобни олганини айтди.

Озодликнинг Сахарово СУВСИгига мурожаатига жавобан навбатчи офицер депортация ишлари билан суд ижрочилари хизмати шуғулланишини маълум қилиш билан чекланди.

Элдор Эркин тахаллуси билан танилган 50 яшар фарғоналик Элдор Ғаниев Ўзбекистон ИИВ томонидан “фирибгарлик” ва “пора берганлик”да айбланиб¸ халқаро қидирувга берилгани айтилган эди.

Элдор Эркин 2019 йилнинг 18 июнида Москвада қўлга олинган ва ўша вақтдан бери аввал Москва тергов изоляторида, кейин Сахарово депортация марказида сақланиб келган.

“Ватандош” Интернет телеканалида бошловчи бўлган Элдор Эркин ўзини "Каримов режимининг ашаддий танқидчиларидан бири" экани, Ўзбекистон расмийлари, жумладан ўзбек элчихонаси фаолиятини жиддий танқид қилгани учун босимга учраганини иддао қилиб келган.

2019 йилнинг декабрида Россия Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга бериш сўровини рад қилган эди.

2020 йилнинг 30 январь куни блогер Элдор Эркиннинг шикоят аризасини кўриб чиққан Москва шаҳар суди қуйи инстанция судининг уни депортация марказида қолдириш қарорини кучда қолдиргани тўғрисида Озодлик хабар берганди.

XS
SM
MD
LG