Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:36

Беларусда Лукашенкога қарши намойишлар уч кундан бери тўхтамаяпти


12 август куни Беларусда хотин-қизларнинг "Бирдамлик занжири" акцияси ҳам бўлиб ўтди.
12 август куни Беларусда хотин-қизларнинг "Бирдамлик занжири" акцияси ҳам бўлиб ўтди.

Беларусь пойтахти Минск шаҳрида 12 августга ўтар кечаси ҳам Александр Лукашенконинг президентлик сайловида ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан бошланган намойишлар давом этди.

Полиция норозиларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни қўллади.

Озодликнинг Беларусь хизмати расмийлар де факто комендант соатини жорий қилганини билдирди. Полиция кўчага чиққан одамларни қўлга олди, шаҳарда оммавий транспорт ҳаракати чекланди. 12 августга ўтар кечаси ҳам полиция норозиларни ҳамда намойишини ёритаётган журналистларни калтаклади.

Хавфсизлик хизмати ходимлари марказий майдонлар ва ҳукумат бинолари олдида аҳоли тўпланишига йўл қўймасликка уринди. Пушкин метро станциясида бир неча одам қўлга олинди. Айни шу станция яқинида 10 август куни бир нафар намойишчи ўлган эди.

Мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Намойишлар учинчи кунининг аввалгиларидан анча фарқ қилгани кузатилди. 10 ва 11 август кунлари норозиларнинг асосий қисми майдонларга йиғилган бўлса, 12 августга ўтар кечаси ёшлар бир неча ўн кишилик гуруҳларга бирлашиб, шаҳар кўчаларида юриш қилдилар.

12 августгача 9 августда бошланиб кетган норозилик намойишларида қатнашган 5 мингдан ошиқ одам қўлга олинди, 200 дан ошиқ одам шифохонага ётқизилди.

11 август куни Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская Беларусни тарк этди ва айни пайтда Литвада қолмоқда.

10 август куни Тихановская Марказий сайлов комиссиясига овоз бериш натижаларидан норози эканини билдириш учун ариза топширгани борган ва кейин йўқолиб қолган эди. Унинг тарафдорлари матбуотга Тихановская Марказий сайлов комиссияси биносида мажбурий тарзда ушлаб турилганини маълум қилди.

11 август куни эса Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюс Тихановская ҳаёти хавф остида бўлгани учун мамлакатга киритилганини айтди.

11 август куни қамоқда қолаëтган Сергей Тихановскийнинг YouTube каналида Тихановскаянинг олдиндан тайёрланган матнни ўқиëтган видеоси пайдо бўлди. Видеода Тихановская Беларусни тарк этишга ўзи қарор қилганини айтади. Видеонинг Беларусь ёки Литвада ёзиб олингани ҳозирча номаълум.

«Мен жуда мушкул қарорга келдим. Бу қарорни ўзим қабул қилдим. Дўстларим, қариндошларим, сайлов кампанияси аъзолари, Сергей – уларнинг бирортаси гапига қулоқ солганим йўқ. Кўпчилик мени тушунишини, кўпчилик эса мени танқид қилишини, мендан нафратлана бошлашини биламан. Аммо биласизми, худо сақласин, мен дуч келган дилемма сизнинг бошингизга тушмасин», деди Тихановская видеода.

11 август куни унинг ҳамкори Мария Колесникова Тихановская видеони ёзишга мажбурланганини айтди. Колесникованинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот органларининг «юқори лавозимли» расмийлари Тихановскаяни адвокатсиз уч соат ушлаб туришган.

11 август куни эълон қилинган иккинчи видеода Тихановская Беларусь халқини «қонунни ҳурмат қилишга» чорлади.

«Қон тўкилишини ва зўравонликни истамайман. Сизларни полицияга қарши чиқмасликка чорлайман. Ҳаётингизни хавф остига қўймаслик учун майдонларга борманг. Ўзингизни ва яқинларингизни асранг», деди Тихановская иккинчи видеода.

Тихановская матбуот котиби Вольга Кавалькова Беларусь расмийлари 11 август куни Тихановскаяни мамлакатдан олиб чиқиб кетишганини айтди.

«Светлананинг бошқа иложи йўқ эди. Унинг эркин ва тирик қолиши муҳим. Сайлов кампанияси етакчиси Мария Мороз билан кетди. Светлана сайлов кампанияси аъзоларининг бир қисми Беларусда асир олинди», деди Кавалькова.

Тихановскаянинг турмуш ўртоғи, таниқли блогер Сергей Тихановский президентликка номзодлигини кўрсатиш истагини изҳор қилганидан кейин қамоққа олинган эди. Бунинг ортидан¸ ўқитувчилик қилиб келган 38 яшар Светлана Тихановская ўз номзодини кўрсатишга қарор қилди.

11 август куни Европа иттифоқи сайловларнинг на эркин, на адолатли ўтганини билдирди. Шунингдек, иттифоқ норозилик намойиши иштирокчиларига куч қўллаш, асоссиз ҳибслар ва сайлов натижаларини сохталаштириш учун масъул бўлган Беларусь ҳукумати вакилларига нисбатан санкциялар жорий этиши мумкинлигини билдирди.

АҚШ ҳам сайлов натижалари ва намойишчиларга қарши зўравонлик юзасидан хавотир изҳор қилди.

XS
SM
MD
LG