Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси Ҳўрмуз бўғозида ўтказилган ҳарбий машқлар давомида ерости учириш қурилмасидан баллистик ракета отди. Бу воқеадан бир кун олдин корпус ҳарбийлари машқлар давомида вертолётдан ракета отган эди. Ҳар икки машқда гўёки Американинг учоқ ташувчи кемаси мўлжал бўлди.
Эрон давлат телеканалининг хабар беришича, дронлар ёрдамида ҳарбий кеманинг капитан кўпригига ҳужум қилинган. Аммо телеканал на ракета отилгани, на дронлар ҳужумлари акс этган тасвирларни эфирга узатди.
АҚШ армияси баллистик ракета отилиши ортидан Бирлашган Араб Амирликларидаги «Ал-Дафра» ҳаво базаси ҳамда Қатардаги «Ал-Удеид» ҳаво базасидаги Америка қўшинлари ҳарбий шайликка келтирилганини билдирди.
АҚШ армиясининг Қатардаги марказий қўмондонлиги матбуот котиби Бет Риордан:
- Ҳодиса бир неча дақиқага чўзилди. Таҳдид тугаганидан кейин, шайлик бекор қилинди, - деди.
Ҳар икки база Эрон синовларни ўтказган ҳудуддан бир неча юз километр масофада жойлашган.
2018 йилда Вашингтон Эрон ва дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувдан чиқди ва Эронга қарши иқтисодий санкцияларни қайта жорий қилди. Натижада Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар совиб кетди.
Жорий йилнинг январида Ислом инқилоби посбонлари корпусининг махсус бўлинмаси раҳбари Қосим Сулаймоний Бағдод шаҳрида АҚШ кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлган эди. Бунинг ортидан Теҳрон Ироқдаги Америка ҳарбий базаларига ракета отди, натижада АҚШ қўшинлари жароҳат олди.
Вашингтон, шунингдек, Теҳронга қурол-аслаҳа сотишни ман этувчи БМТ резолюциясини узайтиришга чорлаб келади. Резолюция жорий йилнинг октябрида ўз кучини йўқотади.
Ўтган ҳафтада Сурия устида Эрон йўловчи учоғига Америка қирувчи учоғи яқинлашиши ортидан икки давлат ўртасидаги зиддият янада кескинлашди.
28 июль куни Эрон телеканаллари эфирга узатган кадрларда вертолётдан отилган ракета сохта ҳарбий кемага бориб урилганини кўриш мумкин.
«Пайғамбари азам» номи билан ўтказилаётган машқлар акс этган бошқа бир видеода тезкор қайиқлар реплика кемани ўраб олганини, десантлар унинг палубасига чиқаётганини кўриш мумкин.
Шунингдек, ҳаво ҳужумига қарши батарея ўқ узаётгани акс этган кадрлар ҳам кўрсатилди. Эрон телевидениесига кўра, ҳаво ҳужумига қарши батарея Бандар-Аббос шаҳри яқинидан ракета отган.
Машқлар давомида ҳарбий юк машиналари бортидан ҳамда кўчма ракета комплексларидан ҳам ўқ узилди.
АҚШ ҳарбий-денгиз флоти Эрон ўтказган машқларни қоралаб, уларни «қўрқитиш уриниши» деб атади.