Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:09

Ўликхона олдида навбатлар: Яқинлари жасадини олиш учун одамлар кунлаб кутмоқда


Ўзбекистон Республикаси патологик анатомия маркази, Тошкент. 23 июль, 2020 йил.
Ўзбекистон Республикаси патологик анатомия маркази, Тошкент. 23 июль, 2020 йил.

Тошкентдаги Республика патологик анатомия маркази олдида одамлар коронавирусдан ўлган яқинлари жасадларни олиш учун кунлаб навбат кутаётганликларини айтишмоқда.

Озодликка юборилган суратларда коронавирус карантинига қарамай, марҳум яқинларининг жасадларини олишга уринаётган ўнлаб кишининг ўликхона олдида навбатда турганини кўриш мумкин.

Озодлик билан суҳбатда бўлган пойтахтликлар ўликхона олдида бундай манзарани авваллари кузатмаганликларини айтишади.

Республика патологик анатомия маркази ходимлари эса коронавирус пандемияси сабаб янги қоидалар асосида ишлаётганликлари, жасадларни дезинфекциялаш вақт олишини айтиб, одамларни бино қаршисида тўпланмасликка чақирмоқда. Марказ ходими моргдаги ўликлар сони ҳақида Озодликка маълумот бермади.

Озодлик мухбири билан суҳбатда бўлган пойтахтликлар коронавирусдан ўлган яқинлари жасадларини моргдан олиш кечикаётгани, карантин қоидаларига зид бўлса ҳам, ўликхоналар қаршисида кунлаб кутишга мажбур бўлаётганликларини айтишди.

- Тоғамиз ўтиб қолувди, бермаяпти, карантинда ҳаммани ўликхона олдида йиғиб ўтиришибди. Солдатлар турибди, ичкарига ўтказмайди. Ҳар куни ўттизтача одам туради, жанжал, ур-тўполон, - деди исми айтилишини истамаган пойтахтликлардан бири.

Тошкентнинг Қорақамиш мавзесида яшовчи Оматулла ака (исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилди) коронавирусдан оламдан ўтган 68 ёшли онасининг жасадини морг олдида икки кун кутганидан сўнг олганини айтади.

- Икки кун деганда кеча олдик ва тўғри Қорақамишдаги Саид Ота қабристонига қўйдик. Селафан қопга ўраб беришди, очмайсизлар, мусулмончиликка кўра ювилган, тўғри қабристонга кўмасизлар дейишганди. Уч-тўрт қариндош, маҳалладан бир одам бориб қўйиб келдик, - дейди Оматулла ака.

Озодлик билан суҳбатда бўлган пойтахтлик ҳайдовчи ўликхона олдида навбатларни авваллари кузатмаганини айтади.

- Шу ердан кўп ўтаман, сўнгги кунларда одамларни жуда кўп кўряпман. Илгари морг олдида бунча кўп одам тўпланиб турганини кўрмаганман, - дейди ҳайдовчи.

Ўликхоналар қизил зона деб эълон қилинган.
Ўликхоналар қизил зона деб эълон қилинган.

Ўликхона ходимлари эса коронавирус пандемияси сабаб янги қоидаларга мувофиқ ишлаётганликларини айтиб, одамларни бино қаршисида тўпланмасликка чақирмоқда.

Уларга кўра, Ўзбекистондаги ўликхоналарнинг барчаси "қизил зона" деб эълон қилинган.

Тошкентдаги Республика патологик анатомия маркази ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда жасадларни дезинфекция қилиш ва дафнга тайёрлаш ишлари вақт талаб этиши боис уларни яқинларига бериш чўзилаётганини тасдиқлади.

- Вирус одам ўлгандан кейин ҳам танасида бир муддат сақланиб туради, шунинг учун махсус дорилар билан дезинфекцияланяпти. Бу жараён бир-икки кун вақт олади. Мақсадимиз касаллик бошқаларга юқишига йўл қўймаслик. Ҳамма жойда, бошқа мамлакатларда ҳам шу қоида асосида бўляпти. Яқинларидан илтимос қиляпмиз, сабрли бўлишсин, ўзларини эхтиёт қилишсин,- дейди Тошкентдаги Республика патологик анатомия марказининг исми очиқланишини истамаган ходими.

Марказ ходими моргдаги ўликлар сони ҳақида Озодликка маълумот бермади.

Тошкентдаги ўликхона қаршисида навбатда турганлардан бири эса 23 июль куни елим халтага солинган камида тўртта жасад қариндошларига берилганини кўрганини айтди.

Айни пайтда марҳум билан видолашмоқчи бўлганлар сони ҳам чекланган.

- Касалхонани ўзида айтишяпти, моргга олишдан олдин видолашиб олинглар, деяпти. Моргдан дезинфекциялаб тўғри кўмишга беришяпти. Дафн пайти тўрттадан кўп одам бўлмасин, дейиляпти, - дейди тошкентлик Оматулла ака.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳам дафн маросимларида кўп одам тўпланмасликка чақирган.

Идора расмий сайтида эълон қилинган фатвода коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этишда соҳа мутахассислари тасдиқлаган қоидаларга амал қилиш кераклиги айтилган.

"Маййитни ювиш, кафанлаш ва дафн маросими санитар ходимлар ёрдамида шариатга мувофиқ адо қилинмоқда. Ушбу амалларни бажаришда маййитнинг яқинлари иштирок этаётгани йўқ. Марҳумнинг яқин қариндошлари фақат жаноза ўқишда қатнашмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўзаро маслаҳат асосида, карантин ҳолатида маййитни имкон қадар шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга ҳаракат қилинади", - дейилган Ўзбекистон Мусулмонлар идораси фатвосида.

Бошқа давлатларда ҳам коронавирусдан ўлганлар моргларда махсус дезинфекцияланиб, кейин кремация қилинади ва ёпиқ тобутларда яқинларига берилади.

Расмий рақамларга қаралса, Ўзбекистонда 24 июлга келиб, қоронавирусдан ўлганлар сони юздан зиёд эканини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 23 июль куни коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан 4 нафари вафот этган.

Оламдан ўтганларнинг уч нафари Тошкент шаҳридан, яна бири Қарши шаҳридан бўлган.

Айни пайтда мамлакатда коронавирус билан боғлиқ ҳақиқий рақамлар расмий рақамлардагидан кўра кўп эканига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Шу ой бошида Озодлик Навоий вилоятида коронавирусга чалинган ва ўлганлар сони расмий статистикада акс этмай қолаётгани ҳақда ёзганди.

Ўзбекистондаги маҳаллий нашрлар ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус тарқалиши юзасидан тақдим этаётган кундалик статистикага нисбатан аҳоли ишончи сўниб бораётгани ҳақда ёзмоқда.

Жумладан Kun.uz мухбири Аброр Зоҳидов 23 июл кунги мақоласида: "ўлим сонлари ошаётганини кузатиб турган аҳоли ўзи эшитган кўрган ҳодисаларга кўпроқ ишонади”, деб ёзади.

Зоҳидов ўз мақоласида Ўзбекистонда гўрковларга ҳам талаб кучайганини ёзган.

Ҳозирги вазиятда ана шундай беморлар вафот этса, шифохоналарнинг катта-кичик ходимлари норасмий равишда уларни дафн қилишга (яъни майитни ўраш, олиб бориш, қабристонга олиб кириш...) жалб қилиняпти. Бу амалиётга чек қўйиш керак. Вақтинча бўлса-да, ҳеч бўлмаса Тошкент ва йирик шаҳарларда махсус гўрковлар гуруҳлари ташкил қилиш ҳамда улар учун қўлланма яратиш керак", - деб ёзди Kun.uz мухбири.

XS
SM
MD
LG